Андижон воқеаларига 17 йил тўлди
Бундан 17 йил муқаддам, 2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли воқеалар рўй берди. Расмий маълумотларда, ўша куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар вакили ўлдирилгани айтилади.
2005 йилнинг апрел-май ойларида жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида “Акромийлар” оқимига аъзо деб топилган 23 нафар шахс устидан суд жараёни давом этаётган бир пайтда яқинларининг тақдиридан хавотирдаги юзлаб андижонликлар кунини суд биноси қаршисида ўтказар эди.
Ўзбекистон телевидениеси томонидан эълон қилинган махсус кўрсатувда воқеалар хронологияси қуйидагича келтирилади:
“Террорчилар дастлаб 12 май соат 23:45 да Андижон шаҳридаги соқчи-патруль хизматига ҳужум қилишади. Соқчилик қилаётган 4 нафар милиция ходимини ўлдириб, қурол-яроғ омборини бузишади ва ўнлаб автоматлар, тўппонча, граната ва бошқа қуролларни қўлга киритишади. Орадан бир соат ўтгач, қуролларини кўпайтириб, сафларини кенгайтириб олган жиноятчилар тўдаси Республика Мудофаа вазирлигига қарашли 34-ҳарбий қисм ҳудудида пайдо бўлади. Бу ерда ҳам жиноятчилар томонидан 4-5 соқчи ўлдирилиб, кўплаб қурол-яроғлар ўғирланади.
Шундан сўнг жиноий тўда тезкорлик билан ЗИЛ-130 ва бир қатор енгил автомобилларда Андижон шаҳри яқинида жойлашган қамоқхона томон йўл оладилар. Қамоқхона эшигини ЗИЛ машинаси ёрдамида бузиб, ичкарига киришади. 600 га яқин маҳбусларни, шу жумладан, 23 нафар “Акромийлар” ҳамда шу турмада сақланаётган ўта хавфли рецидивистларни чиқариб юборишади”, дейилади кўрсатувда.
Маълум қилинишича, ўша пайтда ички ишлар вазири ҳисобланган Зокиржон Алматов биринчи президент Ислом Каримовга телефон қилиб, рўй берган ҳодисалар ҳамда вазият ҳақида ахборот беради. Ислом Каримов ўтирган самолёт 13 май куни соат 7:30 да Андижонга келиб қўнади. Мамлакат раҳбари зудлик билан штаб ташкил этади.
Ҳозирда ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга маслаҳатчилик қилаётган Зокиржон Алматов Kun.uz'га берган интервьюсида мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли фожиа бўлиб қолган Андижон воқеаларини шундай хотирлаганди.
“Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички ишлар вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғ олди?
Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500 дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб, унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?
Биз уларга чиқиб кетинглар, дедик. Адашмасам, милиция ва прокуратура ходимларидан 34 нафари ҳалок бўлганди. Тез ёрдам ходимлари отиб ташланган”, деган собиқ вазир.
Исёнчилар бирин-кетин маҳаллий маъмурий идоралар, хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси, Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги биносига ҳужум қилишади. Бу уч объектдан фақатгина вилоят ҳокимлиги биноси ишғол қилинади.
Расмийлар исёнчилар билан музокара олиб боришга ҳаракат қилингани, бироқ музокаралардан ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтишади. Тушдан сўнг эса қуролланган исёнчилар ва ҳарбийлар ўртасида отишма юзага келади.
Расмий ҳисоботларда ёзилишича, “террорчилик ҳаракати натижасида 187 киши ҳалок бўлган, шулардан 60 нафари тинч аҳоли вакиллари, уларнинг ичида икки нафар вояга етмаган бола ва бир аёл бор эди”.
Бироқ ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган, фожиада яқинларини йўқотганлар қурбонлар ва жароҳатланганларнинг сони расмий маълумотлардагидан анча кўп бўлганини айтишади.
Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Ислом Каримов тинч аҳолини ўққа тутиш ҳақида ҳеч қандай топшириқ берилмаганини айтган. Шунингдек, воқеалар марказида турган Зокиржон Алматов 13 май воқеаларида 1000 га яқин одам ҳалок бўлганини инкор этган.
“Тинч аҳолига ўқ узилган дейишади, йўқ, 12 соат олдин уларнинг 600-700 нафар оила-аъзоларини Қирғизистонга чиқариб юборганмиз. Булар келаётганда ҳарбий қисмдаги капитанни отиб қўйишган. Кейин оддий аскарлар нима қилади?
Икки томон ўртасидаги отишма сабаб битта жойда 100 киши ўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган. Жами 187 киши ўлган. Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман, бу аниқ рақамлар”, деган у Kun.uz'га берган интервьюсида.
Ўша вақтдаги мамлакат бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳам Андижон воқеаларида беш юздан зиёд тинч аҳоли вакили қурбон бўлгани ҳақидаги иддаоларни уйдирма деб атаганди. Бироқ 2020 йилда Qalampir.uz нашрига интервью берган Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова тинч аҳоли ўққа тутилганини тан олган ва буни содир этганлар жазога тортилганини таъкидлаган.
Расмий маълумотларга кўра, ўша куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар вакили ўлдирилган. Бундан ташқари, умумий ҳисобда 287 киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакили, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 49 нафар ходими ва 59 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.
Ислом Каримов 14 май куни ташкил этилган матбуот анжумани чоғида журналистларга исёнчиларнинг талабларини нима учун рад этганини қуйидагича изоҳлаганди:
“Албатта, биз бундай бемаъни талабларга рози бўлолмасдик. Бунинг сабабини тушунтирмоқчиман. Ҳар томонлама мулоҳаза юритиб, мазкур ҳодиса эртага бутун Ўзбекистон бўйлаб гаровга олиш, босқинчилик билан боғлиқ ўнлаб ҳолатларга олиб келиши мумкин, деган қарорга келдик. Эртага улар болалар боғчаси, мактаб, касалхонани эгаллашлари, худди Чеченистонда бўлгани каби яна бир қанча шартларни қўйиб, Ўзбекистонни ислом республикаси деб эълон қилишни талаб этишлари мумкин эди. Бу мутлақо эҳтимолдан узоқ эмасди. Тан олинг, дунёдаги ҳеч бир давлат бундай талабга рози бўлмасди”, деганди биринчи президент.
Ҳодисани тергов қилган Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисоботида Андижон воқеалари “Ўзбекистон мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларини, конституциявий тузумини ағдариш ва исломий давлат барпо этишга қаратилган, геосиёсий манфаатларга тўлиқ мос келувчи пухта ўйланган ва режалаштирилган ҳаракат” дея баҳоланганди.
13 май воқеалари унда яқинларини йўқотган андижонликлар учун оғир синов бўлди. Бугун фожиа қурбонларини хотирлар эканмиз, уларнинг охирати обод бўлиши, Ўзбекистонда бу каби воқеалар бошқа содир бўлмаслигини сўраб дуо қиламиз.
Жамшид Ниёзов, журналист
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо