Жамбилдаги авария қурбонлари сони ошди. Жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди
Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Жуалин туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг тезкор топшириғига асосан ҳукумат қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари А.Латифжонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча, 13 май куни соат 18:05 да Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб борган.
Гуруҳ Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашган ва ҳамкорлик асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилган.
Ўзбекистонликлар соат 23:40 да Жуалин туман марказий шифохонасидан йўлга чиқиб, 14 май куни соат 04:55 да Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси “Ғишткўприк” божхона масканига етиб келган.
“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дўст Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришди”, дейилади хабарда.
Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 2 нафар вафот этган фуқаронинг жасади яшаш манзили – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Билдирилишича, бугун, 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Олиб келинган 23 нафар фуқародан 18 нафари Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилган, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилган.
Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 12 май куни Жамбил вилоятида йўловчи автобуси иштирокида ЙТҲ содир бўлган.
Нукус-Олмаота йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автобусда 53 нафар йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган.
Мавзуга оид
12:14 / 11.10.2024
“Яна нечта бола йўлларда ўлиши керак?” – кўпайган авариялар ҳақида катта суҳбат
08:41 / 01.03.2024
Қозоғистонда Олмаота - Тошкент трассасида йўловчи автобуси ёниб кетди
16:21 / 20.05.2023
Қозоғистондаги аварияда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди
07:14 / 24.05.2022