Жамият | 18:29 / 19.05.2022
7596
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Парижда Ўзбекистоннинг кардиология соҳасидаги ютуқлари эътироф этилди

Шу кунларда дунёнинг 120 давлатидан борган 5 мингдан зиёд энг малакали кардиологлар Францияда. Пандемия давридаги икки йиллик танаффусдан сўнг улар Париж шаҳрида яна тўпланишди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

17 май куни Францияда EuroPCR 2022 жаҳон кардиологлари анънавий конгресси бошланди. Унда Ўзбекистондан борган етакчи мутахассислар делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

«Конгрессда муҳокама этилаётган мавзулар хилма-хил. Аммо барчаси юрак-қон томир тизими касалликларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги имкониятларини қидириш, тиббий ва клиник амалиётга илғор ютуқлар ва инновацион методларни жорий қилиш масалаларига бағишланган. 

Яна ҳам аниқроғи, жаҳон кардиологлари ўткир миокард инфаркти, коронар артерия, орттирилган юрак нуқсонлари ва шу сингари бошқа хавфли касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволаш бўйича фикр ва тажриба алмашмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Маърузалар соҳада олиб борилган сўнгги илмий тадқиқотлар натижаларига асослангани, бу эса иштирокчилар учун илм-фан ютуқларидан янада кенгроқ баҳраманд бўлиш ва уларни оммалаштириш учун ажойиб имкониятлиги қайд этилган.

EuroPCR 2022 бу гал 300 дан ортиқ илмий-амалий сессияларни ўз ичига олган. Шунингдек, конгресс доирасида жаҳондаги етакчи клиникаларнинг ангиокардиографик лабораторияларида бажарилаётган ноёб операциялардан жонли трансляциялар намойиш этилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистондан 11 нафар мутахассис қатнашмоқда. Қайд этилишича, уларнинг барчаси мамлакатда ном қозонган кучли кардиологлар. Улар ўз чиқишларида тиббиётнинг мазкур йўналишида кейинги йилларда Ўзбекистонда эришилган илғор ютуқ ва тажрибаларни дунёдаги ҳамкасблари билан ўртоқлашмоқда. 

«Маълумки, юрак-қон томир соҳасидаги анъанавий жарроҳлик амалиётлари очиқ операцияларни ўз ичига олади. Бугунги илм-фан ютуқлари эса беморларни эндоваскуляр, кам инвазив усуллар ёрдамида, катетер орқали, наркозсиз, оғриқсиз даволаш имконини бераётгани сир эмас. 

Мамлакатимизда ҳам бугун 50 га яқин замонавий ангиографик ускуналар мавжуд. Бу эса нафақат пойтахтимиз, балки ҳудудларда ҳам шундай мураккаб юқори технологик муолажаларни амалга оширишга замин яратмоқда. Натижада беморлар оғир асоратларсиз қисқа муддатда соғайиб оиласи бағрига қайтмоқда. Қолаверса, ногиронликнинг олди олиняпти.

Энг муҳими, бундай имкониятлар туфайли юртдошларимизнинг кардиология, кардиохирургия соҳасида аввалгидек илғор хорижий давлатларга бориб даволанишига мутлақо эҳтиёж қолмади. Конгрессда Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги муваффақиятлари жаҳон кардиологлари томонидан эътироф этилди», дейди конгресс иштирокчиси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дониёр Алимов.

EuroPCR 2022 ўз ишини давом эттирмоқда. 

Мавзуга оид