Иқтисодиёт | 15:10 / 20.05.2022
34193
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш учун нималар қилиш керак – Жаҳон банки экспертлари тавсиялари

Таъкидланишича, Ўзбекистон 2030 йилга бориб даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши учун ЯИМнинг ўсиш суръатлари ҳозирги даражадан анча юқори бўлиши керак.

Фото: EVA HAMBACH / AFP

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлидаги асосий муаммолар ва имкониятлар таҳлил қилинган янги тадқиқотини эълон қилди. Унда хусусий сектор ўсиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини чеклаш, инсон капиталини ривожлантириш ва мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиши бўйича тавсиялар мавжуд.

«Расмийлар улкан мақсадларни кўзлаб, ислоҳотларнинг кейинги босқичига ҳозирлик кўрмоқда. Хусусан, 2026 йилгача аҳоли ўртасида камбағалликни икки баравар камайтириш, шунингдек, 2030 йилга бориб даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш кўзда тутилган. Бунга эришиш учун ЯИМнинг ўсиш суръатлари ҳозирги даражадан анча юқори бўлиши талаб қилинади. Ушбу мақсадларга иш ўринларини янада кўпроқ яратиш ҳамда фуқароларнинг, жумладан, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бор шахсларнинг иқтисодий жараёнларда иштирок этиш имкониятларини ошириш орқали эришиш мумкин», дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистонга юқоридаги мақсадларга эришиш учун қуйидаги тўртта йўналишда ривожланиш ёрдам бериши мумкин:

1) хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш ва барқарор иш ўринларини яратиш;

2) давлатнинг иқтисодиётдаги ролини ислоҳ қилиш;

3) фуқаролар манфаатларига ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қиладиган дастурларга инвестиция қилиш;

4) экологик барқарор келажакни барпо этиш.

Шунингдек, ҳисоботда расмийлар учун тавсиялар берилган ва юқорида келтирилган йўналишларда қуйидаги устувор ислоҳотларга эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган:

Мамлакатда хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш учун:

  • ер, меҳнат ва молиявий ресурсларни тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш;
  • хусусий секторда рақобатни ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани ислоҳ қилиш;
  • хусусий секторнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашишига кўмаклашувчи ташқи савдо ва инвестиция сиёсатини олиб бориш;
  • хусусий сектор корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали хизматларни ривожлантириш;
  • қишлоқ хўжалиги бозорларидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, бу эса давлатнинг уларнинг фаолиятига аралашишига чек қўяди.

Давлат кўмаги билан мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун:

  • давлатнинг товар ва хизматларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси функцияларидан бозорни ривожлантиришни рағбатлантирадиган функцияларига ўтказиб, унинг ролини трансформация қилишни жадаллаштириш;
  • давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш;
  • зарур ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш;
  • коррупцияга қарши курашиш ва турли ҳокимият органларининг бошқарув фаолиятини такомиллаштириш;
  • давлат функцияларини марказсизлаштиришни давом эттириш;
  • давлат органларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини ошириш зарур.

Мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш учун:

таълим тизими фаолиятидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш орқали унинг сифатини ошириш;

мактабгача таълим ва олий таълим муассасаларига кириш имкониятини яхшилаш;

соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини ва фуқаролар учун ундан фойдаланиш имкониятини ошириш;

бутун мамлакат бўйлаб сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

камбағалликни ўлчаш тизимини, унга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини ва уларнинг мақсадлилигини такомиллаштириш;

аҳоли заиф қатламларининг меҳнат бозорида кенг иштирокини рағбатлантирувчи давлат сиёсатини ишлаб чиқиш;

ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш ва у билан аҳолининг муҳтож қатламларини қамраб олиш керак.

Мамлакатнинг экологик барқарор келажагини барпо этиш учун:

  • табиий ресурсларни, жумладан, сув ва ер ресурсларини самаралироқ бошқариш;
  • атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини янада камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларини, шу жумладан энергетика соҳасини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
  • табиий офатлар хавфини бошқариш тизимини такомиллаштириш лозим.

«Ҳукуматдаги ҳамкорларимизга яқин ҳамкорлик ва МТДни тайёрлашда зарур бўлган маълумотлар учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳисобот ЖБнинг Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик дастури доирасидаги устувор йўналишларни белгилаб олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Унда келгуси беш йил ичида муҳим ислоҳотларни амалга ошириш учун расмийларга биз томонимиздан кўрсатиладиган молиявий ва таҳлилий ёрдам ҳажми белгиланади. Дастур май ойи охирида Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади», — дея қайд этди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Мавзуга оид