Спорт | 14:17 / 25.05.2022
35618
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиш ниятим бор». Гейнрих билан интервью

Тошкентда ўтган ўзбек футболи ва Италия А Серияси афсоналари ўртасидаги футбол-шоу баҳонасида юртимизга қайтган Александр Гейнрих ЎФА матбуот хизматига интервью берди.

Фото: Tribuna.uz

Суҳбат бошида 37 ёшли собиқ футболчи ҳозирда нима билан машғул экани ҳақида айтиб ўтди.

«Айни дамда вақтни оилам даврасида ўтказяпман, асосан оилавий юмушлар билан бандман. Фаолиятим давомида оиламдан узоқда бўлдим, вақтим сафарларда ўтарди. Шу боис, энди озроқ танаффус қилиб, кўпроқ вақтимни Москвада оилам даврасида ўтказишга қарор қилдим», - дейди Александр.

«Яхши футболчидан ҳар доим ҳам яхши мураббий чиқмайди»

Миллий жамоамиз собиқ ҳужумчиси футболдаги режалари ҳақида гапириб, Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиш нияти борлигини яширмади.

«Кейинги режаларим? Бу ҳақда тез орада билиб оласиз. Ҳозирча бу ҳақда гапиришни истамайман.

Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиш ниятим борми? Бор. Аммо яхши футболчидан ҳар доим ҳам яхши мураббий чиқмайди. Менда мураббийлик тажрибаси йўқ. Бизнинг авлоддан аксарият собиқ жамоадошларимда мураббийлик фаолияти ўхшаяпти, кимлардадир эса унчалик эмас. Яъни мураббий бўлиш ҳаммага ҳам эмас. Бунинг учун яхши тайёргарлик кўришни истайман. Шунчаки мураббий сифатида келиб, номига ишлаб, ўхшата олмай якунлашни истамайман. Ниманидир бошламоқчи бўлсам, буни яхши бажариш учун киришадиган инсонман. Мураббийликни бошлаш бўйича таклифлар бўлди, аммо ўзим рад этганман», - дейди Саша.

Фото: ЎФА

«Миллий жамоада нимадир ўзгариш бўлганини ҳозирча кўрганим йўқ»

Гейнрих миллий жамоамизнинг янги мураббий қўл остида қай даража ўзгаргани ва Элдор Шомуродов ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Ҳозирга қадар Ўзбекистон миллий жамоаси ва Суперлига баҳсларини кузатиб боряпман. Миллий жамоамизда ҳали расмий ўйинлар бўлгани йўқ, янги мураббий ўртоқлик баҳсларида ўз қарашларини футболчиларга сингдиришга интилмоқда. Шу сабабли миллий жамоада нимадир ўзгариш бўлганини ҳозирча кўрганим йўқ.

Мен тўп сурган ҳужум чизиғида ўзгариш борми? Ҳа, «Рома»даги болакай яхши ўйнамоқда. Жуда ҳам зўр. Менимча, ҳужумда унга кимдир рақобат қилиши қийин», - деди собиқ форвард.

Германия клубидан тушган таклиф ҳақида

Александр суҳбат давомида ўз вақтида унга Европадан таклиф бўлганини ҳам айтиб ўтган.

«Албатта, менда ҳам ўз вақтида Европага кетиш варианти бўлган. Ҳаттоки 2-3 марта кўрикда ҳам бўлганман, шунчаки бу оммага овоза қилинмаган. Германиянинг «Боҳум» клубига боргандим. Аммо ёшроқ бўлганмиз, тилни билмаганман, қийин бўлган ва ортга қайтишга қарор қилганман», - дея эслайди миллий жамоамиз собиқ ҳужумчиси.

«Ҳамма ўйинда ютқазган бўлсак-да, Тошкентда бизни қаҳрамонлардек кутиб олишган»

Гейнрихнинг айтишича, фаолиятидаги энг ёрқин хотиралари 2003 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати билан боғлиқ. Ўшанда Виктор Борисов мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар жамоаси ўз гуруҳида Иньеста етакчилигидаги Испания, Аргентина ва Малига қарши тўп сурган.

«Ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2003дан фаолиятимдаги энг ёрқин хотиралар қолган. Ўшанда илк марта жаҳон чемпионатида қатнашганмиз. Гуруҳимизда Аргентина, Испаниядек жамоаларга қарши муносиб тўп сурганмиз. Ҳамма ўйинда ютқазган бўлсак-да, Тошкентда бизни қаҳрамонлардек кутиб олишган. Чунки биз рақибга қарамай, муносиб қаршилик кўрсатганмиз. Шундай ўйинлар бўлади, сен мағлуб бўласан, аммо майдонда борингни берганинг учун ҳам мухлислар сени олқишлайди. Шу боис ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2003даги натижамиз учун уялмаганмиз. Аксинча, фахрланганмиз. Тўғри, Испания, Аргентинадек рақибларга қайсидир жабҳалар бўйича ютқазганмиз, аммо ўйин давомида рақибдан қолишмаслигимизни исботлаш учун жанг қилганмиз», - дейди Гейнрих.

Фото: Getty Images

«Аргентина дарвозасига киритган голим – энг ёдда қоларли»

Гейнрих футболчилик фаолияти давомидаги энг ёдда қоларли голларини ҳам саралади.

«Фаолиятимдаги энг ёдда қоларли гол? Бундай голлар кўп. Аммо шундай ўйинлар бўларди, чиройли гол киритсам-да, мағлубиятга учраганимиз учун аҳамиятини йўқотарди. Баъзида эса оддий гол бўлса-да, ғалаба голи бўларди. Масалан, Аргентина ёшлар жамоаси дарвозасига узоқ масофадан жарима зарбасидан киритган голим хотирамда муҳрланган. Ўзимизда Сурия дарвозасига ҳам муҳим голни киритгандим. «Пахтакор» сафида ҳам Осиё Чемпионлар лигасида Саудия Арабистонида жарима зарбасидан чиройли гол киритганман. Тасодиф туфайли голга айланган», - дея эслайди Александр.

Эслатиб ўтамиз, Гейнрих 2002-2017 йиллар давомида Ўзбекистон миллий жамоаси сафида тўп суриб, 2018 йилда футболчилик фаолиятини якунлаганди. 

 

Мавзуга оид