Жаҳон | 09:22 / 25.05.2022
15570
2 дақиқада ўқилади

Тихановская ғарбни Украина ва Беларусни қўллаб-қувватлаш йўлида бирлашишга чақирди 

Украинанинг Россия бошлаган урушда ғалаба қозониши барча халқлар, шу жумладан Беларус халқи учун ҳам зарур, деди Литва парламентида нутқ сўзлаган Светлана Тихановская.

Фото: Getty Images

Украинада давом этаётган уруш фонида Беларус мухолифати етакчиларидан бири Светлана Тихановская ғарбни Россия ҳужуми остида қолган мамлакат ва Беларусни қўллаб-қувватлаш йўлида бирдамлик кўрсатишга чақирди. 

«Ғарбнинг Украина ва Беларусни қўллаб-қувватлаш йўлидаги бирдамлиги биз учун жуда муҳим. Бугунги кунда диктаторлар бу бирликни бузишга, Қўшма Штатлар ва ЕИ, шунингдек, ЕИга аъзо бўлган алоҳида давлатлар ўртасида ихтилоф чиқаришга ҳаракат қилмоқда», деди у 24 май, сешанба куни Вильнюсдаги Литва парламентида сўзлаган нутқида.

Тихановскаянинг сўзларига кўра, Украинанинг Россия бошлаган урушда ғалаба қозониши барча халқлар, жумладан, унинг халқи учун ҳам зарур. «Эркин Украинасиз эркин Беларус бўлмайди, эркин Беларуссиз эса хавфсиз Украина ҳам, хавфсиз Европа ҳам бўлмайди», деб таъкидлади сиёсатчи. 

Шу билан бирга, у Литвага Беларусдаги демократик ҳаракатни мамлакат раҳбари Александр Лукашенкога қарши курашда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди. 

Тихановскаяни Минскда Ryanair самолёти мажбурий қўнганидан бир йил ўтиб, Литва парламентида нутқ сўзлаш учун таклиф қилишди. Ryanair лайнери бортида мухолиф Nexta Telegram-каналининг собиқ муҳаррири Роман Протасевич ва унинг таниши София Сапега бўлган. 

6 май куни София Сапега Беларусда ижтимоий нафрат қўзғаш ва шахсий ҳаёт ҳақидаги маълумотларни ноқонуний йиғиш ва тарқатишда айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Беларус ҳуқуқ фаоллари Сапегани сиёсий маҳбус сифатида тан олди. 

Протасевичнинг ўзи Беларус Жиноят кодексининг қайси моддаларини бузганликда айбланаётгани аниқ маълум эмас. 

Мавзуга оид