Жаҳон | 16:01 / 05.06.2022
24257
3 дақиқада ўқилади

Северодонецкда россиялик ҳарбийларнинг юриши тўхтатилмоқда

Британия мудофаа вазирлиги Украина армияси Северодонецкда қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар берди.

Фото: Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA

Буюк Британия мудофаа вазирлигининг Украинадаги уруш бўйича ҳар кунги ахборотномасида сўнгги ҳафталарда асосий ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланган Северодонецкда украин ҳарбийлари қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар қилинди.

Британия ҳарбий разведкасига кўра, Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми «катта эҳтимол билан, россияликларнинг ҳарбий қисмлар ва ўт очиш воситаларини жамлаш орқали олиб бораётган юриши темпини пасайтирган».

Шунингдек, Россия Северодонецкдаги жангларга Россия армияси ҳарбийлари йўқотишларини камайтириш мақсадида ЛХРда захирадан чақирилган ва яхши тайёргарлик кўрмаган кучларни ташлаётгани айтилган. Британия ҳарбийларининг маълумотига кўра, РФ бундай тактикани Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам қўллаганди.

4 июн куни кечқурун Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Северодонецкнинг 70 фоиз ҳудудини назорат қилиб турган россиялик ҳарбийлар сўнгги икки кундаги ҳарбий ҳаракатлардан кейин чекина бошлагани, айни вақтда украин ҳарбийлари Северодонецкнинг ярмини назорат қилаётганини айтди. Унинг маълумотига кўра, Россия кучлари катта йўқотишларга учраган, саккиз нафар россиялик ҳарбий асирга тушган.

«Областда вазият жуда оғирлигича қолмоқда. 4 июн куни россияликлар стволли артиллерия ва баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали Северодонецк, Лисичанск, Устиновка, Врубовка ва Тошковкани ўққа тутишди. Ка-52 вертолётлари билан Горное ва Мирная Долинага, Су-25 самолётлари билан Устиновкага авиация зарбалари берилди. Лисичанскка «Точка-У» ракета зарбалари йўлланди», дея ёзган у телеграм-каналида. 

Шаҳар маъмурияти украин ҳарбийлари шаҳар назоратини тўлиқ қайтариб олишга уринаётганини маълум қилган. РФ мудофаа вазирлиги эса Украина қуролли кучлари бўлинмалари «оғир йўқотишларга учрагани» ва шаҳардан чекинаётгани ҳақида хабар берган.

  • Северодонецк 2014 йилда Луганск шаҳри ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси назоратига ўтгач, Луганск областининг Украина назоратида қолган қисми марказига айланганди. Шаҳар — уруш давомида шимолий қисми россияпараст кучлар томонидан эгаллаб олинган агломерациянинг бир қисми. Северодонецк билан агломерация ташкил этган, Шимолий Доннинг иккинчи соҳилида жойлашган Лисичанск шаҳри украин ҳарбийлари назоратида қолмоқда.

Мавзуга оид