Ўзбекистон | 08:46 / 08.06.2022
16865
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича ваколатларидан бири бекор қилинди

Ердан бошқа мақсадларда фойдаланилганда кадастр органлари ер эгасини хабардор қилган ҳолда судга ариза киритиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Президент томонидан имзоланган қонун билан амалдаги 20 дан зиёд қонун, жумладан 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

“Ҳуқуқий ахборот” каналининг хабар беришича, Ер кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов якунларини тасдиқлаш ваколати чиқариб ташланди.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма берилади (илгари гувоҳнома).

Ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органлари ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан хабардор қилгандан кейин ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланди.

Бўш турган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари фермер хўжалигини юритиш учун очиқ электрон танлов орқали берилади (илгари очиқ танлов асосида).

Деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкаларини бериш тартиби фуқароларга якка тартибдаги боғдорчилик, полизчилик ва чорвачилик учун ер участкаларини ажратишга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларнинг электрон онлайн-аукционлар воситасида ер участкаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланади.

Мавзуга оид