Ўзбекистон | 08:01 / 08.06.2022
8858
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла вазирлиги ҳузурида «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси ташкил этилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом (1);

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси тўғрисидаги низом (2).

Низом (1) қуйидагиларни белгилайди:

вазирлик мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;

вазирлик тизими, унинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари асосий вазифалари ва функциялари;

вазирлик, унинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги;

вазирлик, унинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва ходимлари асосий функционал вазифалари ҳамда жавобгарлиги;

вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш, улар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби.

Вазирлик асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

маҳаллалар жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқейини юксалтириш;

нуроний ва кексаларни маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик сингари анъаналарни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга кенг жалб этиш;

нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси, шу жумладан, ҳудудларда, айниқса, олис қишлоқларда кекса авлод вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилишини мувофиқлаштириб бориш;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, улар муаммоларини ўрганиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўриш;

фуқаролар йиғинлари моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Низом (2) қуйидагилар билан боғлиқ муносабатлар асосида тартибга солинади:

«Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ва вазирлик томонидан жамғармага маблағлар тушиши тўлиқлигини назорат қилиш тартиби;

жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари;

маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири томонидан жамғарма маблағларини бошқариш ва тақсимлаш тартиби.

Мавзуга оид