Иқтисодиёт | 15:27 / 09.06.2022
25836
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставканинг пасайтирилиши юзасидан изоҳ берди

Ташқи иқтисодий хатарларнинг ортда қолганлиги ва ички валюта бозорининг барқарорлашуви сабаб асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилган. Регулятор жорий йил якунлари бўйича инфляция прогнозини 12-14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисидаги қарори юзасидан расмий релиз эълон қилди.

Унга кўра, асосий савдо-ҳамкорларда кузатилган хатарли вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қисқа муддатли салбий тўлқинлари ортда қолган ва дастлабки баҳолашлардан фарқли равишда сўнгги икки ойда ижобий тенденциялар кузатилган.

Жорий йилнинг январь-март ойларида ўртача ойлик 490 млн долларлик пул ўтказмалари кириб келган бўлса, апрель-май ойларида бу кўрсаткич 1,3 млрд долларга етган. Ойлик экспорт тушумлари ҳажми январь-март ойларига нисбатан 1,3 баробарга, экспорт тушумлари ҳисобидан ички валюта бозорида сотилаётган маблағлар миқдори 1,4 баробарга кўпайган.

Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 2022 йил март ойининг биринчи ярмида ўзининг юқори даражасига етиб, йил бошига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланган бўлса, март ойининг иккинчи ярмидан бугунги кунга қадар 5,1 фоизга мустаҳкамланган. Натижада, сўмнинг йил бошидан қадрсизланиши 1,6 фоизни ташкил этган.

Олтин валюта захираларининг “нейтраллик тамойили” бўйича Марказий банк томонидан ички валюта бозорига апрель-май ойларида, сўм алмашув курснинг қисқа муддатда кескин мустаҳкамланиб кетишининг олдини олиш мақсадида бозордан 523 млн долларлик валюта маблағлари сотиб олинган.

“Умуман олганда, йил бошидан “нейтраллик тамойили” бўйича ички валюта бозорига интервенция қилинмаган миқдор қарийб 1 млрд долларни ташкил этади ва келгусида алмашув курсининг барқарорлигини таъминлашга қўшимча манба бўлиб хизмат қилади”, дейилади расмий релизда.

Май ойи якуни бўйича йиллик инфляция даражаси 11 фоизни ташкил қилиб, прогноз траекторияси доирасида бўлган.

Юзага келаётган инфляцион жараёнлар кўпроқ таклиф омиллари билан боғлиқ бўлиб, минтақадаги жорий геосиёсий вазиятнинг маҳсулот етказиб бериш, транспорт-логистика жараёнларига салбий таъсирини ўзида ифода этади.

Шунингдек, жорий йил якунлари бўйича инфляция прогнози 12-14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилган.

Таъкидланишича, ички бозорларда нархларни мувозанатлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан истеъмол бозорларида маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, логистик қийинчиликларни бартараф этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали асосий истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш бўйича чоралар кўриб борилмоқда.

Экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва тўғридан тўғри инвестициялар орқали кириб келаётган валюта оқимлари ички валюта бозорида таклифни қўллаб-қувватлаб, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда сўм алмашув курсининг барқарорлашувига хизмат қилиши кутилмоқда. Валюта курсининг барқарорлиги, ўз навбатида, нархларга нисбатан “импорт инфляцияси” таъсирини юмшатувчи аҳамиятга эга бўлади.

Мавзуга оид