Жаҳон | 13:05 / 10.06.2022
11035
4 дақиқада ўқилади

Зеленская: «Украина аёллари эркаклар билан бир қаторда мамлакатни ҳимоя қиляпти» 

Елена Зеленская «Можародаги аёллар» конференциясида украиналик аёллар ҳақида айрим воқеаларни айтиб берди. Унинг таъкидлашича, аёллар нафақат Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари қурбонлари, балки эркаклар билан тенг равишда мамлакатни ҳимоя қиляпти.

Фото: Dogukan Keskinkilic / AA

Украина биринчи хоними Елена Зеленскаянинг фикрича, Россия томонидан бошланган ҳарбий ҳаракатларда Украинанинг юзи асосан аёллардан иборатдир. Бу ҳақда у 9 июнь куни Брюсселда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел, «БМТ Аёллар» ташкилоти ва Нобел мукофоти совриндори Надия Мурод ташаббуси билан ташкил этилган «Можародаги аёллар» конференциясида маълум қилди, деб ёзади DW.

Зеленская мина портлаши оқибатида икки оёғидан айрилган лисичансклик ҳамшира Оксана Баландина каби бир қанча украиналик аёлларнинг тақдири ҳақида айтиб берди. Шундан сўнг, у ҳали касалхонада бўла туриб, танишига турмушга чиқди. Ёки Попаснадан тўртта катта ёшли фуқарони Бахмутга олиб борган 15 ёшли Лиза Чернишенко ҳақида маълумот берилди. У отишма пайтида ҳайдовчи яраланганидан кейин рулга ўтирган ва машинани бошқариб борган. «Бу бир нечта ҳикоялар, аммо айтишимиз мумкинки, мамлакатимиздаги ҳар бир ҳаёт маълум даражада «аввал» ва «кейин»га бўлинди. Бизнинг урушимизнинг юзи асосан аёллардан иборат», деди Зеленская видео-алоқа орқали чиқиш қилиб.

«Ишончим комилки, биз, украиналик аёлларни шунчаки қурбонлар деб бўлмайди. Ҳар биримизнинг ўз қаршилик тарихимиз бор», - деди у. Президентнинг рафиқаси Украинадаги шифокорлар, ўқитувчилар ва ижтимоий соҳа ходимларининг асосий қисмини аёллар ташкил этишини эслатди. Тадбиркорларнинг 50 фоизи ва кўнгиллиларнинг ярмидан кўпи ҳам аёллардир. Украина қуролли кучларида ҳам аёлларнинг ўрни ортиб бормоқда. Зеленскаянинг сўзларига кўра, ҳозир армияда 37 минг аёл бор ва уларнинг мингдан ортиғи аллақачон қўмондон бўлишга улгурган. «Аёлларимиз учун ҳарбий хизмат ихтиёрий танлов бўлиб, улар сафимизда шараф билан туриб, эркаклар билан тенг жанг қиляпти», — дея қўшимча қилди у.

Зеленская кириш сўзини ўзига «Сенинг суперкучинг нима?» деган савол билан якунлади. У саволга қуйидагича жавоб берди: «Мен украиналикман. Ҳа, украиналик аёллар суперкучга эга: биз ҳаммамиз украиналикмиз, биз украиналик аёллармиз».

«Можародаги аёллар» конференцияси иккинчи маротаба ўтказилмоқда. Бу сафар унда Украина мавзуси устунлик қилди. Унда биринчи хонимдан ташқари Украинанинг яна икки вакили иштирок этди: бош вазирнинг евроинтеграция бўйича ўринбосари Олга Стефанишина шахсан иштирок этди, бош прокурор Ирина Венедиктова эса виртуал тарзда чиқиш қилди.

Конференция якунлари бўйича декларация қабул қилинди, унда аёллар низолардан кўпроқ азият чекаётгани кўрсатилган. «Биз барча можароларда аёллар ва қизларга нисбатан содир этилган халқаро ҳуқуқнинг бузилишларини кескин қоралаймиз. Украинада аёллар ва қизларга нисбатан содир этилган гендер зўравонлик, жумладан, можаро билан боғлиқ жинсий зўравонлик ва зўрлаш ҳақидаги далиллар ва ҳисоботлардан даҳшатга тушяпмиз. Шунингдек, турли можаролар пайтида, хусусан, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Ироқ, Мали, Судан, Суриядаги ҳолатлар ҳам даҳшатли», - дейилади декларация матнида. 

Мавзуга оид