Жамият | 20:46 / 11.06.2022
3119
2 дақиқада ўқилади

Шўрчида ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида юз берган ҳодисага изоҳ берилди

Шўрчи туман ИИБ ва МИБ ходимлари суд қарори асосида мажбурий ижро ҳаракатлари белгиланган жойга боришганида, жавобгарлар ижро ҳаракатлари бажарилишига тўсқинлик қилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фуқаролар ва ИИБ ходимлари жанжаллашгани айтилган хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда айтилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди 2022 йил 2 февраль кунидаги “Ноқонуний қурилишларни мажбурий тартибда буздириш” ҳамда “Нотурар ер майдонидан чиқариш ҳақида”ги қарор чиқарган.

Суд қарори ҳамда МИБ Олтинсой тумани бўлимининг ижро ҳужжатига асосан МИБ Олтинсой туман бўлими, туман ИИБ ҳамда тегишли ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ, жорий йил 8 июнь куни соат 10:00 ларда мажбурий ижро ҳаракатлари белгиланган жойга боришганида, жавобгарлар ижро ҳаракатлари бажарилишига тўсқинлик қилган.

Бундан ташқари, МИБ ва ИИБ ходимларининг ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатиб, масъулларга тош ва ғишт бўлакларини отишган.

Оқибатда, жамоат тартибини бузиб, давлат органлари ходимларига тан жароҳати етказган 4 нафар фуқаро мажбурий тарзда туман ИИБга олиб борилиб, уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ўрнатилган тартибда текширув ишлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид