Спорт | 08:43 / 13.06.2022
21845
9 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» Хорватия билан ҳамкорликда ўзбек футболига янгиликлар татбиқ қилмоқчи

Юртимиз футболидаги энг ёш клублардан саналмиш ҳамда миллионлар ўйини оламига чақмоқдек кириб келган «Бунёдкор», кўпинча, ўзбек футболи «баҳори»га тенглаштирилади.

Фото: Бунёдкор ФК

Ёш иқтидорлар макони деган таъриф олган «қалдирғочлар» жамоаси, дарҳақиқат, ўзбек футболининг ёрқин келажаги, десак, бу асло муболаға эмас.

Футбол жамоатчилиги кўз ўнгида «Бунёдкор» ҳамиша янгиликларга интилувчи, Ўзбекистон футболида янгидан янги ғояларни ҳаётга татбиқ этувчи клуб сифатида гавдаланади.

Июнь ойининг биринчи декадаси «Бунёдкор» футбол клуби тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган бўлди: «Бунёдкор» ФКнинг 70 кишига яқин катта делегацияси Хорватияга сафар уюштирди. Хорватия Республикасининг мамлакатимиздаги элчиси Рефик Шабанович кўмагида олиб борилган узоқ музокаралар натижаси ўлароқ, «Бунёдкор» ФК академиясининг уч жамоаси (U-11, U-13 ва U-14) ёзнинг биринчи ҳафтасида болалар ўртасидаги йирик халқаро мусобақа – «Далматинко кубоги»да тўп тепишди. Ва олдинга ўтиб, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон клублари орасида ўз ташрифи билан Хорватияни илк маротаба «кашф этган» бўлишларига қарамасдан, турнирда учала ёш тоифасидаги тарбияланувчиларимиз муносиб иштирок этишди.

Болқон яриморолидаги бу гўзал мамлакатда анча йиллардан бери ташкил этиб келинаётган анъанавий «Dalmatinko Cup» мусобақасида қатнашиш таклифи «Бунёдкор» жамоаларига келиб тушган кунданоқ «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси, «Бунёдкор» футбол клуби президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия қўмитаси аъзоси Меҳриддин Абдуллаев ушбу ташаббусни яқиндан қўллаб-қувватлади: «Турнирда тўп суришлари учун биз «Бунёдкор»нинг ёш жамоаларига барча шароитларни яратиб берамиз. Зеро, ёш иқтидорли футболчиларимизнинг мазкур баҳсларда иштирок этишлари юртимизда болалар-ўсмирлар футболи тизимини янада тараққий эттиришга хизмат қилади. Келажагимиз сифатида қаралаётган ёшларимиз бугунги кунда обрўси энг баланд ҳисобланган Европа футболи дунёсининг ич-ичигача кириб келишади. Болаларимизга бундай қизиқарли ва фойдали ўйин амалиётини қанча кўп таъминлай олсак, бу тажриба Ўзбекистонда болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш стратегиясидаги муҳим бўғинга айланади.

Шундагина миллий жамоаларимиз учун янада кўп ва кучли номзодлар етишиб чиқади. Хорватия сафари ёш футболчиларимиз мураббийлари учун ҳам европалик ҳамкасбларидан бебаҳо тажриба ўзлаштиришларига кенг имкониятлар эшигини очади. Ва, албатта, бунинг натижасида, биз давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 4 декабрь куни эълон қилинган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5887-сон Фармонида таъкидланган юртимиз болалар-ўсмирлар футболи тизимини Хорватия билан ҳамкорликда ривожлантиришга оид вазифалар ижросини таъминлаган бўламиз».

Ўзбекистон Республикаси президенти Фармонида эса қуйидаги муҳим жумлалар таъкидланган: «Футболи ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда, ёшларни профессионал футболчи сифатида тайёрлаш орқали футбол клубларининг бизнес тузилма сифатида шаклланганини кўришимиз мумкин.

Мисол учун, футбол ривожланиш истиқболлари жиҳатидан Ўзбекистонга яқин бўлган Хорватия сўнгги ўн йилликда футбол соҳасида шиддатли ўзгаришларни амалга ошириб, Англия, Франция, Италия, Испания, Германия каби футболи йўлга қўйилган мамлакатлар билан рақобатлашиш даражасига чиқди.

Хорватия футбол академияларида тарбияланган маҳоратли спортчилар айнан юқорида номлари келтирилган футболи ривожланган мамлакатларнинг футбол клублари сафини тўлдирди. Бу эса Хорватия томонидан футбол академияларини тубдан ривожлантириш орқали маҳоратли футболчиларни тарбиялаб, мамлакат даромадларини оширишга ҳамда футболчилар ва уларнинг оила аъзолари манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади».

Шунга монанд равишда, «Далматинко кубоги-2022»да «Бунёдкор» тарбияланувчилари Хорватиянинг маҳаллий футбол академияларида таҳсил олаётган тенгқурлари билан куч синашишди. Ўзларининг футболчи сифатида ўсиб ва шаклланиб бориш суръатларини ёш хорватлар билан солиштириш имкониятига, улардан замонавий болалар-ўсмирлар футболидаги сўнгги усул ва услубларни ўзларига оғдириш учун қулай шарт-шароитга эга бўлдилар.

Турнир жами 10та ёш тоифасида ўтказилди. Ҳар йили мунтазам тарзда ташкил қилинадиган мусобақанинг бу галгисида 13 мамлакатдан 200га яқин жамоа, 3500 нафардан ортиқ ёш футболчилар тўп тепишди. Қатнашчилар географияси жуда кенг: Хорватия, Ўзбекистон, Словения, Македония, Украина, Қозоғистон, Косово, Венгрия, Албания, Чехия, Босния ва Герцеговина ва ҳ.к.

«Бунёдкор-2008» (U-14) ва «Бунёдкор-2009» (U-13) жамоалари чоракфинал беллашувларида аламли тарздаги мағлубиятларга учрашди.

Миразиз Мирзааҳмедов мураббийлигидаги «Бунёдкор-2008» гуруҳда уч ғалаба ва бир дурангга эришди. Жумладан, Хорватияда энг кучли академиялардан бўлган

«Ҳайдук» (Сплит) жамоасини 1:0 ҳисобида енгди. Аммо навбатдаги раунд - 1/4 финалда асосий вақтда «Приморац» клубига қарши икки бор ҳисобда олдинда боришига қарамай, якунда дуранг ўйнади – 2:2. Кейинчалик эса рақибга пенальтилар сериясида имкониятни бой берди (2:4).

Алишер Иброҳимов бошчилигидаги «Бунёдкор-2009» гуруҳ босқичидан сўнг 1/8 финални ҳам ошиб ўтди. Чорак финалда жамоамизга мамлакатнинг энг кучли, дунёда олтинчи, Европада эса учинчи ўринда турувчи академияси – «Динамо» (Загреб) вакиллари рўбарў келишди. Номдор рақиб билан футболчиларимиз тенгма-тенг кураш олиб боришди. Учрашувда ҳисоб очилмади. Ва, афсуски, бу гал ҳам пенальтилар сериясида мезбонлар устун келишди – 7:8.

Энг кичик жамоамиз – Ғулом Ҳалимтоев шогирдлари бўлган «Бунёдкор-2011»га эса омад кўпроқ кулиб боқди. Улар финалгача етиб боришди. Аммо якунда Словениянинг «Домжале» жамоасидан енгилишди. Лекин биринчи иштирок учун 2-ўринни анча яхши натижа сифатида қабул қилиш лозим. Шу тариқа улар иккинчи ўрин соҳибига бериладиган кубок эгасига айланишди.

Биринчи сафар учун, бизнингча, учала жамоанинг ҳам натижаларини яхши баҳолаш мумкин. Айниқса, Хорватиянинг таниқли академиялари тарбияланувчилари билан тенгма-тенг ўйнаб, U-13 ва U-14 жамоаларимиз ҳам бу ёш тоифаларида қолишмаслигимизни исботлашди.

Европага ташрифнинг болажонлар учун энг эсда қоларли яна бир воқеаси 6 июнь куни юз берди. УЕФА Миллатлар Лигаси турнири доирасида шу куни Сплит шаҳридаги «Полюд» стадионида сўнгги жаҳон чемпионатининг финалчилари – Хорватия ва Франция миллий жамоалари ўзаро баҳслашишди. Златко Далич ҳамда Дидье Дешам каби жаҳон мэтрлари шогирдлари – Домагой Вида, Лука Модрич, Бенжамен Павар, Адриен Рабьо, Антуан Гризманн ва бошқа кўплаб юлдузларнинг ўйинларини болажонларимиз бевосита стадиондан туриб кузатишди. Бу уларга катта завқ, олам-олам таассуротлар, унутилмас лаҳзалар туҳфа этгани шубҳасиз.

Мусобақага «Бунёдкор» делегацияси таркибида бориб келган ёш футболчиларимизнинг оталари – Азизбек Қудратов ва Санжар Салимжонов ўзларининг сафар таассуротлари билан ўртоқлашишди: «Ва ниҳоят, болаларимиз Европа футболи ҳавосидан ҳам баҳра олишди. Хорватия сафари «Бунёдкор» клуби томонидан аъло даражада ташкиллаштирилди. Бундай юртларга бориш болаларимиз учун орзу эди. Турнир жуда юқори савияда ташкил этилган. Бевосита ўйинларда иштирок этишдан ташқари, ўғилларимиз у ерда спорт маҳоратларини оширишди, кўплаб янги дўстлар орттиришди, вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказишди, Сплит шаҳри бўйлаб экскурсияда бўлишди. Адриатика денгизи соҳилларида маза қилиб ҳордиқ чиқаришди, денгизда сузишди. Ёш футболчиларга бундай шароитлар яратиб берганлари учун биз барча ота-оналар номидан «Бунёдкор» клуби президенти Меҳриддин Раззоқович Абдуллаевга ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз».

«Бунёдкор» клуби раҳбарияти турнир ташкилотчилари билан «Далматинко кубоги»да академиямиз жамоалари бундан буён мунтазам тарзда, яъни ҳар йили қатнашишлари борасида келишиб олди. Шунингдек, Хорватия жамоаларини Ўзбекистонга таклиф этиш масаласида ҳам ўзаро ижобий қарорга келинди.

Бундан ташқари, сафар мобайнида «Бунёдкор» ФКнинг бир гуруҳ мутахассислари Загреб шаҳрига ҳам ташриф буюришиб, машҳур

«Динамо» клубида танишув амалиётида бўлдилар. Клубнинг инфратузилмаси, иш фаолияти, иш юритиш модели ва стратегияси, ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишдилар. Ва энг асосийси, «Динамо» ФК раҳбарияти билан уларнинг ёшлар жамоаларига ҳар йили «Бунёдкор»дан энг иқтидорли 4-5 нафар футболчиларни стажировкага ва кўрикка юбориш борасида битимга эришилди.

«Бунёдкор» ФК матбуот хизмати

Мавзуга оид