Ўзбекистон | 15:11 / 13.06.2022
14045
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мудофаа вазири АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони билан учрашди

Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан келган АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла билан учрашди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Суҳбат бошида Баҳодир Қурбонов генерал Майкл Курилланинг янги лавозимга тайинлови билан қутлади ҳамда вазирлик биносидаги Амир Темур ҳаётига доир бўртма тасвирлар ҳақида меҳмонга маълумотлар берди.

Шунингдек, вазир тенглик асосида ривожланаётган Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига ўтганини ҳамда ўзаро ҳарбий ҳамкорликни, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни юқори баҳолашини таъкидлади.

«Биз учун АҚШ глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда асосий аҳамиятга эга бўлган, вақт билан синалган ҳамкордир...

АҚШ билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёрмиз. Сизнинг ташрифингиз мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришига юксак ишонч билдираман», – деди Ўзбекистон Мудофаа вазири.

АҚШ расмийси меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдирди. Генерал Курилла бир кун олдин Самарқанддаги тарихий зиёратгоҳларга ташриф буюргани ва кураш, кўпкари каби халқ ўйинлари гувоҳи бўлганини айтиб, келаси сафар бу каби учрашувларда қатнашиш хоҳишини билдирди.

«Айни вақтда мен АҚШ Марказий қўмондонлиги жавобгар ҳудудлар бўйлаб 90 кунлик танишув сафаридаман. Улар қаторига 21 мамлакат киради. Биз бу сафарни режалаштирганимизда, мен алоҳида Ўзбекистонга ҳам боришим кераклигига ишонч ҳосил қилдим.

АҚШ президенти менга топширган вазифа, берилган ресурслар [ушбу давлатлар учун] қандай таҳдидлар, алоқаларда қандай бўшлиқлар ва асосийси ҳамкорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар борлигини тушуниб олишга имкон беради», – дея генерал Майкл Курилланинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Учрашувнинг қолган қисми ёпиқ эшиклар остида ўтди.

Мавзуга оид