Ўзбекистон тепасидан учиб ўтган Америка разведка самолёти қандай уриб туширилган эди?
1960 йил май ойида АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолёт Афғонистон томондан СССР чегарасини бузиб ўтади. Сўнг Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон тепасидан учиб ўтиб, РСФСР ҳудудига киради. Совет ҳарбийлари самолётни Свердловск (ҳозирги Екатеринбург) шаҳри яқинида уриб туширишади.
1960 йил 1 май куни Покистоннинг Пешавор шаҳридан АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли У-2 разведка самолёти ҳарбий учувчи Фрэнсис Пауэрс бошқарувида ҳавога кўтарилади. Самолёт СССРда разведка маълумотларини олиб сўнг Норвегиянинг Будё шаҳрида жойлашган АҚШ ҳарбий базасига боришни режалаштирганди.
Мазкур самолёт махсус тайёрланган бўлиб, аввал ҳам бир неча марта СССР чегараларини бузиб кирганди. Аммо у 24 минг метр баландликда учгани сабабли совет ҳарбий самолётлари уни тутолмаган, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда зенит ракеталари уриб тушира олмаган.
Самолёт СССР чегарасини тонгда, соат 5:36 да Тожикистон жанубидаги Кировобод (ҳозирги Панж) шаҳри яқинидан бузиб ўтади. Сўнг Сталинобод (Тожикистон пойтахти ўша пайтда шундай аталган) устидан ўтиб Ўзбекистон ҳудудига киради.
Ҳарбий учувчи Фрэнсис Пауэрс томонидан бошқарилган самолёт Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон тепасидан учиб ўтиб, Ўзбекистондаги шаҳарлар ва бошқа муҳим объектларнинг фотосуратларини олади. Сўнг Орол денгизи устидан ўтиб, Қозоғистон ҳудудига киради.
Фрэнсисга СССРдаги шаҳарлар ва ҳарбий объектлар қатори Бойқўнғир космодроми ҳамда Семипалитинск ядро синовлари полигонининг фотосуратларини олиш топшириғи берилган эди. У Қозоғистондаги ишини бажаргач аввал Челябинск вилояти ҳудудига ўтади, сўнг Свердловск (ҳозирги Екатеринбург) шаҳри тепасида уча бошлайди.
Жосус самолёт бу ҳудудда Озёрск шаҳрида жойлашган, ядро қуроллари учун плутоний ишлаб чиқарувчи Маяк заводининг фотосуратларини олиши лозим эди. Завод тепасига яқинлашган Фрэнсиснинг самолётини тутиш учун ҳавога иккита ҳарбий самолёт кўтарилади. Аммо улар ердан 24 минг метр баландликка чиқа олмайди.
Ана шу жойда Фрэнсис хотиржамликка берилади ва самолёт 14 минг метргача пастлайди. Вазиятдан фойдаланган совет ҳарбийлари уни «Ер-ҳаво» русумли ракета билан уриб туширишади. Биринчи ва иккинчи ракеталар мўлжалга тўғри бормайди. Учинчиси эса самолётнинг дум қисмига тегади.
Фрэнсис самолёт қулаётганда ўзини хотиржам тутади. Ерга 10 минг метрдан кам қолганда у самолётни тарк этади. Ерга 5 минг метр қолганда парашютни очади. Самолёт Свердловскдан 30 километр нарига қулайди. Фрэнсис эса сал нарироққа тушади. Ўша заҳоти уни маҳаллий аҳоли вакиллари қўлга олишади.
Унинг ёнидан тўппонча, пичоқ, йиғма қутқарув қайиғи, сув, компас, совет пуллари ва плакат топилади. Плакатда 14 та тилда «Сизга душман эмасман. Менга ёрдам берсангиз мукофотланасиз» деган сўзлар ёзилганди. Фрэнсисни ўша заҳоти Москвага жўнатишади.
Расмий Вашингтоннинг баёноти
Фрэнсис Пауэрснинг самолёти уриб туширилгани ошкор бўлгач, 1960 йил 3 май куни АҚШ давлат департаменти махсус баёнот билан чиқади. Баёнотда айтилишича, Фрэнсис жосуслик билан шуғулланмаган. У Туркия осмонида об-ҳаво тадқиқотлари билан шуғулланган. Атмосферанинг юқори қатламидан ҳаво намуналари олган. Сўнг кислород етишмовчилиги оқибатида ҳушини йўқотган ва самолёт СССР ҳудудига ўтиб кетган.
1960 йил 7 май куни СССР раҳбари Никита Хрушёв АҚШнинг уриб туширилган самолёти ҳақида алоҳида нутқ сўзлайди. У жосус учувчининг тириклигини ва кўрсатма бераётганини, самолёт СССР ҳудудига разведка маълумотлари олиш учун кирганини гапиради.
1960 йил 11 май куни АҚШ президенти Эйзенхауэр ҳам ҳодиса юзасидан матбуот анжумани ўтказади. У самолёт жосуслик мақсадида учмагани, у асосан метеорологик тадқиқотлар учун парвоз қилганини айтиб чиқади.
Аммо СССР бош прокурори унинг гапларини рад этиб, самолёт ичига ўрнатилган махсус ускуналарнинг фотосуратларини эълон қилади. Америка самолёти ҳақиқатан ҳам разведка маълумотларини олиш учун жиҳозланганди.
Самолёт уриб туширилгандан бир ой ўтиб, 1960 йил 31 май куни СССР раҳбари Никита Хрушёв Фрэнсиснинг отаси Оливер Пауэрсга телеграмма йўллайди.
«Мен Фрэнсиснинг онаси ёзган хатни унга етказиш ҳақида илтимос қилиб ёзган мактубингизни олдим. Аммо ундан негадир Фрэнсисга ёзилган хат чиқмади. Сизга шуни маълум қиламанки, ўғлингиз Совет Иттифоқи қонунлари доирасида суд қилинади. Мен судга таъсир кўрсата олмайман, қонун бунга йўл қўймайди. Агар сиз ўғлингизни кўриш учун СССРга келмоқчи бўлсангиз, ёрдамга тайёрман», дейилганди Хрушёвнинг телеграммасида.
Ҳодисанинг АҚШ-СССР муносабатларига таъсири
Фрэнсиснинг СССРга парвозидан бироз аввал Парижда иккита давлатга бўлинган Германия масаласида халқаро саммит ўтказиш режалаштирилганди. Шунингдек, саммитдан сўнг АҚШ президенти Эйзенхауэр давлат ташрифи билан Москвага келиши ва ядро қуролларини қисқартириш масалалари бўйича келишувлар имзоланиши лозим эди.
Фрэнсиснинг СССР ҳудудига кириши ва самолётнинг уриб туширилиши ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг совишига сабаб бўлади. Париж саммити ҳам фақат бир кун ўтказилади ва унда асосий масалалар муҳокамаси иккинчи даражага тушиб, ҳар икки давлат раҳбарлари бир-бирини айблайди. Охир-оқибат Хрушёв Эйзенхауэрнинг Москвага таклиф этилганини бекор қилади.
Шундан сўнг ҳар икки давлат ҳарбий тайёргарликнинг энг юқори даражасини эълон қилади ва «совуқ уруш» ҳолати янада авж олади.
Ҳукм
Фрэнсисни бир неча ой давомида тергов қилишади ва ундан СССРдаги АҚШ жосуслари ҳақида маълумот олмоқчи бўлишади. Аммо у Американинг СССРдаги жосуслари билан алоқада бўлмагани учун КГБ ходимлари ундан ўзлари хоҳлаган маълумотларни ололмайди.
Терговлар тугагач, 1960 йил 17-19 август кунларида суд бўлиб ўтади. 19 август куни СССР Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан Фрэнсис Пауэрсга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Айирбошлаш
1962 йил 10 феврал куни Берлиндаги Глиникс кўприги устида АҚШ ва СССР ўртасида айирбошлов бўлиб ўтади. АҚШ СССРга Америкада қўлга тушган совет жосуси Рудолф Абелни (ҳақиқий исм-шарифи Вильям Фишер бўлган) топширади ва ўрнига Фрэнсис Пауэрсни олади.
АҚШга қайтган Фрэнсисни аввалига айблаб чиқишади. Аммо Сенат уни оқлайди ва у яна ҳарбий хизматга қайтади. Кейинчалик ҳарбий авиация корхоналарида синовчи учувчи бўлиб ишлайди.
1970 йилда СССРда содир бўлган воқеалар ҳақида китоб ёзади. Кейинроқ АҚШ телеканалларидан бирига ишга киради ва махсус вертолётни бошқара бошлайди. 1977 йилда Санта-Барбарадаги ёнғин ҳақида репортаж тайёрлаб ортга қайтишаётганда Фрэнсис бошқариб кетаётган вертолёт ҳалокатга учрайди. Оқибатда у ва телеканал оператори ҳалок бўлади.
Фрэнсисга айирбошланган Рудольф Абел ким эди?
Ҳақиқий исм-шарифи Вильям Фишер бўлган бу одам совет жосуси эди. Унинг оиласи октябр тўнтаришидан кейин Буюк Британиядан Россияга кўчиб келган эди.
Вильям ёшлигида радиотехникага қизиқади ва ҳарбий ўқув юртида радистликка ўқийди. 1927 йилда у НКВД таркибидаги давлат хавфсизлик бошқармасига ишга киради. 1930 йилдан бошлаб Европанинг турли давлатларида жосуслик қила бошлайди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин давлат хавфсизлик қўмитаси уни ноқонуний меҳнат муҳожири сифатида АҚШга киритишади. У асосан АҚШдаги ядро қуроллари тадқиқотлари ҳақида маълумот йиғиши лозим эди.
Вильям 1948 йилда литвалик Эндрю Кайотиса номига олинган паспорт билан АҚШга жўнаб кетади. Орадан бироз ўтиб у Нью-Йоркка кўчиб ўтади ва номини Эмил Роберт деб ўзгартиради. Вильям инглиз бўлгани учун АҚШда унча шубҳа уйғотмайди ва у анча хотиржам фаолият олиб боради.
Вильям Бруклинда фотостудия очиб шу ерда ишлайди ва АҚШдаги совет жосуслари тармоғига раҳбарлик қилади. Унинг шартли номи Марк бўлган.
Вильям АҚШда муваффақиятли ишлайди ва бу давлатга борганига бир йил бўлганда Қизил Байроқ ордени билан мукофотланади.
Вильямнинг қўлга тушиши
1952 йилда Вильямга Москвадан янги ёрдамчи жўнатилади. Вик лақабли бу жосус ўзига топширилган вазифаларни эплай олмайди. Орадан тўрт йил ўтиб, 1956 йилда ортга қайтаришмоқчи бўлишганда Вик кутилмаганда АҚШ махсус хизматларига совет жосуслари ҳақидаги барча маълумотларни сотиб қўяди.
Шундан сўнг Москвадагилар Вильямга АҚШдан чиқиб кетишга тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ беришади. Аммо Вильямга янги паспорт тайёр бўлгунча у АҚШда қолишга мажбур эди.
1957 йилда Нью-Йоркдаги меҳмонхонада яшириниб ётган Вильямни ФҚБ агентлари қўлга олади. Дастлабки терговда у ўзини марҳум дўстининг номи билан атаб Рудольф Абел деб таништиради. Рудольф Абел ҳам КГБ (бу пайтда НКВД таркибидаги хавфсизлик бошқармаси алоҳида қўмита қилинганди) подполковниги бўлиб, 1955 йилда вафот этганди. Вильям АҚШда суд қилинади ва унга 32 йил қамоқ жазосини беришади.
Орадан 5 йил ўтиб, 1962 йилда СССР ва АҚШ совет жосуси Вильям Фишер ҳамда АҚШлик учувчи Фрэнсис Пауэрсни айирбошлаш ҳақида келишувга эришади. 1962 йил 10 феврал куни Подстам ва Ғарбий Берлин ўртасидаги Глинск кўприги устида айирбошлаш амалга оширилади. Шу тариқа Вильям ва Фрэнсис қамоқдан озод бўлиб ўз мамлакатларига қайтишади.
Шундан сўнг Вильям КГБда ишини давом эттиради ва жосусликка тайёрланаётган ёш КГБ ходимларига дарс беради. У 1971 йилда 69 ёшида саратон хасталигидан вафот этади.
Фрэнсис Пауэрс ҳодисаси ўз даврида жуда катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Шу сабабли, мазкур ҳодиса ҳақида кўплаб мақолалар, ҳужжатли филмлар, шунингдек, АҚШ, Германия, СССР ва Россия киноижодкорлари томонидан турли йилларда бешта бадиий филм суратга олинган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:01
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46 / 14.11.2024