Россиялик фойдаланувчилар Windows’ни юклаб олишда муаммоларга дуч келди
Россия интернет провайдерлари орқали Microsoft компанияси дастурий таъминотини юклаб олишга уриниш чоғида хатолик юз беряпти. VPN орқали юклаб олиш муваффақиятли амалга ошди.
Россиялик фойдаланувчилар Microsoft дастурларини юклаб олишда муаммоларга дуч келишди: Windows 10 ва 11 операцион тизимларини ўрнатиш учун ёрдамчи дастурлар, шунингдек, операцион тизимлар намуналари ва Media Creation Tool дастурлари бўйича носозликлар келиб чиқмоқда, деб хабар берди DTF портали 18 июнь, шанба куни.
Муаммолар ҳақида биринчи хабарлар 2022 йил июнь ўрталарида пайдо бўлди, Қозоғистондан бир нечта шикоятлар келиб тушди. Тасвирларни юклаб олишга уринаётганда, фойдаланувчилар файл ёки каталог топилмаганлигини билдирувчи «404 хато»га дуч келишди. Европа ва Америка VPN файллари орқали уланганда юклаб олиш мумкин.
DW мухбири Россия IP-манзилидан VPN’га кириш орқали Microsoft дастурий таъминотини юклаб олишга ҳаракат қилди, бироқ бир хил хато хабарига дуч келди.
Муаммо «Билайн» симли интернетида, шунингдек, МТС, "Билайн" ва Tele2 мобил интернети орқали уланганда юзага келмоқда, дея қайд этган CNews нашри. Microsoft ўзининг айрим маҳсулотларини Россияда ишлатиб бўлмаётгани ҳақидаги хабарларга расман изоҳ бермади.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан сўнг, Microsoft Россияда янги маҳсулотларни сотишни тўхтатганини эълон қилди.
Шу билан бирга, март ойининг охирида, Reuters агентлигининг ёзишича, Microsoft президенти Брэд Смит Украина президенти Володимир Зеленскийга мактуб йўллаб, унда Киевнинг Россия билан барча алоқаларни узиш ҳақидаги чақириқларига қарамай, Microsoft мамлакатда санкцияларга тушмаган мижозлар, жумладан мактаблар ва касалхоналарда ўз бизнесини давом эттиришини тушунтирди.
«Ушбу муассасаларни дастурий таъминот янгиланиши ва хизматларидан маҳрум қилиш бегуноҳ фуқаролар, жумладан, болалар ва қарияларнинг саломатлиги ва хавфсизлигига хавф туғдириши мумкин», деб тушунтирди Смит 14 март кунги мактубида. Худди шу мурожаатда у Microsoft компанияси АҚШ, Буюк Британия ва Европа иттифоқи ҳукуматлари билан Россияда «жорий хизматлар ва қўллаб-қувватлашни тўхтатиш» масаласини муҳокама қилаётганини ёзган.
Июнь ойи бошида компания «иқтисодий истиқболларнинг ўзгариши ва бизнесга таъсир натижасида Россиядаги операцияларни сезиларли даражада қисқартиришга» қарор қилганини билдирди. «Янги сотувлар тўхтатилиши давом этар экан, биз россиялик мижозлар билан мавжуд шартнома мажбуриятларини бажаришда давом этамиз», — дея компания сўзларидан иқтибос келтирган Bloomberg.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024