Кондаги “уруш”, “ебтўймас” бактериялар – Учқудуқда олтин қазиб олиш жараёнидан репортаж
Кетма-кет чалинган огоҳлантирувчи ва жанговар сигналлардан сўнг карьерда гумбурлаган овоз эшитилади ҳамда осмонга чанг-тўзон кўтарилади. Бу каби портлатиш ишлари учун кунига 150 тоннагача аммиакли селитра сарфланади. 3-гидрометаллургия заводида эса тирик бактериялар олтинни ажратиб олишда “кўмаклашади”.
Учқудуқ тумани ҳудудида Бухоро амирлигининг яширин олтин конлари бўлгани, у ердан асосан табиий сочма олтин (самородок) териб олингани ҳақида турли афсоналар учрайди. Бу афсоналар қанчалик рост эканини аниқлаш мушкул. Аммо Қизилқум чўлининг бу ҳудуди уран ва олтин захираларига бойлиги ўтган асрнинг 50-йилларида маълум бўлган. Навоий вилояти марказидан 300 км олисда жойлашган Учқудуқда саноат усулида олтин қазиб олиш ишлари 1995 йилда, “Навоий кон металлургия комбинати”нинг Шимолий кон бошқармаси таркибида 3-гидрометаллургия заводи ишга туширилгач бошланган. Бунгача ҳудудда фақат уран қазиб олинган.
Учқудуқда олтин қазиб олиш бироз фарқли. Яъни, олтинни ажратиб олишда тирик бактериялар “ёрдами”дан фойдаланилади. Сабаби ҳудуддаги “Шарқий” конидан асосан сулфидли маъдан қазиб олинади. 4 893 гектар майдонни эгаллаган мазкур кон 27 та карьердан иборат. Йиллик қазиб олинадиган маъдан миқдори 4 млн тонна. Шу каби “Даугизтов” конидан ҳам йилига 4 млн тонна олтинли маъдан қазиб олиниб, 3-гидрометаллургия заводига олиб келинади.
Ер остидаги рудани олтинга айлантириш бир нечта босқичдан иборат ва бунда минглаб мутахассис меҳнат қилади: геологлар маъдан жойини аниқлайди, ҳудудга буровой уриш нуқталари белгиланади, чуқурлар кавлангач портлатувчилар портлатиш ишларини бажаради, маъдан улкан техникаларда кондан ташиб чиқилиб, 3-гидрометаллургия заводига жўнатилади, заводда эса бир неча цехдан ўтиб, тайёр маҳсулот кўринишига келади.
Ушбу жараёнлардан энг хавфлиси, албатта, портлатиш ишлари. Ҳозирда Шимолий кон бошқармаси таркибидаги конларда 20 нафардан ортиқ портлатувчи мутахассислар иш олиб боради. Портлатиш ишлари махсус техникалар ёрдамида кавланган чуқурларга аммиакли селитра юбориш орқали амалга оширилади.
“27 йилдан буён фаолиятим бевосита портлатиш билан боғлиқ. Карьерларда кунига уч маротабагача портлатиш ишлари олиб борилади, кунлик режамиз 89 минг тонна метр³. Ушбу режани бажариш учун 130-150 тонна аммиакли селитра сарф қиламиз. Портлатишдан олдин 3 минут давом этадиган огоҳлантирувчи сигнал чалинади. Бу вақтда портлатишга алоқадор бўлмаган ходимлар ва техникалар белгиланган ҳудуддан чиқиб кетиши керак. Кейин икки марта жанговар сигнал чалинади ва портлатилади. Ярим соат давомида, ҳавога кўтарилган чанг ва газлар тарқалгунича портлатилган ҳудудга ҳеч ким киритилмайди”, — дейди “Шарқий” кони портлатиш участкаси бошлиғи Ваҳобжон Бобоёров.
Уруш саҳналарини эслатиб юборувчи портлатиш жараёнида хавфсизликка қатъий амал қилинади. Шу сабабли кондаги бу “уруш”да кўнгилсиз ҳодисалар деярли содир бўлмайди.
Олтин қазиб олишдаги қизиқ жараёнлардан бири 3-гидрометаллургия заводининг биооксидлаш цехида амалга оширилади. 138 нафар мутахассис иш олиб борадиган цехда тирик бактериялар ёрдамида оксидлаш орқали сулфидли минераллардан олтин ажратиб олинади. Яъни бактериялар жараёнга салбий таъсир қиладиган минералларни “ейиш” орқали олтинни ажратиб олишда ёрдам беради.
3-гидрометаллургия заводида ушбу технологиянинг 1-босқичи 2008 йилда, 2-босқичи эса 2011 йилда ишга туширилган. Ҳозирда у ишлаб чиқариш қуввати бўйича дунёда ягона ҳисобланади. Кунлик маъданни қайта ишлаш қуввати 2 минг тонна концентрантни ташкил қилади.
3-гидрометаллургия заводи биооксидлаш цехи бошлиғи Бобур Эшпўлатов ушбу технология ҳақида шундай дейди:
“Кўкпатас” ҳамда “Даугизтов” конларидан заводга олиб келинган маъдан дастлаб майдалаш цехидан ўтади. Сўнгра янчиш, флотация жараёнлари олиб борилади. Навбатдаги босқичда концентрант бизнинг цехимизга келади. Бу ерда маҳсулот бактерия ёрдамида биологик ва кимёвий оксидланади. Қоғозга ўралган ширинликни тасаввур қилинг, шу каби олтиннинг устини сулфид минерали ўраб турган бўлади. Бактерияларимиз мана шу минералларни оксидлаб, олтинга йўл очиб беради”.
Биооксидлаш цехида 96 соат мобайнида оксидланиб чиққан маҳсулот тозалаш босқичларидан ўтказилиб, қуйиш цехига юборилади. У ерда эса 1 100 даража иссиқликдаги махсус печларда эритилади ва қолипларга қуйилади.
Шимолий кон бошқармаси директори Неъматилла Аҳатовнинг таъкидлашича, 3-гидрометаллургия заводи ишга тушган илк йилларда 1,27 млн тонна олтинли маъдан қайта ишланган бўлса, 2021 йилда ушбу рақам 8 млн тоннани ташкил этган. Яқин йилларда бу кўрсаткични янада ошириш кўзда тутилмоқда.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
14:31 / 08.08.2024
Ўзбекистоннинг расмий захиралари рекорд миқдор – 37,4 млрд долларга етди
12:29 / 24.07.2024
Кувайт Ўзбекистон билан тоғ-кон саноати соҳасида ҳамкорликни йўлга қўймоқчи
14:33 / 22.07.2024
Газ сотиш 24 баробарга ошди, олтин экспорти тўхтади, Россия ва Хитойга боғлиқлик ортиб боряпти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
07:50 / 19.07.2024