Жаҳон | 11:00 / 23.06.2022
7613
2 дақиқада ўқилади

Вена яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди

Австрия пойтахти 2018 ва 2019 йиллардаги каби яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтингида учинчи бор биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринда Дания пойтахти Копенгаген, учинчи ўринда Швейцариянинг Цюрих шаҳри жойлашган.

Фото: iStock

Британиянинг The Economist журнали таҳлилий бўлими – Economist Intelligence Unit (EIU) томонидан 23 июнь, пайшанба куни эълон қилинган йиллик рейтингга кўра, Австрия пойтахти Вена учинчи бор дунёнинг яшаш учун энг қулай шаҳри деб топилди. Илгари Вена 2018 ва 2019 йилларда ушбу рўйхатда биринчи ўринни эгаллаган эди. Венани жуда жозибали қиладиган нарса - бу барқарор шароитлар, яхши инфратузилма ва соғлиқни сақлаш тизими, шунингдек, кўплаб маданий муассасалар ва дам олиш имкониятлари.

EIU рейтингига кўра, энг қулай шаҳарлар орасида иккинчи ўринда Дания пойтахти Копенгаген, учинчи ўринда Швейцариянинг Цюрих шаҳри жойлашган. Яшаш учун энг қулай немис шаҳри Франкфурт-Майн бўлиб, у еттинчи ўринда қайд этилди. Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Киев бу йил тадқиқотга киритилмади. 

Аввалроқ, 2021 йил декабрида Исроилнинг Тел-Авив мегаполиси сайёрадаги 173 та шаҳарда яшаш нархини таққослаган EIU тадқиқоти натижаларига кўра дунёдаги энг қиммат шаҳар деб тан олинган эди. Ушбу рейтингда иккинчи ўринни Париж ва Сингапур бўлишди, учинчи ўрин йўқ, Швейцариянинг Цюрих шаҳри эса тўртинчи ўринни эгаллади. 

Мавзуга оид