Жамият | 18:20 / 26.06.2022
14017
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда юк машинаси ва автобус тўқнашди. Бир йўловчи ҳалок бўлган

Янгийўлда юк машинаси автобусга бориб урилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, яна бир йигит жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Фото: Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси

Тошкент вилояти Янгийўл туманида 26 июн куни юк автомашинаси ва автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.

Ҳолат шу куни соат 07:00 ларда М-39 Тошкент—Термиз йўлининг 825-чақиримида содир бўлган. Ҳайдовчи А.С. (1997 йилда туғилган) Isuzu юк автомашинасини Чиноз—Тошкент йўналишида бошқариб кетаётиб, ўзига нисбатан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи А.Ч. (1963 йилда туғилган) бошқарувидаги Isuzu автобусининг орқа қисмига бориб урилган.

ЙТҲ оқибатида автобуси йўловчиси бўлган аёл Ф.О. (1997 йилда туғилган) олган тан жароҳати билан воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, юк автоулови йўловчиси Б.С. (2000 йилда туғилган) тан жароҳати билан жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Автобусдаги бошқа йўловчиларга ҳам биринчи ёрдам кўрсатилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга Isuzu юк машинаси ҳайдовчисининг ухлаб қолиши сабаб бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид