Жаҳон | 08:57 / 01.07.2022
10994
4 дақиқада ўқилади

Черниҳивдаги турар жой биносининг ўққа тутилиши: россиялик танкчи айбига иқрор бўлди 

Черниҳив суди россиялик танкчи Михаил Куликов ишини кўришни бошлади. У 26 февраль куни Украина шаҳарларидан бирининг чеккасида жойлашган кўп қаватли уйни ўққа тутганини тан олди.

Фото: Picture Alliance

2022 йил 30 июн куни Черниҳивнинг Деснянский туман суди Россия Федерацияси қуролли кучларининг 35-алоҳида қўриқчилар мотоўқ бригадасининг 31 ёшли ҳарбийси Михаил Куликов иши бўйича суд мажлисини бошлади. Украина Бош прокуратураси Куликовни жорий йилнинг 26 февралида Черниҳив чеккасидаги кўп қаватли турар жой биносини Т-72б танкидан ўққа тутгани учун уруш қонунлари ва одатларини бузганликда айбламоқда.

Суд мажлисида прокурор Артем Дикийнинг айтишича, 24 феврал куни эрталаб Черниҳив области Сенковка қишлоғи яқинида, таркибида Куликовнинг танки бўлган ҳарбий техника карвони Беларус орқали Украинага бостириб кирган. У Черниҳивга бориб, 26 феврал куни шаҳар четида жанг қилган. Тушликдан сўнг, Кольцевая кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган Куликов ўз қўмондони ва ватандоши майор Леонид Шчеткиндан янги кўп қаватли бинога ўқ отиш буйруғини олган. У 9 ва 10-қаватлардаги иккита квартирани, шунингдек, техник қаватдаги биноларни 125 мм калибрли снаряд билан нишонга олган ва вайрон қилган. Портлаш оқибатида деярли бутун бинонинг ойналари шикастланган, бироқ аҳолидан ҳеч ким жабрланмаган. Тергов Куликов етказган зарарни деярли бир миллион гривнага баҳолади.

Кўп ўтмай Куликов ва Шчеткиннинг танкига зарба берилган ва руслар йўл ёнидаги уйлардан бирининг ҳовлисида яширинишга ҳаракат қилиб, у ерда украиналик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган.

Суд мажлиси бошида россиялик танкчи ўзи айбланаётган жиноятда айбини тўлиқ тан олди. Прокурор Дикийнинг сўзларига кўра, чин дилдан айбини тан олиш унинг жазосини енгиллаштириши мумкин – Украина Жиноят кодекси уруш одатлари ва қонунларини бузганлик учун саккиз йилдан 12 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади. Бироқ судья Николай Кузюра россиялик ҳарбийларга қўйилган айбловларни тўлиқ тартиб асосида кўриб чиқишга қарор қилди. 30 июн куни у айблов томонининг гувоҳларини тинглади: уларнинг ҳеч бири кўп қаватли уйга ўқ узилганини ўз кўзи билан кўрмаган. 

Пенционер Владимир К. судга 26 феврал куни тушдан кейин қандай қилиб хусусий секторда ўқлардан яширинганини айтиб берди. «Ҳаммаси жимиб қолгандан сўнг, мен қизиқиб қараб келдим. Йўлда танкни кўрдим, унинг ёнида асирга олинган аскарлар ўтирган эди», деди у. Володимир К. суд залида аскарлардан бирини - Михаил Куликовни таниди. Контузиядан шикоят қилган иккинчиси, афтидан, Леонид Шчеткин бўлган. Прокурорларга кўра, россиялик майор аллақачон асирлар алмашинуви доирасида қўйиб юборилган.

Россия танкига зарба берилгач, Куликов ва Шчеткин йўл ёнидаги ҳовлига яширинишга ҳаракат қилган. 69 ёшли Елена С. судда ўқлардан қўшнилариникида қандай яширинганини айтиб берди. У отишма тугагач, «товуқларни қамаш учун» уйига қайтиб, шийпонда икки эркакка дуч келган. «Икки йигит ўтирарди, улар бизники эмасди ва менга қарата қурол ўқталишди. Мен эшикни ёпдим ва қочиб кетдим. Тезда аскарларимизни чақирдим, улар ярим соат ичида олиб кетишди», деб эслайди у. Аёл Куликовни таний олмаган. 

30 июн куни суд зарар етган бинодаги аксарият хонадонларга эгалик қилувчи «Форест-3» компанияси вакилини ҳам сўроқ қилишга муваффақ бўлди. Бироқ, у фақат бино фуқаролик объекти эканлигини ва ҳарбийлар томонидан фойдаланилмаганини тасдиқлади. 

Кейинчалик суд жиноятнинг ашёвий далилларини ўрганиб, танк ўқининг ҳолати ва мақсадини баҳолаши керак бўлган экспертларни тингламоқчи эди. Аммо улар учрашувга келмади. Судья Николай Кузюра суд мажлисларида деярли уч ҳафталик танаффус эълон қилди. Эшитувлар 19 июл куни давом этади. 

Мавзуга оид