Ўзбекистон | 19:03 / 02.07.2022
7397
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Қодирий боғининг таъмири нима бўлди?

Kun.uz Тошкент шаҳри марказидаги таъмирталаб ҳолатда қолаётган, шу сабабли аҳоли фойдалана олмаётган Абдулла Қодирий боғи бўйича воқеалар ривожини ёритиб келмоқда. Боғнинг ҳолати ҳақидаги қатор мақолаларимиздан кейин бу ерда таъмирлаш ишлари бошланганди.

Боғнинг таъмирланган қисми / Фото: Olmazor Business City

Баҳор бошида берган хабаримизда “Olmazor Business City” директори Умид Умаровга асосланган ҳолда, боғ реконструкцияси 7 мартдан бошланиши ва 3 ойда тугалланиши кутилаётгани ҳақида ёзгандик.

Маълум бўлишича, шундан кейин боғда муайян таъмирлаш ишлари олиб борилган, бироқ маблағ ажратилиши масаласидаги кечикишлар сабаб ишлар бир муддат тўхтаб қолган.

“Olmazor Business City” дирекцияси вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, май ойи охирида халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан боғни лойиҳалаш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 990 млн сўм маблағ ажратилган.

Фото: Olmazor Business City
Фото: Olmazor Business City

Компания расмийси айни пайтда боғ лойиҳаси бўйича лойиҳалаш ташкилотлари ўртасида танлов ўтказишга ҳозирлик кўрилаётганини маълум қилди.

Ёзнинг қарийб ярмига яқинлашаётганимизни ҳисобга олсак, реконструкция ишларини имкон қадар тезроқ бошлаш ва якунлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Албатта, бунда таъмирни тез бажариш ишлар сифатида таъсир қилмаслиги лозим.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид