Жаҳон | 18:50 / 02.07.2022
10156
2 дақиқада ўқилади

АҚШда афроамерикалик полиция томонидан отиб ўлдирилиши оммавий норозиликларга сабаб бўлди 

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, 25 ёшли Жейланд Уокерга саккиз нафар полициячи 90дан ортиқ ўқ узган. 

Фото: 3News

АҚШнинг Оҳайо штатидаги Акрон шаҳрида полиция операцияси давомида навбатдаги афроамерикаликнинг ўлдирилиши оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Бу сафар 25 ёшли Жейланд Уокер полиция қурбонига айланди.

Акрон полиция департаментининг хабар беришича, Уокер 27 июн куни йўл ҳаракати қоидасини бузганидан сўнг полициядан қочишга уринган чоғида отиб ўлдирилган. Хабарда айтилишича, у полициячиларга қарата ўқ узган.

"Гумондорнинг ҳаракатлари полиция ходимларининг ҳаётига хавф солган", улар шу сабабли ўқ узган, деб маълум қилган полиция. Полиция унинг машинасидан қурол топилганини билдирган.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Уокерга саккиз нафар полициячи 90дан ортиқ ўқ узган.

"Унга 60та ўқ теккан", - деб ёзди Black Lives Matter ташкилоти Twitter саҳифасида.

Уокернинг ўлимига алоқадор полициячилар хизматдан вақтинчалик четлатилган.

2020 йилда Миннеаполис шаҳрида афроамерикалик Жорж Флойд полиция ходимлари томонидан қўлга олиш чоғида ҳаётдан кўз юмганди. Бу воқеадан сўнг АҚШнинг кўплаб шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтган, айрим ҳолларда намойишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетганди.

Мавзуга оид