Спорт | 16:49 / 06.07.2022
21438
4 дақиқада ўқилади

Сьерра-Леонеда футбол ўйинлари 91:1 ва 95:0 ҳисобида якунланди

Африка қитъасида жойлашган Сьерра-Леоне давлати лигаларидан бирида ўтказилган 2 та футбол ўйинида жами 187 та гол урилди. Мамлакат футбол ассоциацияси суриштирув бошланганини эълон қилди.

Фото: Getty Images

Сьерра-Леоне қуйи лигасининг сўнгги туридан ўрин олган 2 та ўйин голларга ҳаддан зиёд бой бўлди. 

Жумладан, «Каҳунла Рейнжерс» ўз майдонида «Лумбебу Юнайтед»ни 95:0 ҳисобида, «Галф» клуби эса «Кокуима Лебанон»ни 91:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу натижалар мамлакат футболи тарихидаги энг йирик ҳисоб бўлди.

Сьерра-Леоне футбол ассоциацияси (СЛФА) президенти Томас Дадди Брима ҳар иккала ўйин натижаси бекор қилинганини айтди: «Биз бундай нохуш воқеа иштирокчилари жазосиз қолаётганига бир четда қараб туролмаймиз. Зудлик билан суриштирув бошлаймиз ва бундай шармандаликка йўл қўйган барча айбдорларни жавобгарликка тортамиз. Айбдор шахслар СЛФА қоидаларига мувофиқ жазоланади. Шунингдек, уларнинг иши мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш комиссиясига топширилади».

«Каҳунла Рейнжерс» бош директори «спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни кескин қоралади». «Лумбебу» жамоаси бош менежери эса «ўйинда қандайдир келишув бўлганидан бехабар» эканини айтди.

«Кокуима Лебанон» клуби раҳбари ўз жамоаси иштирокидаги баҳс аслида ўртоқлик ўйини бўлганини таъкидлади. «Галф» клуби расмийлари қандайдир изоҳ беришдан бош тортишди.

«Каҳунла Рейнжерс» ва «Галф» клублари сўнгги турдан олдин бир хил очко жамғаришган эди. Улар Super 10 миллий лигаси йўлланмаси учун курашаётган эди.

Икки ўйин бир хил вақтда бошланди. Биринчи бўлимдан кейин «Каҳунла Рейнжерс» 2:0 ҳисобида, «Галф» эса 7:1 ҳисобида олдинда эди. Иккинчи бўлимда вазият кескин ўзгариб кетди ва тўплар фарқи яхшироқ бўлган жамоа кейинги босқичга чиқиши ойдинлашди. Натижада «Каҳунла Рейнжерс» 45 дақиқа ичида 93 та гол, «Галф» эса 84 та гол урди.

«Каҳунла» компаниясининг ижрочи директори Эрик Каителл ўз жамоаси ва қолган 3 та клубни ижтимоий тармоқларда қоралади.

«Клубим «Каҳунла Рейнжерс»нинг ғалати ўйин натижаси учун мамлакатдаги ва дунё футбол мухлисларидан узр сўрайман. Мен ўз жамоам ва унга алоқадор бошқа жамоаларнинг спортга хос бўлмаган бундай хатти-ҳаракатларини кескин қоралайман. Бу воқеани текшириш учун қўмита тузмоқдаман. Ҳеч қачон келишилган ўйинларнинг бир қисми бўлмайман», деди у.

«Лумбебу» бош менежери Муҳаммад Жан Саид Жаллоҳ бош мураббий йўқлигида унинг ўрнида турган эди. Ўйинда унинг 3 футболчиси четлатилди, жамоаси 0:95 ҳисобида ютқазди.

«Мен ўйинда келишув бўлганидан хабардор эмасман, бошқаларни билмадим. Иккинчи бўлимда жуда кўп гол ўтказиб юбордик. Ҳеч қачон келишилган ўйинларнинг бир қисми бўлмайман. Мен футбол маъмуриятини иккала ўйинни ҳам текшириб кўришга ва айбдорларни жазолашга чақираман», деди у.

«Кокуима Лебанон» клуби раҳбарияти «Галф»га (1:91) қарши ўйин ўртоқлик мақомида бўлганини таъкидлади. Муҳаммад Ланфиа Тункара сўзларига кўра, расмий ўйин ўтказилмасдан қолган. Унинг ўрнига мухлисларни ранжитмаслик учун клубнинг баъзи аъзолари ва футболчилари иштирокида ўртоқлик баҳси ўтказилган.

Мавзуга оид