Иқтисодиёт | 15:49 / 16.07.2022
13802
7 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет” жараёнини амалга ошириш механизмларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди

Фото: KUN.UZ

Сунъий равишда овозлар сонини кўпайтиришнинг олдини олиш мақсадида овоз бериш имконияти фақатгина СМС хизмати орқали амалга оширилиши ва порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар томонидан овоз берилишида ҳам уларнинг телефон рақамларига СМС-хабарнома юборилган бўлиши шарт. Шунингдек, лойиҳаларни саралаш босқичининг давомийлиги 10 кундан 20 кунга узайтирилмоқда. “Humans” алоқа оператори абонентларининг овоз бериш жараёнларида иштирок этишлари чекланмоқда. Ишларни сифатсиз ёки талаб даражасида бажармаслик ҳолатлари юзасидан тўғридан тўғри порталга мурожаат қилиш имконияти яратилади.

“Ташаббусли бюджет” жараёни иккинчи мавсуми бошланишидан аввал ушбу жараёнларни тартибга солиш ва жойларда кузатилган айрим камчилик ва англашилмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 30 июндаги КҚ-377-сонли қарорига мувофиқ намунавий низомнинг тегишли бандларига тузатиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

“Бундан ташқари, иккинчи мавсум бошланиши олдидан “Очиқ бюджет” ахборот порталида ҳам бир қатор техник ишлар амалга оширилиб, лойиҳаларни илгари суриш ҳамда овоз бериш жараёнлари такомиллаштирилди, жараённинг шаффоф ҳамда ҳаққоний ўтказилишини таъминлаш мақсадида қўшимча функциялар татбиқ этилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Хусусан, янги мавсумдан бошлаб қуйидаги ўзгаришлар амалиётга татбиқ қилинади.

1. Лойиҳаларни илгари суришда эндиликда фуқаролар ўзлари яшаб истиқомат қилиб келаётган ҳудуд (туман ёки шаҳар)га қўшимча равишда маҳаллани ҳам танлашлари ва лойиҳанинг номини киритишда аввалдан шакллантирилган рўйхат ичидан тегишли соҳани танлашлари лозим бўлади. Ушбу киритилган ўзгартириш авваламбор фуқароларга қулайлик яратиш ҳамда лойиҳаларни илгари суришда фойдаланувчиларга барча амалларни (лойиҳа матнидан ташқари) «клик» орқали бажариш имкониятини беради.

Шу билан бирга, давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказишда ҳудудлар жумладан, маҳаллалар кесимида дастурлар ишлаб чиқилишига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Шу сабабли ҳам, “Ташаббусли бюджет” жараёнларини эндиликда, нафақат туман ва шаҳар даражасида, балки маҳаллалар кесимида ижросини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишига эришиш мақсадида жараёнларда фаол иштирок этган ёки умуман лойиҳалар илгари сурилмаган маҳаллалар рўйхатини шакллантириш тизими жорий этилмоқда. Бу эса келгусида “Ташаббусли бюджет” жараёнларида нофаол бўлган маҳалла институтларини аниқлаш ва улар билан тизимли ишларни ташкил этиш имкониятини беради.

2. Овоз бериш жараёнида фуқаролар томонидан СМС хизмати орқали ҳамда порталдан рўйхатдан ўтган фуқароларга шахсий кабинетлари орқали овоз бериш имконияти яратилган. Ўтган давр мобайнида фуқаролар томонидан турли хил телефон рақамлар билан порталдан рўйхатдан ўтган ҳолда “фойдаланувчилар” захирасини шакллантириб олиш ва кейинчалик ушбу аккаунтлардан фойдаланиб лойиҳаларга овоз берган ҳолда сунъий равишда овозлар сонини кўпайтириш ҳолатлари кузатилган. Ҳақиқатда эса, ушбу аккаунтлар учун бириктирилган телефон рақамлар тизимдан аллақачон ўчиб кетган ёки бошқа шахснинг номига расмийлаштирилган бўлиши мумкин.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва жараённинг ҳаққоний ўтказилишини таъминлаш мақсадида овоз бериш имконияти фақатгина СМС хизмати орқали амалга оширилиши ва рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар томонидан овоз берилишида ҳам уларнинг телефон рақамларига юборилган СМС-хабарнома билан амалга оширилиши татбиқ этилмоқда. Бунда, барча овозлар “реал-вақт” кўринишида амалга оширилиб, хақиқатда амалда бўлган (ишлаб турган) телефон рақамлар орқали овоз берилишига эришилади.

3. Ўтган давр мобайнида айрим туман ва шаҳарларда фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларнинг хилмахиллиги ва миқдори кескин кўпайгани сабабли ушбу лойиҳиларни белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан саралаб олишда турли муаммолар юзага келди. Жумладан, 400-500га яқин лойиҳани баҳолаш ва уни амалга оширишнинг техник имкониятларини ўрганиш учун 10 кун вақт етарли бўлмаган. Шу сабабли ҳам, “Ташаббусли бюджет” жараёнларини ўтказиш муддатлари қайта кўриб чиқилиб, лойиҳаларни саралаш босқичининг давомийлиги 20 кун этиб белгиланмоқда. Натижада, ушбу жараёнлар учта босқичдан иборат – ҳар бир босқич 20 кунни ташкил этиб, умумий “Ташаббусли бюджет” жараёнлари 60 кун давомида ўтказилиши белгиланди.

4. Ҳозирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча мобил алоқа операторлари абонентларида “Ташаббусли бюджет” жараёнларида таклиф қолдириш ёки овоз бериш имконияти мавжуд. Ўтган давр мобайнида “Humans” алоқа оператори абонентлари томонидан “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз беришда бошқа алоқа оператор абонентларига нисбатан устунликка эга бўлгани кузатилган. Яъни ушбу оператор абоненти бир дона “симкарта” орқали ўзига тегишли бўлган мобил телефон рақамни ҳар куни бепул равишда 5 маротабагача ўзгартириш имкониятига эга бўлиб, ўз-ўзидан бунинг натижасида бир “симкарта” орқали бир нечта овоз бериш ҳолатлари кузатилган. Шу сабабли, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг ҳаққоний ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг иккинчи мавсуми доирасида “Humans” алоқа оператори абонентларининг овоз бериш жараёнларида иштирок этишлари чекланмоқда.

5. “Ташаббусли бюджет” бўлими орқали ғолиб деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни билан бевосита танишиб бориш ва кузатилаётган камчилик ёки муаммоли ҳолатлар юзасидан портал орқали хабар қолдириш имконияти яратилмоқда. Натижада, фуқаролар ишларнинг сифатсиз ёки талаб даражасида таъмирланмаслик ҳолатлари юзасидан тўғридан тўғри портал орқали хабар беришлари мумкин. Бу эса, маблағлардан самарали фойдаланиш ва турли хил қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишда алоҳида механизм бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, иккинчи мавсум доирасида ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 900 млрд сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид