UzAuto Motors янги Chevrolet Tracker-2023 моделини ишлаб чиқаришни бошлади
Ўзбекистонда биринчи марта кроссовер типидаги автомобил тўлиқ циклда ишлаб чиқарила бошланди, дея эълон қилди UzAuto Motors. Айни вақтда Асакадаги автомобил заводида Chevrolet Tracker-2023 автомобилининг тақдимоти бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда қатнашаётган Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, янги модел 30 августдан сотувга чиқарилади. Нархи ҳозирча маълум эмас. Бироқ у Хитойда ишлаб чиқариладиган моделдан бироз қимматроқ бўлиши истисно қилинмаяпти: Асакадан чиққан Tracker-2023нинг двигатели кучлироқ бўлади. Илк босқичда LS, LT ва Premier комплектациялари сотувга чиқарилади.
Tracker автомобили бунгача фақат Хитой ва Бразилияда ишлаб чиқарилган. Унинг янги авлоди Ўзбекистон бозорига 2021 йил январда Хитойдан кириб келган эди. Ўтган йил декабрда Асакада бу моделнинг илк тест-тажриба варианти ишлаб чиқарилганди.
UzAuto Motors серияли ишлаб чиқара бошлаган илк кроссоверидан йилига 80 минг дона чиқармоқчи. 2022 йил охиригача 25 мингта Tracker-2023 ишлаб чиқарилиши режа қилинган.
Кроссовер GM томонидан ишлаб чиқарилган CSS Prime тежамкор двигатели, интеллектуал функциялари ва хавфсизлиги билан ажралиб туриши айтилмоқда.
L шаклидаги LED ёритгичли кундузги чироқлар ва панорамали люкка эга. Янги услубдаги қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган.
Chevrolet Tracker-2023 техник хусусиятларининг муҳим жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- 1,2 ҳажмли, айланма ҳаракатда 190 Нм ва 97 кW қувватга эга замонавий уч цилиндрли CSS Prime турбомотор;
- 6 поғонали автоматик узатмалар қутиси;
- аралаш циклда тежамкор ёнилғи сарфи 6,9 л/100 км, шаҳар ташқарисидаги йўлда ҳаракатланиш – 5,6 л/100 км;
- хавфсизликни таъминлаш тизими (паст тезликда автоматик тормозлаш, кўриниши чекланган жойлар мониторинги, фаол фавқулодда тормозлаш, олдинда турган тўсиқлар ҳақида огоҳлантирувчи сигнализация, яримавтомат (параллел) тўхташ тизими;
- ҳароратни автоматик назорат қилувчи тизим (климат контрол);
- круиз-контрол;
- калитсиз салонга кириш ва двигателни ишга тушириш;
- чарм қопламали рул;
- электр механизмга эга ҳайдовчи ўриндиғи;
- эко-чармдан ўриндиқлар қопламалари;
- симсиз зарядлаш қурилмаси;
- тўлиқ светодиод оптикаси ва LED орқа габарит чироқлар ва бошқалардан иборат.
Мавзуга оид
09:40 / 30.08.2022
Янги Chevrolet Tracker’нинг нархлари эълон қилинди
15:40 / 26.07.2022
Tracker-2 вa Onix автомобиллари учун шартнома бериш қачондан бошланиши маълум қилинди
09:00 / 22.02.2022
Chevrolet Tracker автомобилининг тўлиқ циклини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
11:45 / 09.01.2019