Ўзбекистон | 13:20 / 19.07.2022
22010
6 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонга оид таклифлар ва референдум – Жаҳонгир Ширинов билан интервью

Конституциявий лойиҳа муҳокамаси муддатлари нега узайтирилмоқда? Қорақалпоғистонга алоқадор таклифларни ким берган эди? Лойиҳа қачон ва қай тартибда референдумга чиқарилади? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Конституциявий комиссия аъзоси Жаҳонгир Ширинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб берди.

- Ассалому алайкум! Маълумки, Конституциявий лойиҳа муҳокамаси муддатлари бир неча маротаба узайтирилди. Хўш, нима сабабдан муҳокама муддатлари бир неча маротаба узайтирилмоқда?

- Конституциявий лойиҳани биринчи маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйганимизда, биз шунақанги салмоқли таклифларнинг келишини кутмаган эдик. Тўғри, айрим фуқароларимиз таклифларини алоҳида ҳуқуқий қолипга сола олмагандир, лекин уларнинг берган таклифлари керак бўлса мутахассисларни жалб қилишни талаб этмоқда.

Конституцияни тайёрлаш учун биргина ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи етарли эмас экан. Бу жараёнда вақти келса, эколог, педагог, тиббиёт ходими бўлиш ҳам керак. Чунки конституция барча соҳаларни қамраб оладиган бош ҳужжат ҳисобланади. Шунинг учун бу жараёнга тор доирадаги мутахассисларни жалб қилишга тўғри келди.

Депутатларимиз жойларда 2 мингга яқин учрашувларни ташкил қилишди. Мана шу учрашувларда фуқароларимиз депутатларга таклифлари борлиги ва яна юборишларини айтишмоқда. Колл-маркази, бошқа воситалар орқали келиб тушаётган мурожаатларда ҳам муҳокамаларни давом эттиришни сўрашяпти. Буларнинг бари қонун лойиҳаси муҳокамаси долзарблигини, уни давом эттириш кераклигини кўрсатади.

Бу – халқимизнинг талаби, халқимиз лойиҳани янаям муҳокама қилишни хоҳлаяпти ва бу тўғри. Нима учун? Конституция – мамлакатимиз, халқимиз, миллатимизнинг келажагини белгилаб берувчи бош ҳужжат. Буни шошма-шошарлик билан қабул қилиб бўлмайди.

- Лойиҳа юзасидан келиб тушаётган ўн минглаб таклифлар қай тартибда саралаб олинади? Буни кўриб чиқишга Конституциявий комиссия ёки Парламент улгуряптими?

- Ростини айтсам, диққатимиз, энг катта меҳнатимизни сарфлаётган масала юзасидан савол бердингиз. Ҳақиқатдан, қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилганидан бери, 87 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Шунча таклиф…

Мана шу таклифларни кўриб чиқишга Парламент қуйи палатасининг битта эмас, иккита қўмитаси масъул қилиб белгиланган. Яъни иш ҳажми катта эканлиги илгаридан ҳисобга олинган.

Иккинчидан, бизга Конституциявий комиссия яқиндан ёрдам беряпти. Биласиз, комиссиянинг иккита катта гуруҳи бор, яъни улар таклифларни йиғиш ва умумлаштириш ҳамда таклифларни таҳлил қилиш билан шуғулланади. Бу гуруҳлар бизга жуда ҳам яқиндан ёрдам беряпти, аниқроғи, бир хил мазмундаги таклифларни умумлаштириб беришлари ҳам бизнинг ишимизни анча осонлаштирмоқда. Ёки умуман конституциявий ислоҳотга алоқаси йўқ бўлган айрим таклифларни ажратиб олишмоқда. Умуман, шу йўллар билан ишимизни анча енгиллаштиряпти.

Биз мана шу йўл билан ҳар бир таклифни қўшма қўмиталар гуруҳида кўриб чиқиб, мутахассисларни жалб қиляпмиз ва шу тариқа бирортасини эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қиляпмиз.

- Умуман, янги йўналиш ёки мавзудаги таклифлар бўлса, уни лойиҳага киритиш-киритмаслик масаласини ким ҳал қилади?

- Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига киритилганидан кейин келиб тушадиган барча таклифларни кўриб чиқиб, қонунни такомилга етказиш бу қўмиталарнинг зиммасидаги масъулият ҳисобланади. Ҳозир иккита қўмитамиз ҳам бу борада иш олиб боришмоқда. Бир таклифни киритамиз, бошқаси келади, биринчисига қарама-қарши бўлиб қолган ҳолатлар ҳам бўлади. Яъни бу – тўхтамаётган жараён.

Шунинг учун мен юқорида айтдим, бу ерда ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи етарли эмас. Қўмиталар жараёнга мутахассисларни ҳам жалб қилиб, барча ишларни кўриб, қонун лойиҳасини такомилга етказиш билан шуғулланишмоқда.

- Хабарингиз бор, норозиликлардан сўнг Конституциядаги Қорақалпоғистонга алоқадор моддалар ўзгаришсиз қоладиган бўлди. Ўзи бу таклифни ким берган эди?

- Конституциямизнинг 83-моддаси бор, қонун ташаббускорлиги субъектлари, яъни кимлар қонун ташаббускорлигига эгалиги акс эттирилган. Улар орасида депутатлар, Бош прокурор, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқалар ҳам мавжуд. Шунингдек, бу рўйхатга Қорақалпоғистон Республикаси номидан Жўқорғи Кенгес ҳам киритилган. Унинг қонун лойиҳасини киритиш ваколати ҳам бор, шундан фойдаланиб Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси томонидан қонун лойиҳаси киритилган.

Энди Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ҳам эътибор қаратадиган бўлсак, қорақалпоқ халқи номидан иш олиб боришга унинг Жўқорғи Кенгеси ваколатли ҳисобланади.

Бу ерда ҳеч қандай ҳуқуқий жиҳатдан қонунбузилиш ҳолати ёки нотўғри иш йўқ, ҳамма конституциявий ваколатидан фойдаланган. Жўқорғи Кенгеснинг ҳам қонун лойиҳасини киритишга, ҳам халқ номидан иш кўришга ваколати бор.

Қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиқишгач, депутатларимиз иккита лойиҳани бирлаштирди ҳамда халқнинг муҳокамасига чиқаришди. Бундан ортиқ демократия бўлиши мумкинми? Кимдир буни тайёр қонун лойиҳаси ёки қабул қилинди, деб ҳам ўйлади. Йўқ, бу – муҳокама чиқарилган лойиҳа, таклифлардан келиб чиқиб яна халқнинг ўзига берилади. 

- Қонун лойиҳаси қачон референдумга чиқарилиши кутилмоқда?

- Келиб тушган таклифларга қараймиз. Мана 15 кунга узайтирилди, лекин шунга қарамай улгурмаяпмиз. 1 августгача халқимиз қонун лойиҳасини яна муҳокама қилишни сўраса, яна давом эттиришимиз мумкин.

Ёки агар таклиф тугайдиган бўлса, депутатларимиз билан маслаҳатлашамиз. Бу қонуннинг қанчалик такомиллашганига боғлиқ. Лойиҳа миллий қонунчилигимиз, халқимизнинг манфаатига ҳамда халқаро нормаларга мос бўлганидан кейингина, уни референдумга чиқаришни эълон қилишимиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид