Жамият | 17:07 / 30.07.2022
14789
5 дақиқада ўқилади

Магистрал газ қувурлари билан бино-иншоотлар орасида қанча масофа бўлиши керак?

Хонадонда бир кун газ бўлмаса, кайфиятимизга таъсир қилишишини ҳар биримиз яхши биламиз. Зудлик билан тармоқ ходимларига қўнғироқ қилиб, ҳолатни ўрганамиз. Аммо шу газ хонадонларга етказилиб берилишидаги машаққатли жараён, магистрал газ қувурлари ўтган жойларда мавжуд хавфдан огоҳ бўлиш ҳақида ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз.

Хўш, аслида табиий газ аҳолига ва истеъмолчиларга қандай етказиб берилади? Магистрал газ қувурлари атрофида мавжуд муҳофаза майдонлари ҳақида тасаввурга эгамизми? Магистрал газ қувурлари билан қурилмалар орасида қанча масофа бўлиши керак? Магистрал газ қувурлари аҳоли хонадонларига яқин жойда бўлса, мавжуд хавф ҳақида нималарни билишимиз жоиз?

Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси тасарруфида:

  • Умумий узунлиги: Магистрал газ қувурлари ва газ тармоқлари - 748,8км.
  • Газ тақсимлаш станцияни (ГТС) - 49та.
  • “Оҳангарон” газ сиқиш станциясини ташкил этади.
  • Магистрал газ қувурлар ва унинг тармоқлари қувурларининг диаметри 89 ммдан, 1220 ммгачани ташкил қилади. Магистрал газ қувурлари ва унинг тармоқларидаги ишчи босим
  • 12 кгс/см2.дан ÷ 40 кгс/см2.гача оралиқда ўзгариб туради.

Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси томонидан табиий газни ўлчов Ўзеллари орқали “Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги қўшни Фарғона МГҚБ, Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент шаҳри истеъмолчиларига етказиб берилади, деди Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси Газ тармоқларини Эксплуатация хизмати мутахассиси С.Б.Жовлиев. Бу қувурлар атрофида қувур ҳажмидан келиб чиққан ҳолда энг кам хавфсиз масофа ва муҳофаза минтақалари белгиланган. Бундай майдонларда бино-иншоот қуриш ёки қишлоқ хўжалик экинлари экиб фойдаланиш хавфлидир. “Ўзтрансгаз”АЖ, Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси тизимидаги масъул бўлимлар мутахассислари томонидан муҳофаза минтақаларида жойлашган қурилмаларни хавфсиз жойларга кўчириш, қувурлар атрофидаги мавжуд хавф тўғрисида мунтазам тарзда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Натижалар бор. Лекин ҳали бу борадаги ишлар тўлиқ ҳал этилмаган жойлар ҳам йўқ эмас.

Эксплуатациянинг нормал шароитини таъминлаш ва қувурлар бузилишига (уларнинг ҳар қандай ўтказилишидан қатъи назар) йўл қўймаслик учун «Магистрал газ қувурларни ҳимоя Қоидаси»га ва Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси»нинг 69-моддасига асосан, муҳофаза минтақаси ўрнатилган:

Магистрал газ қувурлари ётқизилган ҳудудда жой мавзелари, аҳоли пунктлари, саноат ва қишлоқ хўжалик корхоналари, иморатлар (турар жой ва нотурар жой бинолар) қурилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тақиқланган.

Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидан ўтган магистрал газ қувурларининг муҳофаза минтақалари, Ўзбекистон Республикаси Давлат Архитектура ва Қурилиш Қўмитаси томонидан 1997 йил 2 майда тасдиқланган “Қурилиш Меъёрлари ва Қоидалари” (ҚМҚ 02.05.06-97)нинг 4-жадвали 1-бандига асосан қувур диаметрига қараб, қувур ўқидан ҳар икки томонга 100 метрдан – 350 метргачани ташкил этади.  

Магистрал газ қувурларни ҳимоя минтақаси Қоидалари бузилишига айбдор бўлган мансабдор шахслар ва фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексининг «Магистрал қувурлар ҳимояси қоидаларини бузиш» ҳақидаги 150-моддасига асосан, жавобгарликка тортиладилар.

Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси томонидан хизмат кўрсатиладиган магистрал газ қувурларининг муҳофаза минтақаларида жойлашган бино ва иншоотлар фавқулодда ҳолат содир бўлиши эҳтимоли бўлган хавфли ҳудудда турибди. Жумладан, Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси тасарруфидаги магистрал газ қувурлари ва унинг тармоқларининг муҳофаза минтақаларида бугунги кунда жами 367 та турар ва нотурар бино иншоотлар мавжуд.

Таъкидлаш керакки, Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармасининг масъул ходимлари томонидан бу қурилмаларнинг эгалари мавжуд хавф ва қурилмаларни хавфсиз жойга кўчириш тўғрисида ҳар чоракда оғзаки ва ёзма огоҳлантирилади, Уларнинг ижроси таъминланмаган тақдирда судларга даъво аризалари киритилади.

2022 йилнинг ўтган даврида биргина Қибрай туманидаги магистрал газ қувурларининг муҳофаза минтақаларида мавжуд қурилмалар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига 26 та даъво аризаси киритилди. Аризалар кўриб чиқилган ва қурилмаларни хавфсиз жойга кўчириш бўйича суд ҳал қилув қарорлари ҳам чиқарилган. Лекин уларнинг ижроси сустлигича қолмоқда. Ижроси пайсалга солингани билан мавжуд хавф камайиб қолмайди.

Собиқ кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича Қибрай тумани комиссияси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Буни тўғри тушуниш ва белгиланган меъёрларга риоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Қачонки, бирор жойда газ сизиб чиқиб, кимдир моддий зарар ёки инсоний талафотга йўлиққанда айбдорни қидиргандан – хатарнинг олдини олган яхшироқ. Магистрал газ қувурларининг атрофида ўта эҳтиёткорлик зарурлиги, белгиланган майдонларга дахл қилмаслик эса ҳар биримиз учун шарт эканлигини унутмаслик зарур.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид