Жиззахда аввал ҳам жиноят содир этган шахс одам ўлдирди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тарзда қамоққа олинган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 24 июл куни соат 16:00 ларда Дўстлик туманидаги ошхонада одам ўлими билан боғлиқ жиноят содир этилган.
Дўстлик тумани Алишер Навоий маҳалласида жойлашган ошхонада икки хўранда ўртасида низо келиб чиққан. Жанжалда Арнасой тумани Бўстон маҳалласида яшовчи шахс маст ҳолатда Наврўз маҳалласида яшовчи шахснинг юзига уриб, унга тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан оғир тан жароҳати олган жабрланувчи шифохонада вафот этган. Марҳумнинг вафотига бош мияга қон қуйилиши жароҳати сабаб бўлган.
ИИБ ходимларининг сайъ-ҳаракатлари билан гумонланувчи шахс ушланганда, у 2019 йилда транспорт воситасини олиб қочгани учун 5 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилиб, жорий йил 25 май куни суд томонидан жазонинг қолган қисми ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилгани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тарзда қамоққа олинган.
Аввалроқ, Жиззахда икки чўпоннинг ўзаро жанжали ҳам қотиллик билан якун топганди.