Жаҳон | 12:19 / 01.08.2022
10295
3 дақиқада ўқилади

Одесса портидан дон ортилган биринчи кема чиқиб кетди

Украина инфратузилма вазири Олександр Кубраков ва Туркия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Сьерра-Леоне байроғи остидаги Украина маккажўхори юкланган Razoni юк кемаси Одесса портидан Ливанга йўл олган.

Фото: ANADOLU AGENCY/GETTY IMAGES

Одесса денгиз портини Украина дони ортилган биринчи юк кемаси тарк этди. 1 август, душанба куни эрталаб маккажўхори ортилган Сьерра-Леоне байроғи остидаги Razoni кемаси Ливанга йўл олди, деб хабар берди Украина инфратузилма вазири Олександр Кубраков. Бу маълумотни Туркия Мудофаа вазирлиги ҳам тарқатган. 

Истанбул дон экспортини назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, юк кемаси 26 минг тоннадан ортиқ маккажўхори олиб кетмоқда. Марказ, шунингдек, кема 2 август куни Туркиянинг ҳудудий сувларига кириб келиши кутилаётганини билдирди. Текширувдан сўнг кема Триполига йўл олади. 

Идорадан таъкидланишича, Истанбулда РФ, Украина, БМТ ва Туркия ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ, Украина портларидан озиқ-овқат юкланган қўшимча кемалар ҳам чиқиб кетади. Аввалроқ Анқара Украина ғалласи бўлган биринчи карвон таркибида 16 та юк кемаси бўлиши ва улар Туркия ҳудудий сувларига 2 августда етиб бориши мумкинлигини маълум қилганди. Уларга дронлар ҳамроҳ бўлади, шунингдек, сунъий йўлдошлар орқали кузатиб борилади. Босфор яқинида кемалар текширувдан ўтказилади. 

Аввалроқ Истанбулда Украина донини экспорт қилиш бўйича назорат маркази очилган эди. Туркия марказ озиқ-овқат инқирозини енгиб чиқишга катта ҳисса қўшишига ишонмоқда, дея маълум қилди Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулусий Акар. Координация маркази савдо кемаларини рўйхатга олади ва ҳаракатларини, хусусан, сунъий йўлдош маълумотлари ёрдамида кузатиб боради, деди Акар. Кемалар Қора денгизни Мармар денгизи билан боғлайдиган Босфор бўғозидан ўтаётганда бортда қурол йўқлиги юзасидан текширув олиб борилиши керак бўлади. 

22 июль куни Истанбулда БМТ ва Туркия воситачилигида РФ ҳамда Украина билан келишув имзоланган бўлиб, унинг мақсади Украина портлари блокадасига чек қўйишдир. Тахминларга кўра, экспорт Украинанинг учта порти - Одесса, Черноморск ва Южнийдан амалга оширилади. Келишув тузилганидан бир кун ўтиб, 23 июль куни Одесса порти Россия томонидан ракета зарбаларига учради.

Украина расмийларига кўра, ўтган йилги ҳосилнинг 20 миллион тоннадан ортиғи ҳали экспортга чиқарилиши керак. Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин Украинага тегишли Қора денгиз портларининг блокадаси туфайли бу имконсиз бўлиб қолди. 

Мавзуга оид