Завоҳирийнинг ўлдирилиши: «Ал-Қоида» таҳдиди энди барҳам топадими?
Айман аз-Завоҳирий якшанба куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида америкаликларнинг учувчисиз учиш қурилмаси орқали ўлдирилди. АҚШ ўз фуқароларини огоҳ бўлишга чақирди.
АҚШ Давлат департаментидагиларнинг ҳисоблашича, унинг ўлими «Ал-Қоида» тарафдорлари ёки у билан алоқадор бўлган бошқа террорчилик гуруҳларни Америка объектлари ёки фуқароларига зарба беришга ундаши мумкин.
АҚШ президенти Жо Байден 2 август куни дунёнинг биринчи рақамли террорчиларидан бири, «Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирий Афғонистондаги амалиёт натижасида ўлдирилганини маълум қилди. У Кобул марказидаги уйлардан бирининг балконига америкаликлар дрони орқали зарба берилиши оқибатида ҳалок бўлган. Амалиёт АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиб, ҳокимиятга «Толибон» келишидан деярли бир йил ўтиб амалга оширилди.
Ҳужумдан олдин бир неча ой давомида пухта режалаштириш ишлари олиб борилди: CNN хабарига кўра, асосий вазифа тинч аҳоли вакиллари, жумладан аз-Завоҳирийнинг оиласи аъзолари ҳалок бўлишига йўл қўймаслик эди. Телеканал маълумотига кўра, Америка разведкаси йил бошида «Ал-Қоида» раҳбарининг жойлашувини аниқлаган. Жо Байденга бу ҳақда апрел ойида, маълумот узил-кесил тасдиқланганида ҳисобот берилган.
Амалиётни батафсил режалаштириш аз-Завоҳирийнинг хулқ-атворини, шунингдек у яшаётган уйнинг дизайни ва тузилишининг алоҳида жиҳатларини ўрганишни ҳам ўз ичига олган. Якуний брифинг 25 июл куни ўтказилган, беш кун ўтиб эса америкаликлар иккита Hellfire ракетасини йўллаган. The New York Times газетаси ёзишича, экспертлар фикрича, зарбалар айнан бир инсонни йўқ қилишга мўлжалланган R9X ракеталари орқали берилган. Улар ўзи билан портловчи модда олиб юрмайди ва кинетик энергия билан объектни яксон қилади. Зарба вақтида аз-Завоҳирий уй балконида бўлган.
Аз-Завоҳирий ўсмирлигидаёқ «Мусулмон биродарлар»га қўшилган. Кейинроқ СССРга қарши урушда афғон мужоҳидларига ёрдам кўрсатган
Айман аз-Завоҳирий 1951 йилда Мисрда туғилган. У бадавлат ва обрўли оилада ўсган: унинг қариндошлари сиёсатчилар, шифокорлар, олимлар ва диний уламолар бўлишган. 1974 йилда у тиббиёт бўйича диплом олган, уч йил жарроҳ сифатида армияда хизмат қилган, 1978 йилда эса жарроҳлик соҳасида магистрлик даражасини олган.
Аз-Завоҳирий жуда ёшлигидан сиёсий исломни ўрганишга киришган. 14–15 ёшларида у «Мусулмон биродарлар» диний-сиёсий бирлашмасига аъзо бўлган. Унга 1966 йилда қатл этилган ёзувчи ҳамда уюшма мафкурачиси Саййид Қутб катта таъсир кўрсатган. Шундан сўнг, The New York Times нашри ёзишича, аз-Завоҳирий Мисрдаги дунёвий ҳукуматни ағдаришни мақсад қилган яширин ячейкани шакллантиришда иштирок этган. BBC News маълумотига кўра, 1970-йилларда бу ячейка «Миср ислом жиҳоди» террорчи гуруҳига қўшилган.
1981 йилда аз-Завоҳирий гуруҳнинг қолган аъзолари билан биргаликда президент Анвар Саодатнинг қотиллигида иштирок этишда гумонланиб қўлга олинган. Кейинроқ ундан суиқасд бўйича айблов олиб ташланган. NYT нашри ёзишича, суд қарийб уч йил давом этган ва бу вақтда аз-Завоҳирийни доимий равишда калтаклаб, қийноққа солишган. BBC News қайд этишича, айнан шу даврда у бешафқат ва фанатик экстремистга айланган.
1985 йилда, озодликка чиқарилганидан кейин аз-Завоҳирий Мисрдан кетади. Аввалига Саудия Арабистонига келади, кейин Покистонга ўтади, CNN ёзишича, у ерда жарроҳ сифатида ишлайди ва Афғонистондан келган жангариларни даволайди. Ўшанда аз-Завоҳирий илк бор Усама бин Лодинни учратади, у ҳам совет қўшинларига қарши урушда мужоҳидларга ёрдам бераётганди. Тахминан ўша йилларда аз-Завоҳирий «Миср ислом жиҳоди» етакчисига айланади. BBC News нашри ёзишича, афғон уруши якунлангач, у молиялаштириш манбаларини излаб жуда кўп саёҳат қилган.
1997 йилда аз-Завоҳирий Афғонистонга қайтади, бир йил ўтиб «Миср ислом жиҳоди» «Ал-Қоида» ҳамда бошқа бир қанча гуруҳлар билан бирлашиб, яҳудий ва христианларга қарши ислом жиҳоди фронтини ташкил қилади.
NYT маълумотига кўра, айнан аз-Завоҳирий террорчилар учун худкушлик ва бегуноҳларни, жумладан мусулмонларни ҳам ўлдиришни мақбул қилган ҳужжатни ёзган — у шаҳиднинг эътиқоди бундай тақиқлардан устун туришини таъкидлаган. Бундан ташқари, Ислом сиёсий тафаккури институти директори Аззам Тамимийнинг фикрича, аз-Завоҳирий «дунёдаги мусулмонларнинг кўпчилиги аслида мусулмон эмас» деб ҳисоблаган.
Бирлашувдан ярим йил вақт ўтиб, 1998 йилнинг 7 августида, Кения ва Танзания пойтахтларида синхрон террорчилик акциялари содир этилган, бу ҳужумлар нишони АҚШ элчихоналари бўлган. Портлашлар оқибатида 223 киши ҳалок бўлиб, бир неча минг киши яраланган.
«Ал-Қоида»нинг энг йирик акцияси эса — 2001 йил 11 сентябридаги терактлар ҳисобланади. Аз-Завоҳирий бин Лодин билан биргаликда ушбу ҳужумлар илҳомчиси бўлгани айтилади. Ўшанда террорчилар гуруҳи тўртта йўловчи самолётни қўлга олишади: улардан иккитаси Жаҳон савдо марказига, биттаси Пентагонга бориб урилади. Сўнгги самолёт Пенсильванияда қулаб тушади. Терактлар оқибатида уч минг атрофида одам ҳалок бўлган.
11 сентябрдан кейин Усама бин Лодин ва Айман аз-Завоҳирий узоқ вақт яшириниб юради, уларнинг иккиси ҳам қаердалигини аниқлаб бўлмайди. Ўшанда АҚШ улардан бирортасини топишда қўл келадиган маълумот учун 25 миллион доллар миқдорида мукофот эълон қилганди.
Аз-Завоҳирий Усама бин Лодиннинг ўлимидан кейин «Ал-Қоида» бошқарувига келади
2011 йил баҳорида бин Лодин Покистонда америкаликлар махсус амалиёти натижасида йўқ қилинади. Шундан кейин, The Washington Post нашри ёзишича, аз-Завоҳирий «Ал-Қоида»нинг номинал етакчисига айланган.
Экспертлар Айман аз-Завоҳирийнинг «Ал-Қоида»даги фаолиятига турлича баҳо беришади. Адвокат ва ёзувчи, террорчи билан шахсан таниш бўлган Мунтассир аз-Заят The New Yorker учун берган интервьюсида у АҚШ ҳудудидаги терактлар учун Усама бин Лодин билан бир хил даражада жавобгар ҳисоблашини айтган.
Халқаро муносабатлар бўйича кенгашнинг терроризмга қарши кураш бўйича мутахассиси Брюс Ҳоффман аз-Завоҳирий бин Лодиннинг ўлимидан кейин ташкилот ўз мавжудлигини сақлаб қолишида муҳим ўрин тутганини таъкидлайди. Бундай фикрни хавфсизлик масалалари бўйича консалтинг фирмасининг терроризмга қарши кураш бўйича таҳлилчиси Колин Кларк ҳам қўллаб-қувватлаган. Унинг сўзларига кўра, аз-Завоҳирий ташкилотни бошқарган ва нотинч замонда, хусусан ИШИД билан рақобат даврида ҳам уни сақлаб қола олган.
Шунга қарамай, экспертларнинг кўпчилиги ҳисоблашича, йил ўтган сайин аз-Завоҳирий маргинал фигурага айланиб борган. «У бин Лодин каби харизматик етакчи эмасди. У шунингдек ўзини «Ал-Қоида»нинг ўта лаёқатли етакчиси сифатида намоён эта олмади», — деган CNN таҳлилчиси Питер Берген.
Кейинроқ ИШИД сафига қўшилиб кетган «Ал-Қоида»нинг собиқ аъзолари ҳам аз-Завоҳирий ташкилот фаолиятида муҳим рол ўйнаган деб ҳисоблашмайди, у сўнгги вақтларда деярли кўриниш бермаётганди. «Ишончим комилки, Байден буни муҳим воқеа содир бўлгандек кўрсатишга ҳаракат қилади. Лекин бу биз учун мутлақо аҳамиятсиз. Айман аз-Завоҳирий бин Лодиндан кейин амир бўлганди, энди эса у шаҳид. Бори шу. Муҳими бошқа масала: унинг ўрнини ким эгаллайди?» — деган The Washington Post нашрига шахси сир сақланишини сўраган «Ал-Қоида»нинг собиқ аъзоси.
Байден душанба кунги баёнотида Завоҳирийнинг ўлимидан кейин 2001 йилги теракт қурбонлари оилалари енгил тин олиши мумкинлигини айтган.
Унинг қўшимча қилишича, Завоҳирий бошқа зўравонлик актлари, жумладан 2000 йил сентябрида Яманнинг Адан шаҳрида америкаликларнинг USS Cole эсминецида террорчи худкуш ўзини портлатиши орқали содир этилган теракт ортида ҳам турган. Бу ҳужум оқибатида 17 нафар америкалик денгизчи ҳалок бўлганди.
«Давлат департаменти 2022 йил 31 июлида Аймай аз-Завоҳирий ўлдирилгани ҳисобга олинса, Америка манфаатларига қарши зўравонлик эҳтимоли юқори деб ҳисоблайди. Мавжуд маълумотларга кўра, террорчи ташкилотлар дунёнинг кўплаб минтақаларида АҚШ объектларига қарши ҳужумларни режалаштиришда давом этмоқда. Улар худкушлик ҳужумлари, қотилликлар, одамларни ўғирлаш, самолётларни ўғирлаш ва портлашлар содир этиш каби турли тактикалардан фойдаланиши мумкин», дейилади идора хабарида.
Давлат департаменти АҚШ фуқароларига хорижга сафарлар вақтида «юқори даражадаги ҳушёрлик ва вазиятни яхши англаш»га чақирган.
«Ал-Қоида» билан нима бўлмоқда?
Фрэнк Гарднер, BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича корреспонденти
«Ал-Қоида» бир вақтлар кичик, марказлашган, жипсланган ташкилот бўлган. Бугун у бутун дунё бўйлаб тарқалган, асосан бошқарилмайдиган ёки ёмон бошқариладиган ҳудудларда тарқалган издошлар гуруҳлари билан глобал франшизага айланди.
Масалан, «Ал-Қоида»нинг Сомалидаги филиали «Аш-Шабоб» етакчи жиҳодчи гуруҳ бўлиб қолмоқда.
Африка «Ал-Қоида» ва ИШИД каби йирик жиҳодчи гуруҳлар ўртасидаги жанг майдонига айланди, айниқса Африка шимоли-ғарбидаги Сахел минтақасида таъсир доираси учун жиддий кураш кечади.
Улар нафақат ўз нуқтайи назарларидаги «муртад» режим ва ҳукуматларга қарши, балки ўзаро ҳам жанг қилишади. Кўп ҳолларда бундан тинч аҳоли вакиллари жабр кўришади.
«Ал-Қоида» ҳамон Яқин Шарқдаги асосий террорчи гуруҳ бўлиб қолмоқда. Бин Лодин саудиялик, Завоҳирий - мисрлик эди, бугунги кунда мавжуд бўлган олий раҳбарият - деярли фақат араблардан таркиб топган.
Ташкилот Сурия шимоли-шарқида кенг таъсир доирасини сақлаб қолган, бу ҳудудда америкаликларнинг дронлари ва махсус топшириқли бўлинмаларнинг рейдлари жангариларнинг тахминий бошпаналарига зарбалар бериб келади.
Завоҳирийнинг ўлимидан кейин «Ал-Қоида» энди ўзининг аввалги таъсирини янги етакчи ва янги стратегия билан тиклашга қарор қилиши мумкин.
Етакчиси ҳалок бўлгани билан унинг таҳдиди ҳам йўқолишини кутиш соддалик бўлади.
Мавзуга оид
16:52 / 28.08.2024
Буркина-Фасода ҳарбийлар учун хандақ қазиётган одамларга ҳужум қилинди
22:50 / 15.02.2023
«Ал-Қоида»нинг янги раҳбари боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинди
08:12 / 02.08.2022
«Ал-Қоида» етакчиси АҚШ амалиёти давомида йўқ қилинди
13:33 / 19.01.2022