Жаҳон | 08:25 / 09.08.2022
14246
3 дақиқада ўқилади

«Харкив келишувлари»: Украина Мудофаа вазирлиги собиқ раҳбари давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда

Украина ДТБ маълумотларига кўра, Михаил Ежел «Харкив келишувлари» имзоланишини маъқуллагани муносабати билан давлатга хиёнатда айбланган.

Фото: РИА Новости

Украина Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари Михаил Ежел 2010 йил апрелидаги «Харкив келишувлари» имзоланишини маъқуллагани ва РФнинг Қримни аннексия қилишида «ёрдам бергани» муносабати билан давлатга хиёнатда айбланмоқда. Бу ҳақда 8 август, душанба куни Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) хабар берди.

Собиқ вазир бир гуруҳ шахслар таркибида (Украина ЖКнинг 28-моддаси 2-қисми, 111-моддаси 1-қисми) олдиндан келишув асосида давлатга хиёнат қилганликда гумон қилинмоқда. Жиноий иш Украина Бош прокуратураси офисининг процессуал раҳбарлиги остида юритилмоқда. 

Бир вақтлар Украина ҲДКнинг бош қўмондони бўлган адмирал Киев ва Москва ўртасида РФ Қора денгиз флоти (ҚФ)нинг Украина ҳудудида бўлиши тўғрисидаги келишувни амалга ошириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тўпламини маъқуллаган, деб хабар берди ДТБ.

Шу билан бирга, Михаил Ежел 2010 йил 21 апрелда Украина вазирлар маҳкамасининг улар муҳокама қилинган йиғилишида қатнашмасдан, шунингдек, улар конституцияга ва старна қонунларига мувофиқлигини мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан туриб, ҳужжат лойиҳаларини маъқуллаган, дейилади баёнотда.

Давлат тергов бюроси 2014 йилда Қрим ва Севастополнинг аннексия қилинишига РФ ҚФнинг Украинада бўлгани ва унинг модернизацияси ҳисса қўшган, деб ҳисоблайди. 

2022 йил июлида Виктор Янукович президентлиги даврида Украина адлия вазири бўлиб ишлаган Александр Лавринович ва худди шу даврда ТИВни бошқарган Константин Гришченко давлатга хиёнатда айбланган эди. Айбловлар «Харкив келишувлари»нинг имзоланиши билан боғлиқ. 

2021 йилда қидирувда бўлган Виктор Янукович ва собиқ бош вазир Николай Азаров давлатга хиёнат қилиш бўйича айблов эълон қилинди. 

2010 йил 21 апрелда Харковда Янукович Украина номидан Киев ва Москва ўртасида РФ ҚФнинг Севастополда қолиш муддатини 25 йилга узайтирган келишувни имзолади. Келишувлар доирасида Украина учун Россия газининг нархи пасайтирилди. 

Мавзуга оид