Жаҳон | 21:10 / 11.08.2022
28398
14 дақиқада ўқилади

Диверсантлар, ракеталар, дронлар ёки «ноўрин жойда чекиш» — Қримдаги аэродромда нима бўлди?

Қримнинг Саки туманидаги аэродромда содир бўлган портлашлар Россия-Украина можаросидаги ҳарбий ҳаракатлар боришига таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас. Бу портлашлар табиати ва сабаблари ҳали аниқланмаган ёки расман ошкор этилмаган, бироқ бу Россиянинг оператив чуқурликдаги объектлари – Украинанинг фронт чизиғидаги позицияларидан 200 километрдан ортиқ масофадаги нишонлар зарбага учраши бўлди.

Фото: STRINGER

Украина кўп вақтдан буён яриморолни ўз назоратига қайтармоқчилиги ҳақида айтиб келади. Ҳатто келгусида Қримни Россия билан боғловчи Қрим кўприги ҳам зарбага учраши мумкинлиги айтилган.

Шу билан бирга, советлар давридан буён ҳарбий объектлар тиғиз жойлашган яриморол ҳамиша ҳар қандай ҳужумдан яхши ҳимоялангандек кўринарди. Биринчи навбатда, ҳаво ҳужумларидан.

Сакидаги аэродром - шу каби объектлардан бири. Иккинчи жаҳон урушидан олдинроқ қурилган, советлар ҳукмронлигининг охирги даврида машғулот базасига айлантирилган, бу ерда ташувчи авиация парвозлари ишлаб чиқилган - унда авиаташувчи палубани эслатувчи мураккаб ва қимматбаҳо НИТКА мажмуаси қурилган.

Бу авиабаза инфратузилмаси машғулот майдонидан ташқари уч километрлик алоҳида бетонли учиш-қўниш полосаси, ўтиш йўллари, самолётлар учун ҳимояланган тураргоҳ ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади.

2014 йилдан аэродромга Қора денгиз флоти денгиз авиациясининг 43-алоҳида денгиз штурм авиацияси полки жойлаштирилган. Google сунъий йўлдоши орқали 2022 йил ёзида олинган тасвирларда аэродромда Су-24М бомбардимончилари, Су-30 қирувчилари ва бошқа самолётлар турганини кўриш мумкин.

10 август тонгида Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Саки аэродромида россияликларнинг тўққиз самолёти йўқ қилинганини маълум қилди.

Аэродромда, Google тасвирларига кўра, тупроқ деворлар билан ҳимояланган алоҳида тураргоҳлар мавжудлиги кўринади. Шу билан бирга, тасвирларда айрим жанговар самолётлар шундай бошпаналарга жойлаштирилган бўлса-да, бошқалари очиқ жойларда бошқа транспорт воситалари билан ёнма-ён тургани кўринади.

Украина қуролли кучлари имкониятлари ҳақида маълумотлар етарли эмаслиги туфайли Қримнинг бу ҳудудида нима рўй берганини баҳолаш қийин. Ҳарбий экспертлар айтаётган тахминларнинг аксари Украина баъзи янги қуроллар олгани ёки мавжуд қуролларини модернизация қилган бўлиши мумкинлигига таянади, аммо бу борада тасдиқланган далиллар йўқ.

Портлашлар қанча бўлди?

Название

Маҳаллий аҳоли вакиллари Reuters агентлигига маҳаллий вақт билан соат 15:20 атрофида камида 12 портлаш овозини эшитишганини айтишган.

Интернетда пайдо бўлган видеоёзувлардан бирида бир марталик портлаш акс этган, бошқаларида - икки портлаш, булар бир вақтнинг ўзида турли нуқталарда содир бўлган.

Шу билан бирга, барча видеоларда олдинроқ портлашлар бўлган жойларда қуюқ қора тутун чиқиб туради.

Роликлардан бирида эркак овози кадр ортида шундай дейди: «Аллақачон беш марта портлади ва турли томонларда ёнғин чиқди». Бу сўзлардан кейин видеода яна бир портлаш рўй бергани кўринади.

Видеоёзувлар орқали аэродром ҳудудида айнан қанча портлаш содир бўлганини аниқлаш қийин.

Сунъий йўлдош тасвирларида портлаш оқибатлари қандай акс этган?

Американинг Planet Labs компанияси тақдим этган фотосуратларда портлашлар оқибатида юзага келган ёнғин оқибатида ёниб кетган каттагина ер участкаси акс этади.

Кўринишидан, аэродромнинг учиш-қўниш полосаси омон қолган, аммо камида саккизта учиш аппарати яксон этилган ёки жиддий шикастланган.

Кадрларда шунингдек бир қанча кратерлар юзага келгани ҳам акс этади. Уларнинг аксари авиабазанинг маълум бир қисмида тўпланган бўлиб, бу ҳудудда кўп сонли самолётлар ангардаги пана жойларда эмас, очиқ майдонда турганини кўриш мумкин.

Саки авиабазаси - портлашларгача ва ундан кейин:

Украина ҳудуди бўйича юзлаб сунъий йўлдош тасвир каналларини кузатувчи Planet Labs компанияси томонидан тақдим этилган фотосуратлар Россия авиабазасига етказилган зарарнинг илк мустақил тасдиғи бўлди. Бунга қадар етказилган зарар кўлами бўйича тафсилотлар жуда кам эди.

Бу фотосуратлар орқали ҳам айнан қанча машина буткул вайрон бўлгани ва қолганлари қанчалик шикастлангани тўғрисида аниқлаш қийин.

Россия ва Украинанинг изоҳлари

Сешанба куни кечқурун Россия мудофаа вазирлиги рўй берган ҳодиса «ўқ-дори детонацияси» билан изоҳланган баёнот тарқатганди.

«9 август куни соат 15:20 да Новофедоровка аҳоли пункти ҳудудидаги «Саки» аэродромида сақлаш майдонида бир қанча авиация ўқ-дорилари детонацияси рўй берди», дея вазирликдан иқтибос келтирган «Интерфакс».

Шу билан бирга, россиялик ҳарбийлар ташқаридан ҳеч қандай зарба келиб тушиши қайд этилмаганини айтишганди.

Киевдагилар ҳам портлашлар Украина қуролли кучларининг ҳаракатлари оқибатида бўй бергани тўғрисида аниқ маълумот бермаган. Аммо Украина президенти Володимир Зеленский шундай деди: «Россиянинг Украинага қарши ва бутун эркин Европага қарши уруши Қримдан бошланганди ва Қримда - унинг озод этилиши билан якунланиши керак».

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк эса Украина аэродромдаги портлашларга алоқадор эмаслигини айтди ва бу қримлик партизанларнинг иши бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Washington Post манбаси ҳам бу қандайдир отряд ҳаракати билан боғлиқлигини тасдиқлади. Америка газетаси Украина ҳукуматидаги аноним манбага асосланган ҳолда аэродромдаги портлашлар Украина махсус амалиёт кучлари фаолияти натижасида содир бўлгани ҳақида ёзган.

Нашр айнан қайси бўлинма ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган, аммо авваллари Ғарб нашрлари Украина махсус амалиёт кучлари Россия қўшинларининг фронт ортидаги ҳудудларига диверсия ҳаракатлари уюштириш билан шуғулланиши ҳақида хабар қилишганди.

Икки версия ҳам - Россия мудофаа вазирлиги баёноти ҳам, партизанлар ёки диверсия гуруҳи ҳаракатлангани ҳақидаги тахминлар ҳам шубҳа уйғотади.

Ўқ-дори омборлари ёниш ва портлаб кетишга мойил, аммо бир вақтнинг ўзида бир неча жойда ёнғин ва портлашлар содир бўлишини тасаввур қилиш қийин.

Диверсия гуруҳи ҳаракати ҳақидаги версия ҳам ишонарсиз, чунки бундай йирик авиабаза яхши қўриқланади ва унинг ҳудудига кириш учун жанг қилиб ўтиш талаб этилади, бундай жанг бўлганида аэродром ташқарисида ҳам бундай ҳаракат излари қолган бўларди. Ижтимоий тармоқларда диверсантлар ҳақида ҳеч қандай хабар тарқалмаган.

Бундан ташқари, бундай кучдаги портлашлар серияси фақатгина йирик миқдордаги портловчи моддалар қўлланганида рўй бериши мумкин, бунча портловчи моддаларни сездирмасдан аэродромга етказиш жуда қийин бўларди.

Америка ракеталари

GETTY IMAGES

Украина қуролли кучлари икки ойдан буён россияликларнинг фронт ортидаги объектларига HIMARS орқали, сўнгги ҳафталарда эса MLRS билан ҳам зарбалар бермоқда. Бу қурилмалар GMLRS ракеталарини учиради, бундай ракеталар билан турли нишонларни - омборлар, бинолар ва кўприкларга аниқ зарба бериш мумкин.

Шу туфайли портлашлар ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши биланоқ аэродромга Украина армияси назоратидаги ҳудуддан туриб ракеталар учирилгани тўғрисида версиялар янгради.

GMLRS - турли жанговар каллакларга эга бўлган ракеталар оиласи, учиш масофаси 70 километрни ташкил этади. Қолаверса, Loсkheed Martin GMLRS’нинг узоқроқ масофага, 150 километрга қадар етиб борувчи, янгиланган сериясини ишлаб чиқмоқда.

Аммо Украина GMLRS билан аэродромни ўққа тутиши мумкин бўлган энг яқин позиция ундан камида 200 километр узоқликда жойлашган.

HIMARS ва MLRS учун яна бир снаряд мавжуд - бу ATACMS тезкор-тактик ракеталар оиласи бўлиб, 300 километрга қадар учиши мумкин. Украина бир неча бор шундай ракеталарга эга бўлиш истагини баён этган, аммо очиқ манбаларда украинларга бундай қурол етказиб берилгани ҳақида маълумот йўқ.

Экспертлар буни АҚШ маъмуриятининг бундай ракета етказиб берилиши можарони янада кескинлаштириши мумкинлиги борасидаги хавотирлари билан изоҳлашади.

Агар Украина қуролли кучларида ATACMS бўлса, унинг учиш масофаси Сакидаги аэродромга зарба йўллаш имконини беради.

Аммо бу версияга ҳам шубҳа уйғотадиган жиҳат мавжуд. Ва гап Вашингтон ҳамон Киевга бундай ракеталарни беришга (камида очиқчасига) рози бўлмаётганида ҳам эмас.

Reuters агентлиги 12 портлаш ҳақида хабар берган, видеолардан бирининг муаллифи эса - олтита. Лекин масалан, Миколайив томондан учиб келадиган олтита ракетани россияликлар радарлари пайқаган ва бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига уларни тутиб қолишга имкон берган бўларди.

Агар радарлар уларни пайқамаган деб ҳисобланса ҳам, бундай йирик ракеталар учиб келишини кузатувчилар кўришган ва ҳатто видеога олган бўларди - чунки тарқалган видеолар олинаётган вақтда бир неча портлашлар рўй берди.

Қанотли ракеталар

HANDOUT

Баллистик ракеталардан фарқли ўлароқ, қанотли ракеталар анча пастлаб учиши мумкин. Украинада эса бундай ракеталардан бор.

Бу украинларнинг кемаларга қарши «Нептун» ракеталари, бундай ракеталар билан «Москва» крейсери чўктириб юборилганди, шунингдек америкаликларнинг кемаларга қарши Harpoon ракеталари - Украина бундай ракеталар билан Қора денгиз флотининг буксир кемаси «Василий Бех»ни чўктирганини маълум қилган.

Бу икки ракетанинг ҳам учиш масофаси 200 километрдан ошади. Иккиси ҳам паст баландликда ҳаракатланади ва қуруқликдаги қурилмадан учирилиши мумкин.

Лекин бу версия ҳам шубҳа уйғотади, биринчи навбатда, йўналтириш тизими туфайли. Кемаларга қарши ракеталар ўзини ўзи бошқариш тизими билан жиҳозланган, бу - унга парвознинг якуний босқичида нишон сари мустақил ҳаракатланиш имконини берувчи радардир.

Радар нишон очиқ денгиздаги кема бўлган ҳолатда самарали ҳисобланади, аммо қуруқликдаги атрофида бошқа қаттиқ юзалар ҳамда объектлар бўлган нишон бўйича ишлаганда жуда ёмон ҳаракатланади ва асосий нишонни «кўра олмайди».

Қуруқликдаги нишонга муваффақиятли ва аниқ зарба бериш учун бундай ракеталарнинг йўналтириш тизимини такомиллаштириш талаб этилади. Бундай имконият мавжуд, аммо Украина ўз ракеталарини модернизация қилгани ёки америкаликлар ёрдамида қуруқликдаги нишонларга аниқ зарба бериш имкониятига эга бўлгани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ.

Иккинчи шубҳа шу билан боғлиқки, ҳатто қанотли ракета ҳам парвоз вақтида яхши кўзга ташланади. Сакидаги аэродром пляж яқинида жойлашган ва ёзда бу ер одамлар билан гавжум бўлади. Авиабаза томон учиб келаётган бир неча ракетани бу одамларнинг ҳеч бўлмаганда бир қанчаси кўриб қолган бўларди, аммо бундай бўлмаган.

Ва ниҳоят, Америка раҳбариятидаги манба Washington Post нашрига анонимлик шарти билан Новофедоровкага ҳужум Украина томонидан амалга оширилгани - лекин бунда Қўшма Штатлар томонидан етказиб берилган қуроллардан фойдаланилмаганини маълум қилган.

Кемалар, самолётлар

Фото: Reuters

GMLRS ракетаси масофаси қисқалигини учириш мосламасини нишонга яқинроқ жойлаштириш орқали қоплаш мумкин.

Назарий жиҳатдан, бу уддалаш имкони бор бўлган иш, масалан, HIMARS ёки MLRS аэродромга 70 километр масофага яқинлашадиган кема палубасига ўрнатилиши мумкин.

Аммо бундай амалиёт жуда хавфли бўларди - ракеталар учирилгач, уларни россияликлар радарлари пайқар, шундан кейин денгиз авиацияси ва Қора денгиз флоти кемалари украинлар кемасини қидириш учун йўлга чиқишарди.

Аэродромга ракеталар украинлар самолётидан учирилиши ҳам мумкин - интернетда сўнгги вақтларда Украина ҳарбий-ҳаво кучлари гўёки МиГ-29 қирувчиларидан радарларга қарши AGM-88 HARM ракеталари учиришнинг ҳадисини олишгани ҳақида хабарлар айланмоқда.

Айрим экспертлар украинларнинг МиГ ёки Су самолётларини Х-35 қанотли ракеталарини («Нептун» ракетаси унинг асосида ишлаб чиқилган) учириш учун қайта жиҳозланганини тахмин қилишди.

Бу версиянинг камчилиги нафақат бундай модернизация, балки уруш шароитида бундай модернизация амалга оширишнинг техник имкониятлари ҳақида ҳам маълумот йўқлигидадир.

Дронлар

Фото: INTS KALNINS

Портлашлар сабаби тўғрисида ҳақиқатга энг яқин версия аэродромга камикадзе дронлар орқали ҳужум қилингани тўғрисидаги тахминдир.

31 июл куни кичик дрон Россия Қора денгиз флотининг Севастополдаги штабига зарба берганди. Бу шуни англатадики, Қрим ҳудудида шундай ҳужумлар уюштириш мумкин.

Бу версияни камикадзе-дронларни қўллаб-қувватлайдиган яна икки жиҳат бор: бир томондан, ҳажми кичиклиги уларни Қримга етказиб беришни осонлаштиради, бошқа томондан, уларнинг ҳеч бири кузатувчилар объективига тушмаган.

Украина бундай «ҳаводаги снарядлар»дан жуда кўп миқдорда қабул қилиб олган ҳамда улар қуруқликдаги жангларда пиёдалар ва зирҳли техникаларга қарши муваффақият билан қўллаб келинмоқда.

Бундай аппаратлар оператордан кўплаб километр масофада туриб ҳам ҳаракатлантирилиши мумкин. Улар танк устига учиб бориб, унга юқоридан қулайди ва ичига ўрнатилган жанговар каллак ёрдамида уни йўқ қилади.

Бу версиянинг камчилиги шундаки, дроннинг жанговар қисми катта бўлмайди, аэродромдаги портлашлар эса жуда кучли бўлди. Бундан ташқари, бир неча портлашлар содир бўлиши учун дронлар рейди ўтказилиши керак эди, аммо Саки осмонида кўп сонли дронлар ҳаракатланганига ҳеч кимнинг кўзи тушмаган.

Мавзуга оид