Ўзбекистон | 11:25 / 12.08.2022
14625
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда илк бор жигар трансплантацияси амалиёти бажарилди

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биринчи маротаба марказ трансплантологлари ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ходимлари билан ҳамкорликда жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди.

1965 йилда туғилган бемор С.Л. жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган бўлиб, унга 1987 йилда туғилган қизи Н.Қ. донорлик қилган.

Кеча, 9 август куни бўлиб ўтган операция 13 соат 20 дақиқа давом этган. Операцияда 25 нафар тиббиёт ходими, хусусан, 8 нафар врач трансплантолог, 5 нафар врач анестезиолог, 2 нафар трансфузиолог, 5 нафар операцион ҳамшира, 5 нафар анестезистка ҳамшира иштирок этган.

– Биз мураккаб амалиётни муваффақиятли якунладик. Бу Самарқанд тиббиётида яна бир янгилик бўлди, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, Самарқанд давлат тиббиёт университети кафедра мудири Лутфулло Маҳманов. – Жигар трансплантацияси амалиётини бажаришга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрдик. Бунинг учун ходимларимиз Москва, Қозон, Киев, Истанбул, Анқара шаҳарларида малака ошириб келди.

Қолаверса, академик Воҳидов номидаги республика хирургия илмий амалий марказининг профессор ходимлари бизни қўллаб-қувватлади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, марказлашган ҳолда ва вилоят ҳокимлигининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан инсон органларини кўчириб ўтиш амалиётлари учун марказимизга 10 млрд сўмлик тиббий асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилди.

Бемор С.Лапасовада жигар циррози, субкомпенсация босқичи эди. Шукурки, мазкур амалиёт муваффақиятли ўтди. Ҳозиргача бўлган текширув натижаларнинг барчаси ижобий.

Энг муҳими, энди марказ мутахассислари бу каби операцияларни бемалол бажара олишига амин бўлдик.

Таъкидлаш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу соҳа ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келаётганлиги бу каби мураккаб амалиётларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт университети матбуот хизмати

Мавзуга оид