Ўзбекистон | 07:32 / 12.08.2022
15752
5 дақиқада ўқилади

Хушнуд Худойбердиев: «Судлар тепасида ҳеч кимдан қўрқмайдиган раҳбар керак»

Ҳуқуқшуносга кўра, юқори давраларда, хатолар кўп қилинаётган жамиятда мустақил суд тизими бирдан яхши бўлиб кетиши қийин. «Юқори давралар ўз имкониятидан келиб чиқиб хатоларини ёпишга ҳаракат қилади. Бу тозаланиш, тўғри йўлга тушиш фақат суд томонидан эмас, нариги томонда ҳам бўлиши керак», дейди у.

Суд-ҳуқуқ тизими жамиятни ривожлантиришда ҳеч қачон алмашмайдиган устундир. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев “Осмондаги болалар” лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, судлар одил бўлиши керак, шунда иқтисодиёт ҳам ривожланади, инвестициялар ҳам кираверади.

“Бизда шу пайтгача бу йўналишда кўп иш қилинди. Тизимда ишлаётганлар ҳозир бўлаётган ўзгаришлар ҳақида яхши фикр айтишяпти. Аввалги билан солиштирганда ўзгариш катта. Лекин ҳақиқий, биз орзу қилаётган суд тизими билан солиштирганда ҳали анча ишимиз бор. Биз ҳали ярим йўлга ё етдик, ёки ярим йўлда ҳам эмасмиз. Бу жуда кўп факторларга боғлиқ”, дейди ҳуқуқшунос.

Хушнуд Худойбердиевга кўра, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш учун судларнинг моддий таъминотини яхшилаш керак.

“Яъни, судья кимгадир моддий қарам бўлмаслиги керак. Бу муҳим факторлардан бири. Сабаби судьянинг йўқотадиган нарсаси бўлиши керак. Масалан, порага аралашмаслик ёки бошқа нохолис иш қилмаслик учун озодликни йўқотишдан қўрқиши лозим. Шу билан бирга, ўзининг яхши даромад олиб турган жойидан ажралиш ҳам инсон мотивациясидан бири. Мисол учун, судья бўлиб 50 млн ойлик олсангиз, аммо қандайдир масъулиятсизлик қилиб, ишга совуқ ёндашиб шу ишдан айрилиб, кўчага чиқсангиз оддий юрист бўлиб 5 млн ойлик олишингиз мумкин”, деди у.

Қайд этилишича, бу фактор масъулият билан ишлаш, шунингдек, пулга, порага ўч бўлмаслик учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши даркор.

“Бундан ташқари, сиёсий ирода ҳам керак. Балки, судлар тепасида ҳеч кимдан қўрқмайдиган раҳбар керакдир. Барча яхши раҳбарлар шу тизим ичидан чиқиб келган. Юқори давраларда, хатолар кўп қилинаётган жамиятда мустақил суд тизими бирдан яхши бўлиб кетиши ҳам қийин бўлади. Сабаби, юқори давралар ўз имкониятларидан келиб чиқиб ўз хатоларини ёпишга ҳаракат қилишади. Бу тозаланиш, тўғри йўлга тушиш фақат суд томонидан эмас, нариги томонда ҳам бўлиши керак. Яъни, хато қадам қўяётган юқори давралар билан мустақил суд тизими битта жамиятда, битта давлатда яшолмайди”, деди ҳуқуқшунос.

Таъкидланишича, судларнинг яхшиланиб, шаффофлашиб кетиши жараёнида бошқа томон ҳам яхшиланишда давом этиши лозим.

“Ҳозир нега яхшиланяпти суд тизими? Сабаби, бу ерда ҳам хатолар камайган. Балки бу баҳолаш қийиндир, аммо тўғри қарорлар кўпайган. Шунинг учун бу ерга ҳам босим камроқ. Босим қиладиганларнинг ўзи тўғри ишлаяпти, уларга ҳам судга босим қилиш қизиқ эмас”, дейди Хушнуд Худойбердиев.

Бундан ташқари, у суд-ҳуқуқий тизимини ривожлантириш бевосита юридик таълимга боғлиқ эканини айтди.

“Мендаги маълумотларга кўра, судлардаги вакант жойларни тўлдириш учун яхши кадр топишолмайди. Имтиҳон қилишади, ўтиш балли 60 фоиз дейилса, бунда судьяликка тавсия этилганлар сони вакант жойлар сонидан анча кам бўлади. У ер вакант бўлиб турганидан кейин суднинг иш ҳажми кўпаяди. Сўнгра ўтолмаганларнинг яхшироқ натижа кўрсатганлари қўйилади. Шу тариқа, даража ҳам пастга тушиб кетаверади. Балки ҳозир яхшилангандир, аммо бир-икки йил олдинги маълумот шунақа. Яъни, кадрлар билан боғлиқ муаммолар ҳам бор”, деди у.

Маълумот учун, 11 август куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов томонидан Олий суд янги раисини жамоага таништирув жараёни бўлиб ўтди.

Йиғилишда маълум қилинишича, сўнгги пайтларда суд органларига нисбатан аҳоли ҳақли эътирозлари ҳаддан зиёд кўпайиб, кўплаб адолатсизликлар юзасидан шикоятлар сони кескин ортиб кетган.

“Умид қиламизки, ушбу янги тайинлов айнан ушбу муаммолар ечими ҳамда суд органларини тубдан ислоҳ қилиш учун хизмат қилади”, деди Сардор Умрзоқов.

Бундан олдин президент Шавкат Мирзиёев ўз маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов номзодини Олий суд раиси лавозимига, Козим Комилов номзодини Конституциявий суд судяси лавозимига кўрсатиб, Сенатга тақдимномалар киритганди.

10 август куни видео-конференц-алоқа тарзида бўлиб ўтган Сенат ўттизинчи ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим қилинган номзодлар лавозимга тасдиқланди.

Бахтиёр Исломов бунгача президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид