Ўзбекистон | 17:22 / 13.08.2022
15060
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳимояси ва уни тижоратлаштириш — Шоҳжаҳон Хўжаев билан интервью

Ижтимоий тармоқ ва мессенжердаги постлар ҳам интеллектуал мулк ҳисобланадими? Интеллектуал мулкни қандай қилиб тижоратлаштириш мумкин ва уни қайси ташкилот ҳимоя қилади? Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар соҳада қандай ўзгаришларга олиб келади? Шу каби саволларга Тошкент давлат юридик университети ходими, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев жавоб берди.

Ўзбекистонда айни кунда давом этаётган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш жараёнида интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ муҳофазасига доир таклифлар ҳам бор. Хусусан, асосий қомуснинг 36-моддаси Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга, – дея тўлдирилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу мавзу актуал бўлиб бормоқда. Шу ўринда интеллектуал мулк тушунчаси, унинг ҳимояси ҳамда ҳуқуқий кафолатлари мавзусида Тошкент давлат юридик университети Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев билан суҳбатлашдик.

Ассалому алайкум, Шоҳжаҳон ака! Аввало, интеллектуал мулк тушунчасига изоҳ бериб ўтсангиз. Нималар интеллектуал мулк ҳисобланади?

— Интеллектуал мулк ақлий ёки ижодий фаолият маҳсули саналади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу маҳсулотга нисбатан ҳуқуқни англатади. Мисол учун, адиб томонидан ёзилган асар ёки роман, рассом томонидан чизилган сурат, олим томонидан яратилган ихтирога бўлган ҳуқуқ. Оддий мулкдан фарқли ўлароқ, интеллектуал мулк бирон бир моддий кўринишга эга бўлмаслиги ҳам мумкин (масалан, хореография асари ёки пантомима). Интеллектуал мулк кенг қамровли тушунча бўлиб, унга қуйидагилар киради:

  • муаллифлик ҳуқуқи (фан, адабиёт ва санъат асарлари);
  • турдош ҳуқуқлар (ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари);
  • саноат мулки (ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналари);
  • ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари;
  • шахсийлаштириш воситалари (фирма номлари, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи, географик кўрсаткичлар);
  • селекция ютуқлари (ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари);
  • ошкор этилмаган ахборот, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);
  • интеграл микросхема топологиялари.

Ижтимоий тармоқ, Telegram-каналлардаги шахсий фикрлар ёзилган постлар, шахсий фотосуратлар ҳам интеллектуал мулк ҳисобланадими?

— Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ижодий меҳнат натижасида яратилган асар интеллектуал мулк сифатида ҳимоя қилинади. Мазкур ҳолатда, агар пост ижодий тусга эга бўлса, у ҳимоя қилинади. Дейлик, пост ўзига хос равишда ифодаланган, яъни ёзилган бўлса, у интеллектуал мулк ҳисобланади. Бироқ оддий ахборот кўринишидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар интеллектуал мулк ҳисобланмайди. Бинобарин, постда оддий ахборот ёки янгилик акс этган бўлса, у интеллектуал мулк бўлмайди.

Фотосурат масаласига келадиган бўлсак, қонунчиликка мувофиқ, фотосурат нафақат интеллектуал мулк, балки шахсга доир маълумот ҳам саналади. Шахснинг фотосуратини унинг розилигисиз тарқатиш ёки ундан фойдаланиш тақиқланади. Кўп ижтимоий тармоқлар (Facebook,Twitter) фойдаланувчилари келишувига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур келишувларда тармоқ фойдаланувчиси томонидан жойлаштирилган контент, жумладан фотосурат муаллифи, қоида тариқасида, уни жойлаштирган фойдаланувчи ҳисобланиши кўрсатиб ўтилади. Демак, ўзининг фотосуратини ижтимоий тармоққа жойлаштирган шахс унинг муаллифи ҳисобланади.

Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқий жиҳатдан етарли даражада ҳимояланганми?

Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий тизим яратилган. Жумладан, интеллектуал мулкни бевосита тартибга солишга қаратилган 8 та қонун ва ўндан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни бузган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, сўнгги йилларда ижодкорларнинг ҳуқуқлари судда ҳимоя қилинаётгани бунга яққол мисолдир.

Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилган ҳамда халқаро стандартларни имплементация қилмоқда. Бу соҳада олдимизда турган асосий масалалардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк тизимининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Интеллектуал мулк ҳуқуқи савдо аспектлари бўйича битим (TRIPS) нормалари ва тамойилларига мувофиқлигини таҳлил қилиш ҳисобланади. Мазкур битим ЖСТга қўшилиш юзасидан қўйилиши керак бўлган муҳим қадам бўлиб, унга аъзо барча мамлакатлар бошқа аъзо мамлакатлар фуқаролари ҳам ўзларининг фуқаролари каби ҳуқуқий ҳимоя қилинишини талаб этади.

Интеллектуал мулк ҳимояси ва муаллифлик ҳуқуқи масалаларида қайси ташкилот «асосий иш»ни бажаради?

Умуман олганда, интеллектуал мулк соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳисобланади. Вазирлик интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилади ва муҳофаза қилади. Фуқаро ёки тадбиркор интеллектуал мулк ҳимояси ёки муҳофазаси юзасидан айнан Адлия вазирлигига мурожаат қилиши мумкин.

Бошқа давлат органлари ҳам интеллектуал мулк ҳимоясида иштирок этади. Жумладан, божхона органлари божхона чегараси орқали товарлар олиб кирилишида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги дори маҳсулотларини рўйхатдан ўтказишда, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси эса фонограммалар ва аудиовизуал асарларни тарқатишда интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини текширади.

Бундан ташқари, мулкий ҳуқуқларни жамоавий бошқарувчи ташкилотларни ҳам эсга олиш лозим. Улар нодавлат ташкилотлари бўлиб, унга аъзо муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бу ташкилотлар жаҳон тажрибасида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи энг самарали воситалардан бири саналади.

Фуқаролар ёки тадбиркорлар ўзларига тегишли деб ҳисоблаган интеллектуал мулкни қандай қилиб тижоратлаштиришлари мумкин?

Интеллектуал мулк тижоратлаштиришнинг бир нечта усуллари мавжуд. Энг кўп тарқалган усул бу – интеллектуал мулкдан фойдаланиш юзасидан шартнома тузиш. Мисол учун, товар белгисининг эгаси ўзининг товар белгисидан бошқа тадбиркор фойдаланиши учун франшиза ёки лицензия шартномасини тузиши ва ундан фойда олиши мумкин. Кўплаб машҳур брендлар айнан франшиза туфайли кўплаб фойда оладилар. Хусусан, “Coca-Cola”, “KFC” ва “Додо Пицца” каби брендлар Ўзбекистонда айнан франшиза асосида фаолият боради.

Яна бир усуллардан бири – интеллектуал мулкка асосланган корхоналарни тузиш ёки бизнесни йўлга қўйиш. Бу усул кўпроқ саноат мулки (ихтиро, фойдали модель ёки саноат намунаси) эгаларига тааллуқли. Яъни ихтиро эгаси ўз ихтиросини маҳсулот кўринишида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ва бундан фойда олиши мумкин.

Эътиборли жиҳати шундаки, интеллектуал мулк юридик шахснинг устав фондига улуш сифатида киритилиши мумкин. Мисол учун, ҳуқуқ эгаси интеллектуал мулкни МЧЖ ёки акциядорлик жамиятининг устав фондини шакллантириш учун тақдим этиши мумкин.

Бундан ташқари, илмий-инновацион фаолиятга инвестицияларни ҳам жалб қилиш мумкин. Бундай фаолият билан венчур фондлари шуғулланади. Яъни интеллектуал мулк эгаси ўз маҳсулотига венчур фонди эътиборини жалб қилиши ва бу орқали фаолиятини молиялаштириши мумкин.

Ўзбекистонликларга электрон ёки бошқа хизматларни кўрсатаётган, шунингдек маҳсулот етказиб бераётган хорижий корхоналарнинг интеллектуал мулклари қай даражада ҳимоя қилинган?

— Интеллектуал мулк ҳимоясининг асосий жиҳати ҳудудийликдир. Қоида тариқасида, интеллектуал мулкнинг муҳофазаси ва ҳимояси муайян давлат ёки ҳудуд билан чекланган. Хорижий корхоналарнинг интеллектуал мулкини муҳофаза қилишда иккита асосий ёндашувни белгилаш мумкин.

Биринчиси – халқаро ҳужжатлар орқали муҳофаза қилиш. Берн ва Париж конвенцияларида давлатлар интеллектуал мулк муҳофазасини энг самарали ва бир хил усуллар воситасида таъминлаши лозимлигига эътибор қаратилган. Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон МДҲ доирасида ҳамда Россия Федерацияси, Қирғизистон Республикаси, Озарбойжон, Грузия ва Туркия билан ўзаро халқаро келишувларни имзолаган. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, тегишли мамлакатлар корхоналарининг интеллектуал мулклари Ўзбекистонда муҳофаза қилинади.

Иккинчиси – интеллектуал мулк ҳуқуқларини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш. Бу, асосан, товар белгиларига тааллуқли. Хорижий корхоналар Мадрид тизими орқали Ўзбекистонда ўзига тегишли товар белгиларини ҳимоя қилиши мумкин. Мадрид тизими товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш бўйича тизим бўлиб, хорижий корхоналарга маҳаллий корхоналар каби ўз товар белгисини ҳимоя қилишга имкон беради. Худди шунингдек, мазкур усул ўзбек брендларини хорижда ҳимоя қилишга имкон беради. Мисол учун, “EVOS” бренди ҳозирда 12 та мамлакатда ҳимоя қилинади.

Мазкур ҳолатда хорижий корхоналар Ўзбекистонда муҳофаза қилинадиган интеллектуал мулкига бўлган ҳуқуқлари бузилганда Адлия вазирлигига ёки судга мурожаат қилишлари мумкин.

Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бу соҳага қандай ўзгаришлар олиб келиши кутилмоқда?

— Конституциянинг амалдаги қоидаларида интеллектуал мулк алоҳида кўрсатиб ўтилмаган, ижодий ва инновацион фаолиятни ҳимоя қилиш етарли даражада кафолатланмаган. Шунинг учун интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни Конституцияда белгилаш бизга интеллектуал мулкнинг оддий мулк қатори тан олинишига, уни даромад келтирадиган манба сифатида кўриб чиқишга имкон беради. Бу билим, инновация ва ижодий натижаларга инвестицияларни жалб қилишда ҳам ёрдам беради.

Ривожланган мамлакатларда интеллектуал мулк инновацион иқтисодиётнинг асоси бўлиб бормоқда. Масалан, АҚШда сўнгги беш йил ичида ички иқтисодий фаолият ёки ишлаб чиқариш ҳажмининг 40 фоиздан ортиғи интеллектуал мулк объектларидан интенсив фойдаланган компаниялар ҳисобига тўғри келди. Ушбу компаниялар 2019 йилда 62,5 миллион иш жойини ёки мамлакат бандлигининг 44 фоизини таъминлаган. Интеллектуал мулк, хусусан товар белгилари (брендлар) компанияларга машҳур бўлишга ва даромадларини оширишга ёрдам беради. Масалан, 2022 йил бошида Apple брендининг қиймати 355 миллиард, Amazon'ники – 350 миллиард, Google'ники – 263 миллиард, Microsoft'ники эса 184 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Конституцияда интеллектуал мулк ҳуқуқининг тан олиниши ва ҳимоя қилиниши илмий-ижодий фаолиятни рағбатлантиришга туртки бўлади. Давлат нафақат интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тан олади, балки ҳимоя қилади. Шу муносабат билан муаллиф ёки ҳуқуқ эгаси янги интеллектуал мулк объектларини яратишга қизиқади, маҳаллий тадбиркорлар ўз брендини яратишга манфаатдор бўлади.

Ўз навбатида, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг конституциявий кафолати илм-фан, адабиёт ва санъат тараққиётининг пойдевори ҳисобланади, чунки бу соҳа вакилларининг ҳуқуқлари давлатнинг асосий Қонуни даражасида ҳимоя қилинади.

— Фуқароларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш юзасидан қандай ишлар қилинмоқда?

— Сўнгги йилларда интеллектуал мулк соҳасида аҳоли саводхонлигини ошириш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳар йили анъанавий равишда, февраль-март ойларида “Контрафактсиз” ойлиги ўтказиб келинмоқда. Мазкур ойлик давомида бозорлар, йирик савдо мажмуалари ва кўчма савдо нуқталарида контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва сотилишига қарши курашиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилади. 2022 йилда ўтказилган тадбирда 2 мингдан ортиқ контрафакт маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди ва ҳозир бу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга қонун доирасида чора кўриш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Демак, мазкур тадбирлар доирасида нафақат ҳуқуқбузарликлар аниқланади, балки ҳуқуқий ечим тавсия этилади.

Бундан ташқари яқинда 2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда ҳам жамиятда интеллектуал мулкка бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантириш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим йўналишлардан бири деб кўрсатилди. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулкка оид ўқув курсларини ташкил қилиш, интеллектуал мулк соҳаси бўйича маълумотларни етказувчи журналистлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид