Жаҳон | 08:13 / 15.08.2022
9709
3 дақиқада ўқилади

42 давлат РФни Запорижжя АЭСдан қўшинларини зудлик билан олиб чиқишга чақирди

42 давлат Россиядан Запорижжя АЭСдан қўшинларини зудлик билан олиб чиқишни талаб қилмоқда. Уларнинг қўшма баёнотида айтилишича, Россия қисмларининг ЗАЭСга жойлаштирилиши қабул қилиниши мумкин эмас.

Фото: Picture Alliance

Дунёнинг 42 давлати Россияни босиб олинган Запорижжя АЭСдан қўшинларини зудлик билан олиб чиқишга чақирди. «Россия ҳарбий хизматчилари ва қурол-аслаҳаларининг атом электр станциясига жойлаштирилиши қабул қилиниши мумкин эмас. Бу Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг барча аъзолари ҳурмат қилиш мажбуриятини олган хавфсизлик қоидалари ва тамойилларига эътиборсизликдир», — дейилади қўшма баёнотда. 

«Биз Россия Федерациясини Запорижжя атом электр станциясидан, унинг атрофидан ва бутун Украинадан қуролли кучлари ҳамда бошқа рухсат этилмаган ходимларини зудлик билан олиб чиқишга чақирамиз, шунда оператор ва Украина ҳукумати халқаро миқёсдаги суверен мажбуриятларини Украинанинг тан олинган чегаралари ичида яна бажара олади, - дейилади баёнотда. - Бу, шунингдек, АЭХАга Украина мажбуриятларига мувофиқ [АЭСни] ўз вақтида ва хавфсиз тарзда текширишни амалга оширишга имкон беради». 

Баёнот АҚШ, Буюк Британия, Норвегия, Австралия, Япония, Янги Зеландия ва бошқа ўнлаб давлатлар, шунингдек, Европа иттифоқи номидан берилган.

Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Натижада камида бир ходим жароҳатланди. Бундан ташқари, РФ ҚК станцияни миналаб қўйгани ҳақида далиллар мавжуд. 

5 август куни Украинанинг «Энергоатом» давлат компанияси раҳбари Петр Котин DW’га берган интервьюсида: «Биз ядровий ва радиациявий хавфсизликни тўлиқ назорат қилолмаяпмиз, чунки уни фойдаланувчи ташкилот сифатида назорат қилишимиз керак», деб тан олди. АЭХА ЗАЭСнинг ўққа тутилиши сабабли ядровий фалокат хавфи ҳақида огоҳлантирди. 

Украина президенти Володимир Зеленский Запорижжя АЭС билан боғлиқ вазият туфайли Россия атом саноатига қарши санкциялар қўллашга чақирди. «Бу фақатгина хавфсизлик масаласи. Кимки бошқа давлатларга ядровий таҳдид туғдирса, демак, унинг ўзи ядровий технологиядан хавфсиз фойдаланишга қодир эмас», - деди у. 

Мавзуга оид