Жаҳон | 07:29 / 22.08.2022
4853
3 дақиқада ўқилади

Вучич НАТОни Косоводаги сербларни ҳимоя қилиш бўйича «ўз ишини бажаришга» чақирди

Сербия президенти Александр Вучичнинг сўзларига кўра, агар НАТО давлатлар ўртасидаги можарога аралашмаса, Сербиянинг ўзи ўз фуқароларини Косоводаги «қувғинлардан қутқаради».

Фото: AP

Сербия президенти Александр Вучичнинг айтишича, НАТО кучлари Косовода яшовчи сербларни ҳимоя қилиши керак, акс ҳолда Сербия буни ўзи амалга оширади. Президентнинг мурожаати 21 август, якшанба куни Сербия телеканаллари орқали намойиш этилди, дея хабар бермоқда Associated Press.

Далил келтирмаган Вучичнинг сўзларига кўра, Косово ҳукумати «ниҳоят серб халқини Косоводан ҳайдаб чиқармоқчи» ва «фақатгина серб давлатининг республикадаги изларини йўқ қилишдан манфаатдор». «Борадиган жойимиз йўқ, бурчакка қамалдик», деди Сербия раҳбари. «Агар НАТО буни истамаса, унда биз халқимизни таъқиблардан қутқарамиз». 

Вучич яқин ўн кун ичида Сербия Косовода Сербиядан автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш қоидалари ва республикага кириб келаётган қўшни давлат фуқаролари учун вақтинчалик ҳужжатлар жорий этилиши муносабати билан юзага келган инқирозга «муросали ечим» излашини айтди. Косово шимолида Сербияда рўйхатдан ўтган 10 мингга яқин транспорт воситаларидан фойдаланилади. 

Ушбу чоралар 2022 йил 29 июнда эълон қилинган ва Косовода 1 августдан кучга кириши керак эди. Аммо 31 июль куни Сербия билан чегарадош шимолий ҳудудларда янги қоидаларга қарши норозилик намойишлари авж олди, маҳаллий серблар йўлларни тўсиб қўйди, Косово эса чегара пунктларини ёпди.

Ўша тунда Косово Республикаси бош вазири Альбин Курти намойишчилар баррикадаларни олиб ташлаб, йўлларни тўсиб қўйишни тўхтатиши шарти билан чора-тадбирларни 1 сентябрга қадар қолдиришни буюрди. 

Сербия ва Косово раҳбарларининг ЕИ воситачилигида 18 август куни бўлиб ўтган музокаралари натижасиз якунланди. Улар ўтказилишидан олдин ҳам Вучич келишувга эришиш борасида оптимизм кўрсатмади. «Мен қандайдир ечимга умид қилишда давом этсам-да, бунга шубҳа билан қараяпман», деб ёзди у Twitter’да. Ўз навбатида Курти Косово шимолида баррикадалар ўрнатаётган «ноқонуний серб тузилмалари»ни танқид қилди. 

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел музокаралар якунида ЕИ давлатлар ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишга уринишда давом этишини айтди. «Мен таслим бўлмайман. Биз ечим излашимиз керак», деб таъкидлади Европа дипломатияси раҳбари. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги музокаралар узоқ вақт давомида тўхтатилган бўлса-да, 2011 йилдан бери давом этмоқда. Косово мустақилликни тан олишдан ташқари, ЕИга аъзо бўлишни хоҳлаяпти. 

Мавзуга оид