Жаҳон | 21:38 / 27.08.2022
52292
2 дақиқада ўқилади

Дубайдаги энг қиммат виллани сотиб олган сирли харидорнинг кимлиги маълум бўлди

Вилла 80 млн долларга сотиб олинган бўлиб, 10та ётоқхона, спа-марказ, ёпиқ ва очиқ бассейнларга эга.

Фото: AP

Палм-Жумайра сунъий оролида жойлашган, Дубайдаги энг қиммат вилланинг эгаси ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани ҳисобланади. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Манбалардан бирининг сўзларига кўра, Амбанига қарашли Reliance Industries компанияси виллани 2022 йилда миллиардернинг кенжа ўғли Анант Амбани учун сотиб олган. Уй сунъий оролнинг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, 10та ётоқхона, спа-марказ, ёпиқ ва очиқ бассейнларга эга. Вилла 80 млн долларга сотиб олинган.

Кўчмас мулкни сотиб олиш бўйича шартнома махфий бўлган, уйга Reliance Industries бўлимларидан бири эгалик қилади, виллани компания топ-менежери ва Амбанининг дўсти Паримал Натвани бошқаради.

Манбанинг айтишича, Амбани виллани қайта жиҳозлаш ва хавфсизлигини таъминлаш учун «миллионлаб доллар» сарфламоқчи.

Амбанининг асосий қароргоҳи Мумбайдаги 27 қаватли Antilia бўлиб, у учта вертолёт майдончаси, 168 автомобил сиғадиган тураргоҳ, 50 ўринли кинотеатр, улкан базм залига эга.

Мукеш Амбани — Ҳиндистоннинг энг бадавлат бизнесмени. У Forbes рейтингида саккизинчи ўринда жойлашган. Унинг бойлиги 94,8 млрд долларга тенг.

Мавзуга оид