Жаҳон | 17:35 / 28.08.2022
16159
5 дақиқада ўқилади

Ливия пойтахтида икки йиллик жимликдан кейин яна жанглар бошланди

Ливияда ҳокимият учун ўзаро рақобатлашувчи сиёсий гуруҳлар шанба куни Триполида жанг бошлади - бу сўнгги икки йилликдаги энг жиддий тўқнашувлар бўлмоқда. БМТ миссияси қонли тўқнашувларни зудлик билан тўхтатишга чақирмоқда.

Триполида шанба куни ёқиб юборилган автомобил. Фото: Getty Images

Миллий келишув ҳукумати соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат пойтахтида бошланган отишмалар чоғида камида 23 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар жароҳатланган.

Жанглар Миллий келишув ҳукумати раҳбари Абдул Ҳамид Дбейбага содиқ бўлган кучлар ва Ливия парламенти томонидан сайланган бош вазир Фатҳи Башага тарафдорлари ўртасида кечмоқда.

Reuters агентлиги хабар беришича, қурбонлар орасида тинч аҳоли вакилларидан 17 киши бор, уларнинг бири таниқли комик Мустафо Барака (суратда).

Бу сўнгги икки йилликдаги энг шиддатли жанглар бўлмоқда, ўшанда бир неча ойлик сиёсий қарама-қаршилик кўча жангларига айланиб кетганди, ҳозир ҳам тўқнашув кўлами янада кенгайиши мумкин.

Отишма ва портлашлар

2011 йили НАТО давлатлари қўллаб-қувватлови билан Муаммар Қаззофий ағдарилганидан буён Ливияда тинчлик ўрнатилмади. Сўнгги икки йилда эса мамлакатда нисбатан тинч муҳит ҳукм сурди.

Шанба куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукумат қуролли кучлари Ливия парламенти томонидан бош вазирликка сайланган Башагага содиқ бўлган айирмачилар колоннасини чекинтириш учун ўт очди.

Пойтахтнинг бир қатор туманларида отишма ва портлашлар рўй бергани акс этган видеолар тарқалди. Шаҳар устида қора тутун устунлари кўтарилди.

Триполида портлашлардан кейинги тутун устуни. Фото: Getty Images

Ҳарбий ҳаракатлар бошланган туманлар аҳолиси эвакуация қилинган. Фавқулодда хизматлар бир неча шифохона шикастланганини хабар қилган.

БМТнинг Ливиядаги миссияси аҳоли яшаш кварталларига ҳам зарбалар йўлланганини қайд этиб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган.

Триполи атрофида ҳарбийларини жойлаштирган ва Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватлайдиган, 2020 йилда шарқдан қилинган ҳужумларни тўхтатиб қолган Туркия ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Икки бош вазир

Икки йиллик нисбатан тинч давр сайловларга олиб келиши керак бўлган сиёсий жараёнлар билан кечди, аммо якунда бундай бўлиб чиқмади. Дбейба бошқарувидаги Миллий бирлик ҳукумати Ливия шарқидаги парламент томонидан қўллаб-қувватланган Башага раҳбарлигидаги маъмурият билан тўқнашди.

Reuters агентлиги гувоҳларга таяниб хабар беришича, шанба куни Башага билан алоқадор бўлган кучлар бир неча йўналишлардан кириб Триполини эгаллаб олишга уринишди, аммо асосий кучлар пойтахтга етиб кела олмасдан, шарққа, Мисурата шаҳри томон кетган.

Улар Триполига уч йўналиш бўйлаб ҳаракатланган. Маҳаллий аҳоли пойтахт шимоли-ғарбида интенсив тўқнашувлар бўлиб ўтганини хабар қилишган. Пойтахтдан жанубда, гувоҳларнинг ҳикоя қилишича, шиддатли отишмалар кечган, ундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда шаҳар қамал қилинаётгани акс этган видеолар тарқалганди. 300 дан ортиқ автомобилдан иборат асосий колонна эса денгиз соҳили бўйлаб шимоли-шарқдан Триполи томон ҳаракатланган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Башага Мисуратадаги ўз базасига қайтиб кетган.

Икки йиллик сукунат

2020 йилда парламент Ливия миллий армияси қўмондони этиб тайинлаган Халифа Ҳафтар армиясининг шарқдан Триполи томон юриши муваффақиятсизликка учраганди. Ўшанда ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ тузилиб, БМТ кўмагида тинчлик жараёни бошланганди.

Сулҳ шартларига кўра, Дбейба ҳукумати бутун Ливияни бошқариши ва 2021 йил декабрида умуммиллий сайловлар ўтказилишини таъминлаши назарда тутилганди. Аммо қатор масалаларда келишувга эришилмагани туфайли мамлакатдаги сиёсий кучлар сайловлардан воз кечишди.

Парламент ҳукумат раҳбарининг ваколат муддати тугаганини маълум қилиб, унинг ўрнига Башагани сайлаган. Дбейбанинг ҳисоблашича, парламент уни ағдариш ваколатига эга эмас - у фақат сайловлар ўтганидан кейин истеъфога чиқиши мумкинлигини айтган.

Башага май ойида ҳам Триполига киришга уринган ва шаҳар атрофидаги ҳудудларда отишмалар бўлиб ўтганди.

Фельдмаршал Ҳафтар ҳамон шарқда ўрнашган парламент билан қалин алоқаларга эга, унинг 2019-2020 йиллардаги юришидан кейин Триполидаги гуруҳлар таркибида у бўлган ҳар қандай коалицияга қарши чиқади.

Миллий бирлик ҳукумати баёнотида айтилишича, Триполидаги сўнгги тўқнашувлар Башага билан алоқадор бўлган жангари гуруҳлар томонидан юзага келтирилди.

Ҳукумат Башагани инқирозни ҳал қилиш бўйича музокаралардан бош тортишда айблаган. Ўз навбатида, Башага маъмурияти ўз мухолифидан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон музокаралардан бош тортмаслигини билдирган.

Мавзуга оид