Миллий боғ қайтарилди, лекин ундаги айрим дарахтлар қуриб қолган
Нақ 5 йил давомида ёпиқ бўлган ва ҳудудига кўплаб бинолар қуриб юборилган Ўзбекистон Миллий боғи қайта очилди. Боғга борган Kun.uz мухбири у ердаги қатор катта дарахтларга шикаст етказилганига гувоҳ бўлди. Айрим дарахтлар эса қуриб қолган. Шаҳар экобошқармаси боғдаги дарахтларга зарар етказилганини тасдиқлади, лекин кўп ўтмай бу ҳақдаги хабарини ўчириб юборди.
27 август куни Ўзбекистон Миллий боғи реконструкциядан кейин аҳоли учун қайта очилди.
Маълумотларга кўра, боғнинг таъмирланган ва аҳоли учун топширилган қисми 14 гектардан зиёдни ташкил қилади. Унда маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланган.
Боғ ҳудудидаги кўл тикланган. Айни пайтда унинг майдони 40 минг квадрат метр экани маълум қилинди.
“Сув сизиб чиқмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилган. Қирғоқлар тартибга келтирилиб, чўмилиш ҳавзаси ташкил этилди. Мингдан зиёд дарахт, 200 мингга яқин бута кўчатлари экилди”, – дея маълумот берилган президент матбуот хизмати хабарида.
Боғни айланиб чиққан Kun.uz мухбири яшил ва сўлим гўша ниҳоят аҳоли ихтиёрига қисман қайтарилганини эътироф этиш билан бирга, айрим эътирозли жиҳатларга эътибор қаратди.
Аввало, тикланган кўл аввалги кўлдан сезиларли кичкина ва саёз.
Қолаверса, боғ ҳудудидаги айрим дарахтлар қуриб қолган. Улар орасида кўп йиллик дарахтлар ҳам бор. Бунга боғ таъмирда бўлган 5 йил давомида ҳудудда олиб борилган қурилишлар, суғориш тизимининг ишламагани ёки қандайдир бошқа турли сунъий таъсирлар сабаб бўлиши мумкин.
Айрим дарахтларга эса қурилишларда қатнашган техника воситалари билан турли даражада шикаст етказилган. Буни биз билан суҳбатда Миллий боғ агрономи Аброр Толлиев ҳам тасдиқлади.
“Тан оламиз, боғдаги дарахтларга қурилиш ишлари давомида ишлаётган техникалар, экскаваторлар томонидан турли даражада шикаст етказилган. Жумладан, боғнинг кириш томонида 12 та, ўртада 4 та ва боғнинг бошроғида 6 туп дарахтга шикаст етган”, – деди агроном.
Аммо боғ ҳудудидаги ҳақиқий ҳолатда қуриб қолган ва шикаст етказилган дарахтлар сони бундан анча кўп. Яна қатор дарахтларнинг шохлари эса заруратсиз ҳам кесилиб, каллаклаб ташланганини кўриш мумкин.
Бугун, 29 август куни Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ишчи гуруҳи дарахтлар қисман зарарланганини тасдиқлади. “Боғнинг масъул раҳбарларига зудлик билан агротехник тадбирлар ўтказиш бўйича кўрсатма берилди”, дейилади бошқарма хабарида.
Пойтахт экобошқармаси расмлар билан бирга эълон қилган бу расмий хабарини номаълум сабабларга кўра кўп ўтмай ўчириб ташлади. Хабарда бу ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгани айтилганди.
Kun.uz соҳага масъул органларни Миллий боғ ҳудудида зудлик билан ўрганиш ўтказишга, жараёнга холис агрономларни жалб қилиб, хулоса олишга чақиради.
Шунингдек, ҳозирда агротехник тадбирлар ўтказиш орқали сақлаб қолиш мумкин бўлган дарахтларга шошилинч ёрдам кўрсатилиши керак. Миллий боғдаги ҳолат Чилонзор кўчасидаги дарахткушлик воқеасидан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкин.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Илёс Сафаров,
Kun.uz
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024