Жаҳон | 08:02 / 30.08.2022
12105
2 дақиқада ўқилади

Украина жанубда УҚК ҳужуми бошланганини эълон қилди

Украина қуролли кучлари Херсон области ва мамлакат жанубининг бошқа ҳудудларида ҳужум уюштирмоқда, деди «Юг» хавфсизлик ва мудофаа кучлари матбуот маркази раҳбари Наталя Гуменюк. Россия томонига кўра, ҳужум қайтарилган.

Фото: Picture Alliance

Украина Қуролли кучлари (УҚК) мамлакат жанубидаги бир қатор ҳудудларда ҳужум бошлади, деди «Юг» хавфсизлик ва мудофаа кучлари қўшма матбуот маркази раҳбари Наталя Гуменюк. У 29 август, душанба куни Херсон областида ҳам ҳужум амалиётлари олиб борилаётганини таъкидлади. 

Ўз навбатида, «Каховка» тезкор гуруҳи Украина қўшинлари Херсон областида Россия Қуролли кучларининг биринчи мудофаа чизиғини ёриб ўтгани ҳақида хабар берди. Украина ҳужуми натижасида ўзини «Донецк халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудудга тегишли 109-полк ва россиялик десантчилар аввал эгаллаб турган позицияларини тарк этишди, дейилади «Каховка» тарқатган видеода. 

Херсон областида Россия мудофаасининг биринчи чизиғи ёриб ўтилганини «Украинска правда» манбаси ҳам тасдиқлади.

Россия ҳарбий мухбири Роман Сапонков Херсон ва Миколаив областлари чегарасида, Херсондан 100 километр узоқликда жойлашган Давидов Брод қишлоғи ҳудудига ташриф буюрганини айтди. «Душман ҳужум қилиб, ҳимоямизни тишламоқда... Афтидан, ҳаммаси жиддий бошланган. Зарбанинг асосий йўналиши қаерда экани ҳали аниқ эмас», - деб ёзди у Telegram-каналида. 

Айни пайтда, Россия томонидан аннексия қилинган Қримда Украина қуролли кучларининг Украина жанубида ҳужум бошлангани ҳақидаги баёнот рад этилди. Қрим «раҳбари» Сергей Аксёнов бу баёнотлар сохта ва ёлғон ахборотлар эканлигини даъво қилмоқда. 

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари душанба куни Миколаив ва Херсон областларида учта фронтда «муваффақиятсиз» ҳужумга уринишган. Украина кучларининг йўқотиши 560 дан ортиқ кишини ташкил этади, дея маълум қилди Москва. 

Украина Қуролли кучлари бош штаби ҳужум ҳақидаги кечки ҳисоботида ҳеч нарса хабар бермади. 

Мавзуга оид