Ўзбекистон | 07:58 / 31.08.2022
13691
2 дақиқада ўқилади

«Ёшлар» телеканалида нима сабабдан Украина байроғи хиралаштириб қўйилгани маълум бўлди

«Ёшлар» телеканалида спорт хабарлари блокида футбол натижаларида экрандаги Украина байроғи хиралаштириб кўрсатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. 

Фото: «Ёшлар» телеканали

Телеканал маълумотига кўра, футбол бўйича Испания чемпионати доирасидаги ўйинлар 26 августдан бошлаб «Ёшлар» телеканали орқали жонли эфирга узатилмоқда. Шу кунга қадар La Liga'нинг 8 та ўйини намойиш этилган. Футбол баҳслари намойиши давомида кадрларга ҳеч қандай қўшимча эффектлар қўлланилмайди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат “Янги Давр” информацион дастури спорт хабарлари блокидан олинган. Бу ҳолат юзага келиши сабаблари аниқлаштирилганда, лавҳани тайёрлаган монтажчи “Реал Мадрид” жамоаси ўйнаётган футболда Испания байроғи ўрнига Украина байроғи хато қўйилган деб ўйлаб, буни ўзбошимчалик билан тўғриламоқчи бўлгани ва шу мақсадда беркитгани маълум бўлди. 

Бош муҳаррир кўрик пайтида бу ҳолатга эътибор бермай, лавҳани эфирга узатишга рухсат берган. Бу бўйича айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

“Юзага келган вазият учун узр сўраймиз ва ушбу ҳолатга сиёсий тус бермасликни илтимос қиламиз”, дейилади телеканал хабарида.

Мавзуга оид