«Россияликлар фойдалана олмаган имкон». Ғарбда Горбачёвнинг ўлимига қандай реакция қилинди?
31 август куни Москвадаги Марказий клиник шифохонада СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв оламдан ўтди. Шифохонадагиларнинг хабар қилишича, у узоқ давом этган оғир касалликдан кейин сешанба куни жон берган.
Михаил Сергеевич Горбачёв КПСС марказий қўмитасининг сўнгги бош котиби, шунингдек советлар иттифоқининг биринчи ва ягона президенти бўлганди.
«Горбачёв бизга озодлик берди»
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Михаил Горбачёв тарих йўналишини ўзгартирган ва совуқ урушни тинч йўл билан тугатиш учун ҳаммадан кўпроқ хизмат қилган ноёб давлат арбоби бўлганини таъкидлади.
«1990 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотини олганида у дунё - бир хиллик эмаслиги, балки хилма-хилликдаги бирлик эканини айтганди. У бу муҳим тушунчани музокаралар, ислоҳотлар, шаффофлик ва қуролсизлантириш йўлида амалиётга татбиқ этди», дейилади Антониу Гутерришнинг баёнотида.
Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни Михаил Горбачёвнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб телеграмма юборди.
«Михаил Горбачёв жаҳон тарихи ривожига улкан таъсир кўрсатган сиёсатчи ва давлат арбоби эди. У мамлакатимизни мураккаб, драматик ўзгаришлар, кенг кўламли ташқи сиёсат, иқтисодий ва ижтимоий чақириқлар даврида бошқарди. Ислоҳотлар зарурлигини англаган ҳолда, долзарб муаммоларга ўз ечимларини таклиф этишга интилди», дейилади телеграммада. У Кремл сайтида сиёсатчининг ўлими ҳақидаги хабардан 12 соат ўтиб эълон қилинди.
АҚШ президенти Жо Байден Горбачёвни «ноёб етакчи» деб атаган: «Бу ноёб етакчи — тасаввури бой, бошқа келажакнинг имкони борлигини кўришга ва унга эришиш учун жасурлик билан ўз карьерасини хавф остига қўйишга қодир инсоннинг интилишлари эди. Бунинг натижасида миллионлаб одамлар учун янада хавфсизроқ дунё ва катта эркинлик юзага келди».
Британия бош вазири Борис Жонсон доим унинг жасурлиги ва тўғрисўзлигидан ҳайратлангани, унинг бу хислатлари совуқ уруш тинч йўл билан тугашига олиб келганини айтган.
«Путиннинг Украинага тажовузи даврида унинг совет жамиятини очиш йўлидаги собитқадамлиги бизнинг барчамиз учун намуна бўлиб қолмоқда», дея ёзган Жонсон твиттерида.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен совуқ урушни тугатиш, «темир парда»ни бузиш ва эркин Европага йўл очишда жонбозлик кўрсатган ишонч ва ҳурматга сазовор раҳбар сифатида Горбачёвга ҳурмат бажо келтирди.
«Унинг хизматларини биз ҳеч қачон унутмаймиз», дея қўшимча қилади у.
Франция президенти Эммануэл Макрон Горбачёвнинг Европада тинчлик сақланиши тарафдори бўлгани дунёни ўзгартирганини айтади.
«Михаил Горбачёвнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдираман, унинг танлови россияликлар учун эркинликка йўл очди», дея ёзган Макрон твиттердаги саҳифасида.
Германиялик сиёсатчилар Михаил Горбачёвнинг Берлин девори олиб ташланиши ва Германия бирлашишидаги ўрнини эътироф этишади.
«Горбачёвсиз Шарқий блок мамлакатларида, жумладан бизда ҳам инқилоблар тинч ўтишини тасаввур этиб бўлмасди», деган Бундестаг вице-президенти Катрин Гёринг-Эккард.
«Биз кўп нарса учун ундан миннатдормиз. У совуқ уруш интиҳосини яқинлаштирди, Германияни бирлаштиришга имкон яратди ва ўз мамлакатига ҳам демократик импульс берди. Маслакдош одам, унинг овозини соғинамиз», дея қайд этган таълим вазири Беттина Штарк-Ватцингер.
«Михаил Горбачёв Европада темир парда қулаб, совуқ уруш якунланиши ҳамда Шарқ ва Ғарб яқинлашувига ҳаммадан кўра кўпроқ таъсир кўрсатди. Гўрингда тинч ёт», дея ёзган Австрия канцлери Карл Неҳаммер твиттерида.
«Горбачёв бизга эркинлик берди. У Россия ва унинг атрофидаги юз миллионлаб, шунингдек Европанинг ярмига эркинлик берди. Россияда бизга совға қилинган бу буюк имкониятдан қандай фойдаланганимизга ўзимиз жавобгармиз», дея муносабат билдирди СССРнинг собиқ президенти вафотига россиялик сиёсатчи, «Яблоко» партияси асосчиси Григорий Явлинский.
Унинг фикрича, тарихдаги камдан кам раҳбарлар ўз даврига бундай ҳал қилувчи таъсир кўрсатган.
«Ҳокимиятдаги олти йил ичида Михаил Горбачёв дунёни ўзгартирди», дея ёзади 1990 йилда РСФСР министрлар кенгаши раиси ўринбосари лавозимида бўлган Явлинский телеграм-каналида.
У Горбачёвни сайёранинг исталган мамлакатида хурсандчилик билан кутиб олишга тайёр бўлишгани, аммо у ўзини кўплар хушламайдиган Россияда қолганини қайд этади.
«Қўлида чекланмаган ҳокимият бўлган Горбачёв ўз мамлакатидан ва ўз халқидан ҳеч нарса ўғирламаган. Хайрия фонди учун маблағ керак бўлганида эса СССР президенти рекламаларда суратга тушган», дея эслайди сиёсатчи.
«Россияликлар фойдалана олмаган имкон»
Чоршанба куни дунёнинг кўплаб нашрлари ўз муқоваларида Михаил Горбачёвнинг портретлари билан чиқиш қилди ва таҳририят шарҳларида унинг хизматларини эътироф этди.
Унинг ҳаёти ва шахсиятидаги у ёки бу жиҳатларни турлича тасвирлаган шарҳловчиларнинг деярли барчаси битта хулосага келади: Горбачёв дунё бўйлаб чуқур ҳурмат қозонган ва XX асрнинг сўнгги чорагида жаҳон сиёсатидаги муҳим шахсга айланган, аммо унинг кетишидан кейин барпо этилган янги Россияда кўплар уни СССР парчаланиши ҳамда унинг ортидан иқтисодий қийинчиликлар юзага келиши ва мамлакатнинг улуғворлиги йўққа чиқишида айблашади.
Британиядаги Times нашри Горбачёв ўта авторитар ва репрессив тузум плюрализим ва демократлаштириш тенденциялари кучайиб бораётган маърифатли тизимга айланишида ҳал қилувчи ролни ўйнагани ҳақида ёзади. У маҳбусларни озодликка чиқарган ва диссидентларни реабилитация қилган, сўз эркинлиги, йиғилишлар ва диний эркинликларни таъминлаган ҳамда фуқаролик жамияти ривожланишига имкон берган.
Шунга қарамай, ватанида уни кейинчалик СССР қулашига олиб келган иқтисодиётдаги коллапс ва хаосда, қийинчилик билан эгалланган ҳудудлар бой берилиши ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи қулашида айблашади.
Горбачёв қатъий коммунистликдан ислоҳотчи коммунистликка ва демократ-социалистликка қадар ақл бовар қилмас йўлни босиб ўтди. Ва у ҳокимиятда қанча узоқ қолса, шунча радикал бўлди.
Аммо у ўзи бошлаб берган электорал сиёсатдан ҳеч қандай наф кўрмади. 1996 йилда, советлар иттифоқи қулаганидан беш йил ўтиб у Россия президентлиги учун курашиб кўрди, аммо сайловчиларнинг 1 фоиздан ортиқ овозини ололмади - бу XX асрнинг муҳим ва катта таъсирга эга давлат арбобларидан бири учун қайғули эпитафия (қабртошига битилган ёзув) эди.
У Ғарб билан бизнес юритиши мумкин бўлган ҳалол брокер сифатида шуҳрат қозонди. Унинг мероси қанча вақт сақланиб қолгани эса бошқа масала. Путин даврида Россия яна тоталитаризмга қайтди - ўз навбатида ўттиз йил муқаддам Горбачёв жорий этган сўз эркинлиги ҳам аллақачон сўниб бораётган хотирага айланди, дея хулоса қилади Times.
Горбачёвни ўтган асрнинг сўнгги чорагидаги энг муҳим фигура деб атаган Guardian нашри у Европа қитъасида Шарқ ва Ғарб ўртасида 40 йил давом этган қарама-қаршиликка деярли ҳеч қандай қийинчиликсиз чек қўйгани ва дунёни ядровий портлаш хавфидан қутқариб қолганини тасвирлайди.
Газета у 1985 йил мартида Коммунистик партия бош котиблигига сайланганида ўз олдига бу каби мақсад қўймаганини қайд этади. У совуқ уруш қандай якунланишини, КПСС сўнгги нафасини чиқаришини, совет қўшинлари Шарқий Европадан чиқиб кетиши, Германия яна бирлашиши, советлар иттифоқининг ўзи эса бўлиниб кетишини олдиндан кўрмаган ва бундай бўлишини режалаштирмаганди.
Горбачёвнинг олдинги совет раҳбарларидан фарқи шундаки, у ислоҳотлар жараёнини бошлагач, барчаси назорат остидан чиқиб кетиш хавфи туғилганида уни ортга қайтаришга уринмаган. Ажойиб ташкилотчи сифатида у бошлаган ишини ҳокимияти аста-секин тамом бўлиб, ўзи истеъфога чиққунича муносиб давом эттирди.
Михаил Горбачёв парадоксал совет етакчиси бўлиб чиқди, дунёга айнан шундайи керак эди, деб ёзади Американинг Wall Street Journal нашри. У бу лавозимга келганида деярли мутлақ ҳокимиятга эгалик қилган, аммо бу ҳокимиятга путур етказадиган ислоҳотларни амалга оширган. У Компартия сафларида тарбияланган, аммо унинг раҳбарлигида бу режим барҳам топди. Унинг улкан ютуғи шунда эдики, у совуқ уруш ҳарбий ҳаракатларсиз ёки дунё ўнлаб йиллар мобайнида қўрқиб келган янада ёмонроқ «ёнғин»сиз тугашига имкон берди.
Кўплаб россияликлар, айниқса Путин Горбачёвни империянинг ҳалокатида айблайди.
Владимир Путин рус миллатчилигини қўзғатиб, ҳарбий куч қўллаган ҳолда Буюк Россияни тиклашга интилмоқда. Аммо у Россияни ривожланган биринчи дунё мамлакатига айлантира олмади. Ва у илк совет раҳбарларининг бешафқат услубларида ҳаракатланганига қарамай Украинани бўйсундира олмади.
Горбачёв россияликларга яхшироқ келажак яратиш имконини берганди. Улкан фожиа шундаки, улар буни уддалай олишмади.
Муваффақиятсизлик - аммо тўғри сабабларга кўра
У томонидан бошланган қайта қуриш у истаган мақсадга (демократик, инсонпарвар социализм қуриш) эриша олмади - балки бу мақсад ноўрин жойда қилинган утопия бўлгани учундир, дея ёзади Economist. Замонавий Россия элитаси учун у агар хоин бўлмаса, тентаксимон одамдир: уни советлар иттифоқи парчаланишига шунчаки, ҳеч қандай пул ишлаб олмасдан йўл қўйиб берган аҳмоқ одам деб ҳисоблашади. Унинг қўлида ҳокимият, ҳашаматли ҳаёт ва юз миллионлаб одамлар тақдири турарди - у эса 1991 йил 25 декабрида совет иттифоқи президенти лавозимидан кетганида барчасидан воз кечди.
У советлар иттифоқи учун якун бундай бўлишини хоҳламаган. Совуқ урушни якунлаб, XX аср тарихида бурилиш ясаган бу инсон диссидент ҳам, инқилобчи ҳам эмасди. У советлар иттифоқини парчаламоқчи эмас, балки ислоҳ қилмоқчи эди. Аммо у зўравонликдан нафратланиши ва маърифатга бўлган эътиқоди қатағон ва ёлғонлар асосидаги тузумга чек қўйилиши учун етарли бўлди.
Айнан шундай ҳис-туйғулар ва инсоний инстинктлар орадан йиллар ўтиб Рональд Рейган Горбачёвда нафақат марксчи-ленинчи, балки ўзи билан кўплаб умумийликларга эга инсон қиёфасини кўришига имкон беради. Уларнинг иккиси ҳам кичик фермер хўжаликларида иш бошлаган, иккиси ҳам виждон билан ҳисоблашган, иккиси ҳам урушдан кейинги йилларнинг оптимизми ва ишончини ўзида мужассам этган.
Совуқ уруш тугашига ҳам ана шу яқинлик, шунингдек совет иқтисодиётининг бардош бера олмагани сабаб бўлди. Суперержава мақомидан кўра ўз ватандошлари учун яхшироқ яшаш шароитлари ҳақида қайғурган Горбачёв қуролланиш пойгасини давом эттиришдан маъно кўрмади.
Аксар ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, лавозимдан кетиш унинг ҳаётининг охири эмасди. Ва у ўзидан кейингилардан фарқли ўлароқ, қўрқадиган, яширадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Истеъфодан кейинги илк йилларда у пул ишлаш учун Pizza Hut рекламасида суратга тушди. Россиянинг бугунги элитаси ўлчовларига кўра у бечораҳол одам ҳисобланади. Унинг 1990 йил олган тинчлик бўйича Нобел мукофотидан келган пуллар «Новая газета»ни ташкил этиш учун сарфланганди, дея эслатади Economist.
Албатта, Горбачёв муваффақиятсизликка учради, дея ёзади Spectator журнали шарҳловчиси Марк Галеотти. Афтидан, коммунистик партияга самимий ишонган бу инсон ҳокимиятга уни ва советлар иттифоқини қайта жонлантириш умидида келган. Бунинг ўрнига эса у ислоҳ бўлишни истамаган ёки бунга қодир бўлмаган институтларни ислоҳ қилишга уриниб, иккисини ҳам барбод қилди.
У шунингдек, 1990-1991 йиллар қишида, мамлакати бошига тушган хаосдан умидсиз ҳолга тушиб, қатъий линия тарафдорлари билан вақтинча иттифоқ тузганида бу йўлда қатъий давом эта олмаганди. Улар қатағонни ҳам назарда тутувчи Пиночет услубида тартиб ва иқтисодий ислоҳотларни ваъда қилишганди. Горбачёв Болтиқ бўйи давлатларининг мустақиллик учун тинч ҳаракатларини бостиришга қўшин юборади.
Натижа самарасиз бўлиши олдиндан кўриниб турарди. Аммо ўша шароитда вазият кўп қон тўкилмай ҳал бўлгани ҳайратланарли. У Афғонистондан қўшинларни олиб чиқди, советлар иттифоқининг Европани ҳам ўз ичига олган империяси билан хайрлашди ва охир-оқибат СССРнинг мавжудлигига якун ясади. Империялар бундай тинч йўл билан йўқ бўлиши доим ҳам рўй беравермайди.
Шундай экан, бу муваффақиятсизлик эди, аммо бу тўғри сабабларга кўра рўй берди. Горбачёвнинг энг катта бойлиги унинг муваффақиятсизликларга бардош бериши ва улардан сабоқ чиқариши эди. Бошқа етакчилардан фарқли ўлароқ, у вақт ўтиб ўсиб боради. У ҳокимиятга тизим кичик модернизация ва енгил ребрендингга муҳтож, партия унинг энг катта иттифоқчиси ва қуроли деган ишонч билан келганди, якунда эса партия ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ эканига ишончи комил бўлди.
Горбачёв мураккаб фигура эди. Партиянинг коррупцияга ботган тузилмалари ичида бўлган ислоҳотчи; барибир қўли қонга беланган тинчликпарвар; янги реалликка бўйсунишга ва ҳокимиятдан воз кечишга тайёр бўлган шафқатсиз сиёсатчи. У совет раҳбари сифатида муваффақиятсизликка учради, аммо бу уни қайсидир маънода анча яхши одамга айлантирди, дея хулоса қилади Галеотти.
Мавзуга оид
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024
Бир жиноят тарихи: қотиллик қурбони бўлган 72 ёшли актриса
15:11 / 13.10.2024