Спорт | 19:36 / 08.09.2022
11722
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари тайинланди

Бугун, 8 сентябрь куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциациясининг семинар тренинги ва навбатдан ташқари конференцияси ташкил этилди.

Фото: Ўзбекистон "Combat jiu-jitsu" ассоциацияси матбуот хизмати

Конференцияда Халқаро Combat jiu-jitsu федерацияси президенти Владислав Шипинский, Осиё Combat jiu-jitsu федерацияси президенти Ата Адаев, Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциацияси мутасаддилари, ҳакамлар ҳайъати, спортчи ва мураббийлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциацияси бош котиби Ғайрат Набиев бошлаб берди ва кун тартиби билан таништирди.

Кун тартибига биноан, Ғайрат Набиев ассоциация раисининг буйруғини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, ассоциация раисининг биринчи ўринбосари сифатида Отабек Шуҳратович Исламов фаолият олиб борадиган бўлди.

Шунингдек, Алишер Рустамбекович Бобожонов раис ўринбосари, Қодир Раҳматуллоевич Кулиев раиснинг халқаро муносабатлар бўйича ўринбосари, Риза Жаппарали ўғли Сафаров эса ассоциацияда ижрочи директор лавозимларига тайинланди. Улуғбек Ахтамович Раҳмонов эса Combat jiu-jitsu бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.

Ассоциация раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Отабек Исламов сўзга чиқар экан, ташкилотда ишларни янада жадалаштириш ҳамда режага асосан бўлиб ўтадиган мусобақаларга тайёргарлик кўриш, республика миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда ғолиб бўлган спортчиларни нуфузли ҳалқаро мусобақаларга муносиб тайёрлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Айниқса, бугунги кунда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада ошириб, уларни турли нопок йўлларга кириб кетмасликларини олдини олиш билан бир қаторда спорт орқали тарбиялаб, жисмонан соғлом ва маънавий етук қилиб тарбиялаш асосий мақсад эканини таъкидлади. Беш муҳим ташаббусда белгилаб берилган вазифалардан бири бу ёшларни спорт тўгаракларига жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлашдир. 

Шу боис, ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад:

Combat jiu-jitsu жанг санъатининг Ўзбекистонда ривожланиши ва ҳозирги вақтдаги ҳолатини таҳлил этиш, Combat jiu-jitsu жанг санъатини ўзлаштириш жараёнида қийинчиликларни енгиб ўтиш орқали ўсмирлар ва ёшларнинг чидамлилик ҳамда чаққонлик сифатларини оширишдан иборат.

Раиснинг биринчи ўринбосари ассоциация олдида турган муҳим вазифалардан бири сифатида, ушбу спортга фақатгина ўғил болалар эмас, балки қизларни ҳам кенг жалб қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Combat jiu-jitsu бўйича шу кунларда Бухоро вилоятида Осиё чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилгани, ушбу мусобақага Ўзбекистон терма жамоаси тайёргарликни кучайтириш зарурлигини айтиб ўтди. Combat jiu-jitsu спортини янада оммаллаштириш лозимлиги ҳақида фикр билдирилди.

Сўз якунида эса барча тадбир иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, ушбу хайрли ишларда тинимсиз меҳнат қилиб, Ўзбекистон спортчиларини дунёга танитиш учун тун-у кун меҳнат қилиш лозимлиги хақида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда иштирок этган Халқаро Combat jiu-jitsu федерацияси президенти Владислав Шипинский ушбу спорт тури Ўзбекистонда ҳам ривожлантирилаётганидан мамнунлигини таъкидлади ва ўзбек спортчиларига муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг, конференция иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. 

Ўзбекистон Combat jiu-jitsu ассоциацияси матбуот хизмати