Украинанинг Харкивдаги юриши якунлари: Изюм фронти энди йўқ
Украина қуролли кучлари Харкив областини деярли бутунлай қайтариб олиб, Россияни йирик оператив мағлубиятга учратди. Россия армиясининг оғир мағлубияти билан якунланган воқеалар қандай ривожланди?
Украина армияси олти кунлик юриш давомида Харкив ва Донбассга таҳдид солиб турган Изюм тўсиғини олиб ташлади ва Россия ҳарбий қисмларини шарқда Оскол дарёсининг нариги соҳилига, шимолда эса чегара ортига чекинтирди. «Украина Изюмни олиши Россия Донецк областида ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш истиқболларига чек қўйди», деб ҳисоблайди Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) мутахассислари.
«Ҳозирги қарши ҳужум урушга якун ясай олмайди. Эртами кечми у якунланади, Россияда эса янги мудофаа чизиғини ташкил этиш, ҳатто кичик қарши ҳужумларга ўтиш имкони туғилиши мумкин. Уруш, катта эҳтимол билан, 2023 йилга қадар чўзилади. Аммо Украина можарода бурилиш ясади ва ташаббусни ўз қўлига олди. Энди Киев Москвани ўзига қулай бўлган жойларда жанг қилишга мажбурлаши мумкин», дейилади институт ҳисоботида.
Воқеалар тарихи
Баҳордан ҳозиргача Россия қўшини украинларнинг Донбассдаги мустаҳкам истеҳкомларини штурм қилиб келади. Урғу артиллерия тизимлари сонидаги катта устунликка ва хусусий ҳарбий компанияларнинг профессионал ҳарбийларини жалб этишга қаратилди. Аммо бу тактика ҳам тўхтаб қолди.
Россия кучларининг сўнгги йирик муваффақияти июн ойи охири - июл ойи бошида Северодонецк ва Лисичанск босиб олиниши бўлганди. Шундан буён Россия Донбассда сезиларли муваффақиятга эриша олмади.
Июл ойи охирларидаёқ Украина армияси жанубда йирик юриш бошлашга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Кўплаб ҳарбий таҳлилчилар Россиянинг Херсон ва Кривой Рог йўналишидаги гуруҳлари позицияси мустаҳкам эмаслиги, Днепрнинг ўнг соҳилидаги бу қўшинларни таъминотдан узиб қўйиш ва кейин қуршаб олиб, йўқ қилиш имконияти борлигига эътибор қаратишди.
Украина қўмондонлигининг жанубий фронтдаги ҳаракатлари бу картинага тўла мос келади. Фронтга қўшимча кучлар олиб келинмоқда, украин ҳарбий бўлинмалари ҳужумкор амалиётлар сериясини ўтказмоқда, Ингулец дарёсининг чап соҳилидаги плацдарм эгалланган, Америкадан етказилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали Днепр дарёси устидан ўтган кўприклар мунтазам равишда ўққа тутилмоқда - бу йўллар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтирилган. Россия қўшинларининг фронт ортидаги ҳарбий объектларига доимий зарбалар берилмоқда, август ойи ўрталарида аннексия қилинган Қримда ҳам кучли портлашлар рўй бера бошлади.
Россия қўмондонлиги жанубда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. У ерга Донбассда жанг қилган қисмлар ва янги шакллантирилган бўлинмалардан иборат каттагина қўшимча куч ташланганига қарамай, уларни Днепрнинг ўнг соҳилига олиб ўтиш ва жангга ташлашга шошилишмади.
Бир томондан, украинларнинг ҳужумларини мавжуд кучлар билан ҳам тўхтатиш имкони бўлди. Бошқа томондан - ҳарбий ҳаракатлар кескин кучайган тақдирда, таъминот муаммоси ҳам фақат оғирлашади.
Россияпараст блогерлар ва ҳарбий мухбирлар асосий зарба жанубда эмас, шимолда берилиши мумкинлиги ҳақида Украинанинг қарши ҳужуми бошланишидан камида икки ҳафта олдин ёза бошлаганди. Муаллифлар рақиб қўшинларини Харкив областида тўплай бошлаганига эътибор қаратишганди.
Харкив яқинидаги ҳарбий ҳаракатлар қандай кечди?
6 сентябр тонгида украин қўшини Харкивдан жануби-шарқда жойлашган Балаклияда кучли зарба берди. Уч йўналишда ҳужумга ўтилди - бири Балаклиядан жанубдан ва иккитаси шимолроқда. Мудофаа чизиғи тезда ёриб ўтилди, Украина қуролли кучлари шаҳарни ярим айлана ичига олишди, шаҳарга келувчи асосий йўллар тўсиб қўйилди ва шаҳарни штурм қилишга ортиқча вақт сарфламасдан, тезлик билан шарққа томон ҳаракатланди.
Жанубдан ёриб ўтган гуруҳ Балаклиядан жануби-шарқдаги позицияни эгаллади ва эҳтимолий қарши ҳужумга тайёр туриш учун тўхтади; шимолдаги гуруҳларнинг бири нисбатан ичкарироқ кириб борди, ундан ҳам шимолроқдагиси Шевченково ва Купянск йўналишидаги шоссе бўйлаб ҳаракатланди.
Украина қуролли кучлари қарши ҳужумда классик схема бўйича ҳаракатланди: мобил штурмчи гуруҳлар мудофаани ёриб ўтди, уларнинг ортидан асосий зирҳли танк бўлинмалари келиб, назоратни қўлга олди ва озод қилинган ҳудудларни кенгайтирди, диверсив-разведка гуруҳлар олға ҳаракатланишини таъминлади. Қаршилик кўрсатилган жойларда улар ортга чекинди ва бу вазиятда яна ёриб ўтувчи гуруҳлар жангга киришди.
Украина қўшини Россиянинг мустаҳкамланган ҳудудларини четлаб ўтишга ва уларни қуршовда қолдиришга ҳаракат қилди. Россия кучлари мувофиқликда ҳаракатлана олмади, гуруҳлар бирин-кетин қуршовга тушиб қола бошлади ва уларда чекиниш учун йўл қолмади.
Кремл ва олий қўмондонлик директиваси йўқлигида (бу вақтда улар Узоқ Шарқдаги машғулотларни кузатиш билан банд эди) россияпараст блогерлар, ҳарбий мухбирлар ва ОАВ фронтдаги воқеаларни ўз нуқтайи назари билан ёритди. «Балаклияда жаҳаннам!» дея ваҳимали чиқишлар бўлди. Кўп ўтмай барча каналларда бир хилда «Ваҳимага ўрин йўқ» мазмунидаги постлар тарқатилди.
Бу вақтга келиб Балаклиядаги вазият ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолганди. Шаҳарни шимолдан айланиб ўтган украин қисмлари тезлик билан илгарилаб, бир кун ичида йўллар кесишмасидаги муҳим аҳоли манзили ҳисобланган Шевченковони қамал қилишди, 8 сентябр куни эса Купянск остонасига етиб келишди.
Купянск шаҳрининг бой берилиши россияликларнинг Изюм атрофидаги йирик гуруҳи таъминоти тўхтаб қолишини англатарди - Белгороддан чиқадиган ёрдам Вовчанск орқали, Воронеж областининг Россош шаҳридан чиқадиган ёрдам эса Валуйский райони орқали темирйўлда Купянскка келтириларди.
Шундан кейин воқеалар тез суръатда ривожланиб кетди. Россиялик ҳарбий мухбирлар рақиб ёриб ўтмаслиги учун Купянск ва Изюмга зудлик билан захира кучлари ташлангани ҳақида хабар беришди. Бу вақтда Украина артиллерияси Купянскнинг ғарбий ва шарқий қисмларини боғловчи кўприкни портлатишди, шаҳарни ғарбдан ва жанубдан қамал қилди, жанубда, Изюм томонда Оскол сув омбори ҳудуди эгалланди. Шунингдек Сеньково қишлоғи ҳудудида Оскол дарёсидан ўтган кўприклардан бири устидан назорат ўрнатилди, яна бир кўприк вайрон қилинди.
Украина қуролли кучларининг бошқа бир штурмчи гуруҳи шимолга бурилди ва бу гуруҳ ҳам шоссе бўйлаб тезкорликда ҳаракатланиб, Двуречное посёлкасига етиб борди. Шундан кейин шимолдан таъминот амалга ошириш мутлақо имконсиз ишга айланди.
Бу вақтда украин қўшинлари жанубда Лиманга ҳам ҳужум бошлади. Агар Россия қўшини бу шаҳарни ҳам бой берганида, Изюм гуруҳи бутунлай қуршовга тушган бўларди.
Маълум бўлишича, Изюм атрофидаги қўшинларни олиб кетиш ҳақида 10 сентябрга ўтар кечасиёқ қарор қабул қилинган. Луҳанск областига чекинган россиялик ҳарбийлар ўзи билан юк олмаган ва бузуқ техникалар ва ўқ-дориларни ташлаб кетган. Кетиш олдидан ҳеч нарса портлатилмаганига қараганда жуда тез чекинишга тўғри келган.
Ҳозирги вазият
Украина қўшинлари Россия билан давлат чегараларига чиқишган. Сўнгги воқеалардан кейин Россия ҳарбийлари Харкив области шимолидаги ҳудудларни эгаллаб туришидан маъно қолмаганди.
Озод этилган аҳоли манзилларида украин байроқлари кўтарилди. Жойларда ҳудудларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда, айрим жойларда эса аллақачон украин терговчилари ва ҳарбий полиция ишга киришган - улар россиялик босқинчилар билан ҳамкорлик қилган коллоборантларни аниқлашади.
Янги фронт чизиғи энди Оскол дарёси бўйлаб ўтади.
Россия армияси Луҳанск областидаги гуруҳи таъминоти учун бошқа рокада йўлидан (фронт чизиғи бўйлаб ёки унга параллел ўтувчи алоқа йўли) фойдаланиши керак бўлади.
Россия армиясининг йўқотишлари кўламини (шахсий таркиб, техника ва қуроллар) ҳали ҳисоблаш қийин. Шуни аниқ айтиш мумкинки, украин ҳарбийлари зарбасидан ҳамма ҳам қочиб қутула олмаган, яна ўнлаб ҳарбийлар асир тушган бўлиши мумкин.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятига баҳо бераркан, бу ҳали бошланиши эканини айтди.
Süddeutsche Zeitung нашри ёзишича, АҚШ ҳукумати Киевга ғарб намунасидаги жанговар пиёда машиналари ҳамда жанговар танкларни бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.
«Украин қўшинларининг муваффақияти Россиянинг бутун амалиёти учун жиддий оқибатларга олиб келади. Украинадаги кучларнинг аксар қисми шошилинч равишда мудофаани ташкил этишга устуворлик беришга мажбур бўлади. Россия олий ҳарбий раҳбариятига шусиз ҳам у қадар юқори бўлмаган ишонч янада ёмонлашиши мумкин», деб ҳисоблайди Британия разведкаси.
Мавзуга оид
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024