Жаҳон | 18:14 / 16.09.2022
32729
6 дақиқада ўқилади

Қиролича Елизавета II вафотидан сўнг ҳиндлар Кўҳинур олмосини қайтаришни талаб қилмоқда 

Британия монархи қиролича Елизавета II 8 сентябр куни оламдан ўтганидан кейин «Кўҳинур» сўзи ҳиндистонликлар орасида оммалашиб кетди. 

Бу дунёдаги энг машҳур қимматбаҳо тошлардан бирига ишора эди. Кўҳинур олмоси она-қиролича номи билан танилган Елизаветанинг волидаси учун ясалган тождаги 2800 та қимматбаҳо тошдан биридир. Унинг ўлчами 105 каратга тенг бўлиб, тождаги бошқа тошлардан яққол ажралиб туради. 

Ҳиндистон аҳли Кўҳинур британияликлар томонидан ноқонуний қўлга киритилган, шу сабабли қайтарилиши лозим деб ҳисобламоқда. 

Она-қиролича Елизаветанинг Кўҳинур билан безатилган тожи
Фото: Getty Images

Кўҳинур тарихи 

Кўҳинур – (Кўҳи нур – форсча, «Нур тоғи») тарихдаги энг машҳур олмос ва бриллиант бўлиб, Британия қироллик оиласи хазинасига кирувчи энг катта қимматбаҳо тошлардан биридир.  

У Ҳиндистоннинг ҳозирги Андҳра-Прадеш ҳудудида, XII-XIV асрлар оралиғида, Какатиян сулоласи ҳукмронлиги даврида қазиб олинган. Унинг сайқалланмаган оғирлиги 793 карат бўлган деб ҳисобланади. 

Кўҳинурнинг нусхаси Калькуттадаги матбуот анжуманида намойиш этилмоқда (2002 йил) 
Фото: Getty Images

Кўҳинур ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотлар XVI асрга бориб тақалади. 1526 йилда Ҳиндистонга юриш қилган Бобур ва унинг ўғли Ҳумоюн Панипат жангида рожа Бикерамит аскарларини мағлуб этишади. Унинг хотини эса барча хазиналарини, шу жумладан Кўҳинурни ҳам Ҳумоюнга топширади.  

Кейинчалик қимматбаҳо тош форслар ва афғонлар қўлига ўтади. XIX асрда сикҳлар маҳарожаси Ранжит Сингҳ уни афғон ҳукмдори Шужа Дурронийдан тортиб олиб, Ҳиндистонга қайтарди.  

XIX аср ўртасида Ҳиндистоннинг Панжоб вилояти Буюк Британия томонидан аннексия қилинади. «Ист Индия» компанияси эса 10 ёшли маҳарожа Данжип Сингҳни ўз ерлари ва мулкларидан воз кечишга мажбур қилиб, қимматбаҳо тошни ҳам қўлга киритади. 

Сўнгра компания Кўҳинурни қиролича Викторияга совға қилади. Унинг турмуш ўртоғи, шаҳзода Алберт тошни қайта сайқаллашни буюради. Шундан сўнг олмос қиролича Александра ва қиролича Мария тожини безайди. 1937 йилда эса она-қиролича тожига ўрнатилади. 

Кўҳинурнинг тахминий «ҳаёт йўли» 
Фото: Twitter

1953 йилда она-қиролича қизи Елизаветага тож кийдириш маросимида Кўҳинурли тожни кийган. Шундан бери Кўҳинур Британия тожи марваридларидан бири бўлиб келяпти. Аммо Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари олмоснинг қайтарилишини талаб қилмоқда. 

Қайд этиш жоизки, Кўҳинурли тож 2,8 кг вазнга эга ва шу сабабли, Британия монархлари уни ҳар доим ҳам киймайди. 

Қиролича Елизавета II Кўҳинурли тож билан 
Фото: Getty Images

Британиянинг Кўҳинурга қонуний эгалик қилиши шубҳа остига олинмоқда 

Қимматбаҳо тошнинг келажаги ҳақида ҳеч қандай режа эълон қилинмаган бўлса-да, Ҳиндистон аҳли унинг Британияда қолишини истамаяпти ва қайтарилишини талаб қилмоқда. 

«Агар қирол Кўҳинурли тожни киймайдиган бўлса, уни қайтариб беринг», деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. 

Яна бир ҳиндистонлик британияликлар олмосни «ўғирлагани», улар «ўлим», «очлик» ва «талончилик» орқали «бойлик орттиргани»ни айтган. 

Бу олмосни қайтаришга бўлган биринчи уриниш эмас. 1947 йилда Ҳиндистон мустақилликка эришгач, ҳукумат Кўҳинурни қайтаришни талаб қилган эди. Елизавета II тахтга ўтиришидан олдин ҳам яна бир марта бу талаб илгари сурилади. Бу талаблар эътиборсиз қолдирилган, чунки Буюк Британия Кўҳинурни Ҳиндистонга қайтариш учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқ деб ҳисоблайди. 

Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ҳозирда Британияда яшовчи ёзувчи ва сиёсий шарҳловчи Саурав Даттнинг сўзларига кўра, Буюк Британиянинг бриллиантни қайтариши эҳтимоли жуда паст. 

Тўғри, яқинда инглизлар Нигерия ҳукуматига Бенин бронзасидан ясалган 72 та артефактни қайтарган эди. Бу тарихий экспонатлар XIX асрда инглиз аскарлари томонидан ўғирлаб кетилган ва Британия музейларида сақланаётганди. 

Аммо Даттнинг фикрича, Британия жамиятининг ҳукмрон доиралари ҳали ҳам «империянинг романтик кучига қаттиқ ишонишади, гарчи у аллақачон барҳам топган ва олдинги таъсирини йўқотган бўлса-да». Кўҳинур эса бу кучнинг рамзи ҳисобланади. Унинг қайтарилиши қирол оиласи учун моҳиятан ўз оёғига болта уриш билан баробар. 

«Жуда бўлмаганда, олдин қирол Чарлз III Кўҳинур олмосининг «қора тарихи»ни тан олиши керак», дейди Датт. 

«Олмос айёрлик ва алдов йўли билан қўлга киритилганини тан олиш ҳозирги босқичда муҳим қадам бўлар эди. Бу эса кейинги авлоднинг уни қайтариб олишига замин яратар эди», деб қўшимча қилди у. 

Аммо кўплаб ҳиндларнинг сабри бунга етмаслиги мумкин. Улар Кўҳинур зудлик билан қайтарилишини талаб қилмоқда.

Мавзуга оид