Ўзбекистон | 13:22 / 21.09.2022
8730
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ноқонуний олтин қазувчилар Сенат вакилларини кўриб, буюмларини ташлаб қочиб кетди 

Ноқонуний равишда олиб борилаётган олтин қазиш ишлари жойига чиқиб ўрганилмоқда.

Фото: Senat.uz

Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов ва сенатор Толиб Мадумаров Навоий вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.

Ўрганишлар илк кунида сенаторлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишга оид қисмини ўрганди.

Ишчи гуруҳи мазкур соҳада масъул бўлган соҳа раҳбарлари, мутахассислар, экспертлар билан гаплашиб, мавжуд муаммо ва унинг олдини олиш йўлларини муҳокама қилди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Навбаҳор туманидаги Берансой даласида бўлиб, у ерда ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудда ноқонуний олтин қазувчилар томонидан бир нечта ўраларда қазиш ишлари олиб борилган, лекин ишчи гуруҳ масалани жойида ўрганганда қонунбузарлар барча тегишли буюмларини ташлаб қочиб кетгани аниқланди.

Келгусида бундай ҳолатлар олдини олиш, назоратни кескин кучайтириш мақсадида вилоят мутасадди ташкилотларига топшириқлар берилди.

Сенаторлар бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи таркибида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Навоий ихтисослаштирилган прокуратураси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Кон-геология назорат қилиш инспекцияси масъуллари иш олиб бормоқда.

Мавзуга оид