"Оилавий меҳмон уйлари сони 4 мингга яқинлашди" — Азиз Абдуҳакимов
Ўзбекистонда 4 йил олдин очила бошлаган оилавий меҳмон уйлари сони айни пайтга келиб 4 мингга яқинлашган. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Токиода ўтаётган халқаро туризм кўргазмасида маълум қилган.
22 сентябр куни Япония пойтахти Токиода “Tourism Expo Japan 2022” халқаро туризм кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазма доирасида туризм соҳаси вакилларининг ҳамкорлик ўрнатиш ва фикр алмашишга қаратилган музокара ва давра суҳбатлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Уларда пандемиядан кейин чуқур инқироздан оёққа тураётган соҳанинг турли муаммолари, ёндашувлар ва экологияга оид масалалар муҳокама қилинмоқда.
Шундай давра суҳбатларидан бири – кўргазмага ташриф буюрган қатор давлатларнинг туризм вазирлари, халқаро ташкилотлар ва туризм сектори вакиллари иштирокидаги форум бўлди. Форумда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок эди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Азиз Абдуҳакимовнинг ўз нутқида маълум қилишича, 2018 йилдан эътиборан ташкил этила бошлаган оилавий меҳмон уйлари сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
“Биз Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, айниқса тоғли жойларда туризм қишлоқларини ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Агар маҳаллий аҳоли камида 20 та оилавий меҳмон уйларини ташкил этса, давлат бу қишлоқнинг йўли, электр ва сув таъминотини яхшилаш орқали уларни қўллаб-қувватламоқда.
4 йил олдин бизда бирорта ҳам оилавий меҳмон уйи йўқ эди. Ҳозир эса барча ҳудудларда деярли 4 мингга яқин оилавий меҳмон уйлари фаолият юритмоқда”, – деди у.
Бош вазир ўринбосари форум мавзуларидан бири – атроф-муҳит муҳофазаси (бунда туризм соҳаси ҳам катта ўрин тутади) ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда энергия самарадорликка эришиш ва қайта тикланувчи энергияга ўтиш бўйича қилинаётган ишлар, хусусан 2030 йилга бориб мамлакат иқтисодиётининг энергосамарадорлиги икки баробарга ортиши, қайта тикланувчи энергиянинг улуши 25 фоизга етиши, 2050 йилгача эса Ўзбекистоннинг нол даражали углерод энергиясига ўтиши кўзда тутилганини қайд этди.
Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, Самарқандда янги аэропорт қурилганини таъкидлаб, БМТ қошидаги Халқаро туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг кейинги йилги йиғилиши ушбу тарихий шаҳарда бўлишини эслатди ва барча йиғилганларни Самарқандга таклиф қилди.
Мавзуга оид
16:31 / 14.11.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида биринчи темирйўл саёҳат дастури бошланади
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
13:48 / 13.11.2024
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
21:49 / 04.11.2024