Ўзбекистон | 11:17 / 25.09.2022
23797
9 дақиқада ўқилади

Олий судда синган умид. Тўдакўл иши арзимас сабаб билан қуйига улоқтирилди

Америка-Ўзбекистон қўшма корхонасининг миллиардлаб мулки тортиб олиниб, маҳаллий тадбиркорга бериб юборилишига асос бўлган тендер ҳужжатлари қалбаки бўлиб чиқди. Шу боис ҳам иш тақдири қўшма корхона фойдасига ҳал бўлиши шарт бўлиб турган бир вазиятда Олий суд “ўйин”ни қайтадан бошлади. АҚШлик инвесторнинг ҳам, унинг ўзбекистонлик ҳамкорининг ҳам судларга нисбатан тикланай деб турган ишончи яна синди.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган Тўдакўл сув ҳавзаси бўйича 4 йилдан буён давом этаётган можаро тобора чигаллашиб бормоқда: Олий суд олдинги суд қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун Зангиота туманлараро иқтисодий судига юборди. Kun.uz олдинроқ ушбу мавзу бўйича мақола эълон қилганди.

Қўлдан-қўлга ўтган Тўдакўл

Можаро сабаби Тўдакўлни ижарага олиш билан боғлиқ. 2004 йилда “Shams-Navoiy” корхонаси “CASEF” жамғармаси билан “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасини ташкил этган ва ўтказилган тендерда Тўдакўл сув ҳавзасини 18 йил муддатга ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритган.

“Aqua-Tudakul” қўшма корхонасининг 18 йиллик ижара шартномаси 2022 йилда тугаши керак эди. Аммо 2018 йилда табиий сув ҳавзалари доимий равишда танҳо фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилгач, уюшма Тўдакўлни ижарага бериш учун 2018 йил январ ойида қайта тендер ўтказган. 4 та фирма ўз таклифлари билан қатнашган тендерда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси яна ғолиб бўлган ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан 10 йиллик шартнома имзолаган.

Орадан қарийб 3 ой ўтиб, 2018 йил апрел ойида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси шартномани бекор қилиш ва танлов ўтказиш ҳақида буйруқ қабул қилган. Май ойига келиб эса қайта тендер “ташкил этилган” ва Тўдакўл “Golden Lake Fish” МЧЖга ўтган.

“Aqua-Tudakul” МЧЖ “SHAMS-NAVOI” XК ва “Central Asiya Small Enterprise F” (CASEF) жамғармасининг таъсисчилигида очилган. Ушбу қўшма корхона 2018 йилга қадар 14 йил давомида Тўдакўл сув ҳавзасидан фойдаланиб келган. “Golden Lake Fish” МЧЖ эса тендер ўтказилишидан бор-йўғи 16 кун олдин, 2018 йил 7 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Қарийб 46 млрд сўмлик зарар

Тўдакўл янги ижарачига берилганида унда олдинги ижарачи – “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси томонидан етиштирилган балиқ бўлган. Масаланинг суд ишида кўрилаётган асосий нуқтаси айнан шу. 

Даъвогар – “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси етказилган моддий зарар миқдори 45,8 млрд сўм эканлигини, кўлда балиқ етиштириш учун уни 2011-2017 йилларда ҳар йили ўртача 125 тонна чавоқ билан балиқлантирганини айтмоқда. Қўшма корхона бу важга кўплаб далиллар, жумладан, солиқ ва статистика ҳисоботларини, баҳолаш хулосаларини тақдим этган.

Жавобгарлар – “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамда “Golden Lake Fish” МЧЖ вакиллари эса табиий муҳитга чиқариб юборилган ҳайвонлар давлат мулки ҳисобланишини, даъвогар табиий ҳудуддаги балиқларни қонунчиликка зид равишда ўзининг мулки сифатида эътироф этаётганлигини таъкидлаяпти.

Олий суд ишни қайта кўришга юборди

“Тўдакўл иши”ни кўриб чиққан Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди “Golden Lake Fish” МЧЖдан “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси фойдасига 45,8 млрд сўм моддий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Суд даъвогарнинг “Тўдакўл” сув омборида балиқлантириш ва уни қўриқлаш, молиялаштириш юзасидан тақдим қилган ҳужжатлари ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси ва “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига асосан кўлдаги балиқ захираси “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасининг мулки эканлиги ва уни ундириш асосли деб ҳисоблаган.

Тошкент вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Аммо Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 мартдаги ҳамда Тошкент вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 майдаги қарорларини бекор қилган ва ишни янгидан кўриш учун Зангиота туманлараро иқтисодий судига юборган.

Олий суд қарорни қуйига улоқтиришига “Олдинги судлар томонидан 2018 йилгача даъвогарга тегишли балиқ захираси қайси шартнома асосида юзага келганлиги ўрганилмаган. Яъни балиқ захираси даъвогар билан Навоий вилояти ҳокимлиги ўртасида ижара шартномаси тузилганидан сўнг юзага келган, деб ҳисобланмоқда. Бироқ мазкур ишга Навоий вилояти ҳокимлиги жалб қилинмаган”, деган мазмунда важ келтирган.

Бироқ Олий суд негадир масаланинг асосий нуқтаси – Америка-Ўзбекистон қўшма корхонасининг 45,8 млрд сўм моддий зарар кўришига, сув ҳавзаси 15 йиллик фирмадан 15 кунлик фирмага тортиб олиб берилишига асос бўлган тендер ҳужжатлари қалбакилаштирилганига эътибор қаратмаган.

Тендер ҳужжатлари сохталаштирилган

Энг қизиғи, Тўдакўлни “ютиб олган” “Golden Lake Fish” МЧЖ раҳбари Панжиқул Рўзиқулов тендерга сохта ҳужжатлар тақдим қилган. Унинг бу қилмиши юзасидан жиноят иши очилиб, 2022 йилнинг 15 август куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмида кўринишича, Панжиқул Рўзиқулов “Golden Lake Fish” МЧЖ таъсисчиси Азамат Холиқов, норасмий мутахассиси Қаҳрамон Тиллоев ва норасмий ҳисобчиси Искандар Асадов билан жиноий тил бириктириб, МЧЖда гўёки 40 дона кичик ҳажмли кема борлиги ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаган (кемани бошқариш билетларини қалбакилаштирган).

Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги қарори билан тасдиқланган “Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисида”ги Низомда танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлашда бир қатор баҳолаш натижалари, жумладан, талабгорнинг балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун мавжуд моддий-техника воситалари (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совитиш ускуналари ва ҳоказо) бўлиши белгиланган.

Шу тариқа қалбаки ҳужжатларни тендерга тақдим этган “Golden Lake Fish” МЧЖ 225 балл билан ғолиб бўлишга эришган.

Панжиқул Рўзиқулов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган. Аммо жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жавобгарликдан озод қилинган.

Шунингдек, олинган маълумотга кўра, мазкур иш доирасида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси мансабдор (Тўдакўлни ижарага бериш юзасидан ўтказилган танлов комиссия таркибида бўлган) шахсларига ҳам Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эътиборлиси, айнан терговда жавобгарлик масаласи кўрилаётган мансабдор имзоси билан 2018 йил 3 апрел куни “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига ўзаро тузилган шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш хати жўнатилган.

Биров экканини бошқа ўриб кетаверадими?

Шунақа бўляпти: “Aqua-Tudakul” катта харажат эвазига кўлда балиқ етиштирган, “Golden Lake Fish” МЧЖ қалбаки ҳужжатлар эвазига ижара ҳуқуқи ўзига ўтгач, биров етиштирган балиқларни сотиб, даромад кўриб кетмоқда. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси кўлда балиқчиликни ривожлантириш ўрнига ўз ўйинлари билан борини ҳам йўқ қилди, Олий суд эса қарор топай деган адолатнинг белини букяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида қилинадиган 5 та асосий вазифани белгилаб берган эди. Улардан иккинчиси – суд. Шунга қарамай, қуйида эмас, Олий судда шунақа қарорлар чиқаётгани бу ислоҳотлар ҳали Олий судда бошланмаганини кўрсатиб қўймаяптими?   

Kun.uz воқеалар ривожини кузатади ва мавзуга яна қайтади.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид