Жаҳон | 21:55 / 26.09.2022
36174
3 дақиқада ўқилади

Путин Сноуденга Россия фуқаролигини берди

Россия президенти Владимир Путин Америка махсус хизматларининг кузатув дастури ҳақидаги маълумотларни очиқлаганидан кейин 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида Россияда яшаб келаётган америкалик Эдвард Сноуденни фуқаролликка қабул қилиш тўғрисидаги фармонини имзолади.

Фото: EPA-EFE/MIGUEL A. LOPES

Путиннинг 26 сентябр куни эълон қилинган фармонида у томонидан Россия фуқаролиги берилган 72 кишининг фамилияси кўрсатилган, улар орасида Сноуден ҳам бор. Кремль унга фуқаролик тақдим этилгани бўйича алоҳида шарҳ бермаган.

Миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуден 2020 йил ноябридаёқ Россия фуқаролиги учун ариза берганди. Ўшанда у рафиқаси Линдси Миллс билан фарзанд кутаётганди. Сноуден рафиқаси билан барибир «америкалик бўлиб қолиши»ни ва ўғлини ҳам ўзлари ёқтирган Американинг барча қадриятлари асосида (хусусан, фикрини эркин ифода этиш эркинлиги каби) тарбиялашини қайд этганди. 

Эдвард Сноуден 2013 йил июнидан буён Россияда яшаб келади. 2014 йил августида у уч йил муддатга яшаш учун гувоҳнома олганди, 2017 йилда унинг муддати узайтирилган. 2021 йил октябр ойи охирида Сноуден учун Россияда яшаш гувоҳномаси муддатсиз қилиб узайтириб берилган. Унинг яшаш манзили хавфсизлик мақсадларида сир тутилади. 

Сноуден 2013 йилда Washington Post ва Guardian газеталари журналистларига Миллий хавфсизлик агентлигининг электрон кузатув услублари ҳақида маълумот бериб, америкалик фуқароларни кузатиб бориш дастурига оид ҳужжатларни топширганди. Кейин у Ҳонгконгга учиб кетган, у ердан Москвага йўл олган. Москвадаги Шереметьево аэропортида у бир ойдан ошиқ вақт давомида транзит ҳудудида яшаган.

АҚШда унга жосуслик ва давлат мулкини ўғирлаш бўйича сиртдан айблов эълон қилинган. Унга махфий маълумотларни ошкор қилганлик учун 30 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солади.

CBS каналига берган интервьюсида Сноуден ватанига қайтишни хоҳлаши, аммо бу фақатгина судда ўз ҳимоясини жамоат манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилгани асосида қуришга рухсат берилсагина рўй бериши мумкинлигини айтган.

Сноуденга фуқаролик бериш тўғрисидаги қарор Россиянинг Украинага қуролли босқини ва бу Ғарбнинг барча давлатлари томонидан қораланиши ҳамда Москва халқаро майдонда яккаланиб қолиши фонида қабул қилинди.

21 сентябр куни Путин Россия фуқароларини қисман сафарбар этиш тўғрисидаги фармонини имзолади.

Унинг адвокати Анатолий Кучерен «Интерфакс» сўровига жавобан, Сноуден сафарбарлик доирасида армияга жалб этилмаслигини маълум қилди. «Эдвард Россия армиясида хизмат қилмагани, ҳарбий хизматда амалиёт ва тажрибага эга эмаслиги туфайли сафарбарлик доирасида чақирилмайди», деган у.

Россия фуқаролигини қабул қилиш жараёни нега бу қадар чўзилиб кетгани ҳақидаги саволга жавобан адвокат шундай деган: «У Россия Федерациясининг фуқаролик тўғрисидаги қонунчилигининг барча шартларини бажариб, умумий асосда фуқаролик қабул қилди».

Мавзуга оид